Давлат раҳбари ногиронлиги бўлган шахслар шуғулланиши мумкин бўлган спорт турларини янада кенгайтиришга эътибор қаратишни таъкидлади.
Тадбирда Миллий Паралимпия қўмитаси ва спорт федерациялари раҳбарлари, мураббийлар, спортчиларнинг ота-оналари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этди.
Ушбу Паралимпия мусобақасида ўзбекистонлик спортчилар 10 та олтин, 9 та кумуш, 7 та бронза – жами 26 та медални қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида дунёда 13-ўринни, Осиё қитъасида 3-ўринни, туркий ва ислом мамлакатлари ҳамда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги бўйича 1-ўринни эгаллади.
Президент спорт жамоатчилигини ушбу натижалар билан халқимиз номидан табриклаб, нутқ сўзлади.
Давлат раҳбари музаффар спортчиларни номма-ном тилга олиб, матонатли ғалабаларини эътироф этди. Бу гал бироз омад етишмай, медаль ололмаганларни ҳам қўллаб-қувватлаб, келгуси мусобақаларда зафар ёр бўлишини тилади.
Шу муносабат билан маросимда қаҳрамон спортчиларнинг қаҳрамон ота-оналари, оила аъзолари ҳам олқишланди.
Давлат раҳбари тажрибали мураббийлар, психолог ва бошқа мутахассисларга ҳам ташаккур изҳор этди.
Президент келгусида ногиронлиги бўлган шахслар шуғулланиши мумкин бўлган спорт турларини янада кенгайтириш, уларнинг жамиятга ижтимоий мослашувини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилишини таъкидлади.
Аввало, янада кўпроқ спорт турлари бўйича қатнашиш, тайёргарлик ва натижадорлик юқори бўлиши учун аниқ стратегия асосида иш олиб бориш зарурлиги таъкидланди. Хусусан, тиббий кўриклар, фармокология ва диетология ривожлантирилади. Паралимпиячилар билан ишлайдиган психологлар фаолиятини рағбатлантириш йўлга қўйилади.
Ўзбекистон президентининг 12 сентябрдаги фармонига мувофиқ, Париж шаҳрида бўлиб ўтган ХVII ёзги Паралимпия ўйинларида юксак натижаларга эришган спортчи ва мураббийлардан бир гуруҳи фахрий унвон, орден ва медаллар билан тақдирланган эди.
«Сизлар тақдирнинг ҳар қандай синовларига қарамасдан, фақат ғалабага интиладиган инсонларсиз. Интилган, ҳаракат қилган одам ҳам, жамият ҳам кам бўлмайди. Мана шундай фазилатларингиз янада зиёда бўлсин, сизларга доимо бахт ва омад келтирсин», – деди Президент.
Спортчи ва мураббийлар, ота-оналар сўзга чиқиб, юксак ҳурмат ва эътибор учун давлат раҳбарига раҳматлар айтди.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.