Бизнес авиация соҳасида 200 дан ортиқ иш ўринлари яратилиб, аэротакси хизмати ва VIP такси жорий этилади.
Маълум қилинишича, Транспорт вазири Илҳом Махкамов ҳамда JETEX компанияси таъсисчиси Адел Мардини билан учрашув ўтказилган.
Хусусан, JETEX компанияси “Тошкент-Шарқий” аэропортида FBO шаклида давлат хусусий шерикчилиги асосида VIP ва CIP мижозларга хизмат кўрсатишни ташкил этиш бўйича инвестицион лойиҳани амалга оширади.
Ушбу лойиҳа доирасида кичик авиация соҳасида таъмирлаш, сотиш ва сақлаш хизматлари йўлга қўйилади. Аэротакси хизмати ва VIP такси жорий этилади. Бу эса ўз навбатида туризм соҳасининг ривожланишига ижобий таъсир кўрсатади ҳамда VIP мижозлар учун қулайлик яратади.
Йўловчиларга юқори даражадаги хизмат кўрсатишни таъминлайдиган мазкур лойиҳанинг муваффақиятли амалга оширилиши пойтахтимиз нуфузи ва жозибадорлигини янада оширишга хизмат қилади.
Қолаверса, мамлакатда бизнес авиация соҳасида 200 дан кўпроқ юқори малакали иш ўринлари яратилишига эришилади.
Эслатиб ўтамиз, JETEX компанияси 5 қитъада 30 та бизнес бирлашмасига эга глобал тармоқни ташкил этган.
Маълумот ўрнида, FBO (Fixed Base Operator)– аэропортларда ҳаво кемалари ва йўловчиларга комплекс сервис хизматлари кўрсатувчи, хусусан, ҳаво кемаларига ёқилғи қуйиш, тўхташ жойи, ангарда сақлаш, техник ва таъмирлаш хизматларини кўрсатиш, ҳаво кемаларини ижарага бериш, чартерларни сотиш, такси ва яна бошқа кўплаб хизмат турларини кўрсатувчи ташкилотдир.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.