Автомобиль фирибгарлигида айбланган Ўзбекистон фуқароси Туркиядан депортация қилинди
Қўлга олинган шахс қарийб ўн йилдан бери қидирувда бўлган.
Туркия ва Ўзбекистон Ички ишлар вазирликлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир давомида Истанбул шаҳрида қўлга олинган, 2015 йилдан буён автомобиль олди-сотди соҳасида кўплаб фирибгарлик жиноятларини содир этганликда айбланиб қидирувда бўлган, 1969 йилда туғилган “И.У.Б.” 2025 йил 11 январь куни Бош консулхона ходимлари иштирокида Ўзбекистон Республикасига депортация қилинди. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонаси
хабар қилди.
Ушбу шахснинг хатти-ҳаракатларидан жабр кўрган фуқаролардан Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ёхуд унинг қуйи тизимларига мурожаат қилиш сўралади.
Жиноий жавобгарликдан қочиб хорижий давлатларда, шу жумладан Туркияда яшириниб юрган ҳар бир шахсга нисбатан жиноий таъқиб изчил равишда давом эттирилади ва жиноят учун жавобгарлик принсипи қатъий таъминланади.