Улар ўзбекистонликлар билан бирга бир хонадонни ижарага олиб, онлайн қиморхона ташкил қилишган. Улар 3 ойда $900 минг айлантиришган.
Пойтахт ИИБ томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар билан ҳамкорликда Яккасарой туманида тезкор тадбир ўтказилганда хориж фуқаролари ижарага олган уйлардан бирида онлайн қимор ўйинлари ўтказилаётгани аниқланди.
Хонадон кўздан кечирилиб, 37 дона ноутбук ҳамда Wi-Fi роутерлари, 1,4 минг доллар нақд пул, 14 дона сим-карта, 7 дона телефон ва 12 дона банк пластик карталари далилий ашё сифатида олинди. 30 киши, 12 нафар чет эл фуқароси ва 18 нафар Ўзбекистон фуқароси қўлга олинди.
Тергов давомида аниқланишича, уч ой давомида қиморхонада 900 минг доллар айлантирилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 278-моддаси (қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни ташкил этиш ҳамда ўтказиш) 1-қисмида назарда тутилган жиноят асосида жиноят иши қўзғатилган.
Жиноят кодексида мазкур модда билан айбланганлар 7 йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилиниши белгилаб қўйилган.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.