Ижтимоий тармоқда бир аёлнинг вилоятликларни жирканчли маҳлуқот дея сўккани акс этган видео тарқалди. Унинг шахси аниқланиб жаримага тортилди.
«Жирканчли махлуқот қишлоқилар шаҳарга келиб ақлллилик қилади. Шундай ёмон кўраман. Улар қишлоқи бўлиб туғилганига йиғлаши керак», деб гапиради аёл.
Тошкент шаҳар суди Матбуот хизматининг UzNews.uz'га хабар қилишича, мазкур аёлнинг шахси аниқланган ва у жазога тортилган.
Бугун, 15 июль куни Тошкент шаҳар ЖИБ Миробод туман судида мазкур ҳолат кўриб чиқилган.
Аниқланишича, 1998 йилда Тошкентда туғилган ушбу аёл 2023 йилнинг октябрь ойида Instagram'да жонли эфир вақтида мазкур гапларни гапирган. Суд мажлисида аёл айбига иқрор бўлиб, жонли эфир вақтида бир фуқаро уни ҳақорат қилиб, изоҳ ёзгани сабаб уни сўккан. Бу гаплар фақат айнан ўша фуқарога тегишли экани, қолган вилоятликларга айтилмаганини маълум қилган.
Суд аёл иккинчи гуруҳ ногирони эканлигини инобатга олиб жазо тайинлаган. Суд қарори билан ҳуқуқбузар аёл МЖтКнинг 41-моддаси (ҳақорат қилиш) билан айбли деб топилиб, унга БҲМнинг 20 баравари (6,8 млн сўм) миқдорида жарима жазоси тайинланган.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.