Икки мамлакат вазирлари икки давлат ҳудуди орқали халқаро ташишлар иштирокчилари учун виза тартиб-таомилларини соддалаштириш масалаларини ҳал этиш имкониятларини кўриб чиқди.
Тадбирга Ўзбекистон бош вазирининг ўринбосари Жамшид Хўжаев ва Туркманистон Вазирлар Маҳкамаси раисининг ўринбосари Ботир Атдаев ҳамраислик қилди. Унда икки мамлакат вазирликлари, идоралари, тармоқ бирлашмалари, маҳаллий ҳокимият органлари раҳбарлари ҳам иштирок этди.
Савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтиришда яхши натижаларга эришилганлиги қайд этилди. Охирги 5 йил ичида товар айирбошлаш ҳажми икки баравар кўпайиб, ўтган йил охирига келиб 1 миллиард доллардан ошди. Шу билан бирга, бор имкониятлардан тўлиқ фойдаланиш, жумладан, Ўзбекистон-Туркманистон чегарасидаги савдо зоналарини ишга тушириш мақсадга мувофиқлиги қайд этилди.
Томонлар кимё, автомобилсозлик, электротехника саноатида саноат кооперациясини ривожлантиришнинг долзарб масалаларини, шунингдек, ҳудудлараро форуми, Ўзбекистон-Туркманистон ишбилармонлар кенгаши йиғилишлари ҳамда мамлакатлар ишбилармон доиралари ўртасидаги алоқаларни ривожлантириш учун самарали платформа ҳисобланган савдо-саноат кўргазмалари каби ҳамкорлик форматларини ривожлантириш чораларини кўриб чиқдилар.
Икки мамлакат ўртасидаги транспорт алоқаларини кенгайтиришни назарда тутган ҳолда, транспорт-логистика соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари алоҳида муҳокама қилинди. Туркманистон томонини амалдаги ва режалаштирилаётган мультимодал транспорт йўлакларига қўшиш ҳамда икки давлат ҳудуди орқали халқаро ташишлар иштирокчилари учун виза тартиб-таомилларини соддалаштириш масалаларини ҳал этиш имкониятлари кўриб чиқилди.
Учрашув якунлари бўйича томонлар Қўшма комиссиянинг 18-йиғилишининг якуний баённомасини ҳамда талабга эга бўлган товарлар ва хизматларни ўзаро етказиб бериш учун янги имкониятлар очувчи келишувларни имзоладилар.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.