Қурилиш вазирлиги 2020 йилда объект қурилиши тўхтатилиши керак бўлгани, бироқ ишлар давом этаётганини маълум қилди. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган.
2020 йил май ойида Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекцияси томонидан мазкур объектда қурилиш ишлари Тошкент шаҳар Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш ҳудудий инспекциясини хабардор қилмасдан ва белгиланган тартибда расмийлаштирмасдан бошлангани аниқланган.
2020 йил 27 май куни инспекция томонидан қурилиш ишларини тўхтатиш тўғрисида ёзма кўрсатма берилган. Масъуллар маъмурий жавобгарликка тортилиб, қурилиш-монтаж ишлари тўхтатилган.
Бироқ 2024 йил 26 апрель куни ўтказилган қайта ўрганиш давомида ишлар давом этаётгани аниқланган. Қурилишга масъул шахслар чақирилган, бироқ объектга келмаган ва сўралган ҳужжатларни тақдим этмаган. Ҳолатга ҳуқуқий баҳо бериш мақсадида тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга даъво аризалари юборилган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан жиноят иши қўзғатилган. Бундан ташқари, объектда барча турдаги қурилиш-монтаж ишлари тўхтатилган.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.