«Минтақа мамлакатлари ўртасида ишонч ва яхши қўшничилик мустаҳкамланмоқда, кенг кўламли ҳамкорлик ва кооперация алоқалари кенгаймоқда. Бундан етти-саккиз йил аввал бунинг учун ҳатто шароит ҳам йўқ эди. Баъзи мамлакатлар ўртасидаги чегаралар ёпиқ эди. На савдо, на транзит, на бизнес, ҳеч қандай гуманитар алмашувлар йўқ эди. Муносабатлар шунчаки музлатиб қўйилганди. Ўшанда ҳеч ким яқин келажакда биз Европа етакчилари билан музокараларда минтақамизни биргаликда намоён этишимизни тасаввур ҳам қила олмас эди», — деди Ўзбекистон президенти.
Айнан Марказий Осиёнинг очиқлиги ва барча шериклар билан ўзаро манфаатли ҳамкорликка тайёрлиги минтақа хавфсизлиги ва фаровонлигини таъминлаш шартига айлангани таъкидланди.
«Шу йил сентябрь ойида биз Тошкентда минтақадаги давлат раҳбарларининг еттинчи Маслаҳат учрашувини ўтказамиз ва унинг доирасида умумий кун тартибидаги барча долзарб вазифаларни очиқ ва конструктив ҳал қиламиз», — деди Ўзбекистон президенти.
У, шунингдек, ўтган куни содир бўлган тарихий воқеа — Қирғизистон ва Тожикистон ўртасидаги давлат чегарасини делимитация қилиш бўйича тўлиқ келишув ва битим имзоланганини эслади.
«Биз биргаликда минтақада йирик инвестиция ва инфратузилма лойиҳаларини амалга ошираётганимизни таъкидлаш жоиз. Бундай лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш учун қўшма инвестиция жамғармалари ва компаниялари фаолият кўрсатмоқда. Минтақада ички савдо ҳажми ошиб бормоқда. Уларни рағбатлантириш учун чегараолди савдо зоналари яратилмоқда. Буларнинг барчаси мамлакатларимиз ва бутун минтақамизнинг барқарор иқтисодий тараққиётига имкон яратаётганини таъкидлашни истар эдим», — деди Шавкат Мирзиёев.
ЕТТБ экспорти жорий йилда минтақавий ялпи ички маҳсулотнинг ўсишини 6 фоизгача прогноз қилмоқда, президент таъкидлаганидек, бу бошқа ҳудудлардаги ўртача кўрсаткичдан анча юқори.
Шавкат Мирзиёев, шунингдек, умумминтақавий ўзига хосликни шакллантириш, маданий-гуманитар ва таълим алмашинувини қўллаб-қувватлаш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатларни қайд этди.
«Биз мамлакатларимизда етакчи миллий ўқув муассасаларининг филиалларини очяпмиз. Хорижий сайёҳлар учун ягона Марказий Осиё визаси лойиҳасини илгари суряпмиз», — деди у.
Президентимиз кейинги йилларда минтақанинг Евроиттифоқ билан ҳамкорлигида сезиларли фаоллашув кузатилаётганига ҳам эътибор қаратди. Етти йил ичида Марказий Осиё давлатларининг Европа Иттифоқи билан товар айирбошлаш ҳажми бир неча баробарга ошиб, 54 миллиард еврони ташкил этди. Ҳамкорлик платформалари ишга туширилди, вазирлар йиғилишлари, форум ва конференциялар мунтазам ўтказилмоқда.
«Шу билан бирга, ушбу учрашув кўпқиррали муносабатларимиз ривожида янги босқичнинг ўзига хос бошланиш нуқтаси бўлиши лозим, деб ҳисоблайман», — деди давлат раҳбари.
Ўзбекистон президенти Европа Иттифоқи билан ҳамкорликда ишлашнинг устувор йўналишлари бўйича ўз қарашларини тақдим этди.
«Қабул қилинадиган ҳужжатнинг қоидаларини амалга оширишга қаратилган комплекс чора-тадбирларни биргаликда ишлаб чиқиш ва қабул қилиш зарур, деб ҳисоблаймиз. Ишончим комилки, бизнинг стратегик шериклигимиз аниқ қарорлар, лойиҳа ва дастурлар билан бойитилиши керак. Шу муносабат билан, бизнинг икки минтақамиз ўртасида шериклик ва ҳамкорлик бўйича тўлақонли битимни имзолаш масаласини кўриб чиқишни таклиф этамиз», — деди Шавкат Мирзиёев.
Ўзбекистон президенти, шунингдек, халқаро ва минтақавий кун тартибини солиштириш мақсадида Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи ташқи сиёсат идоралари раҳбарларининг мунтазам учрашувларини ўтказиш ташаббусини илгари сурди.
Шунингдек, у парламентлараро алоқаларни фаоллаштириш ҳамда жорий йилнинг кузида Ўзбекистонда биринчи тадбирни ташкил этган ҳолда Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи парламентлараро ҳамкорлик форумини таъсис этишни таклиф қилди.
«Саммитимизни ҳар икки йилда бир марта ўтказиш бўйича таклифни тўлиқ қўллаб-қувватлаймиз. Келишувларимизни ўз вақтида амалга оширишни таъминлаш бўйича тизимли ишлаш мақсадида навбатдаги йиғилишимизга қадар саммит котибияти функциясини ўз зиммамизга олишга тайёрмиз», — деди Шавкат Мирзиёев.
Ўзбекистон президенти форум давомида икки минтақанинг инвеститсиявий имкониятлари бўйича алоҳида сессия ўтказишни таклиф қилди. Шунингдек, у форумда Европа компаниялари учун Ўзбекистонда минтақавий саноат парки концепциясини муҳокама қилишни таклиф этди.
«Европалик шерикларимиз яна бир ташаббусимизни — „яшил“ энергетика, инновациялар, транспорт, инфратузилма соҳаларида ва аграр секторда йирик минтақавий лойиҳаларни илгари суриш учун Инвестиция платформасини ишга тушириш бўйича таклифимизни қўллаб-қувватлашига умид қиламиз», — деди Шавкат Мирзиёев.
Бундан ташқари, Ўзбекистон президенти Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи иқтисодий манфаатларини яқинлаштириш бўйича қатор таклифлар билан чиқди:
«Шунингдек, экспорт қилувчиларимиз салоҳиятини ошириш, лабораториялар, стандартлаштириш ва сертификатлаштириш марказларини яратиш учун Европа Иттифоқининг техник кўмагини кенгайтириш муҳимдир», — дея қўшимча қилди президент.
«Биз бу йўналишда Европа Иттифоқи билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни чуқурлаштириш тарафдоримиз», — деди Шавкат Мирзиёев.
«Ушбу маҳсулотларни, шунингдек, тайёр саноат ва қишлоқ хўжалиги товарларини Европа бозорларига етказиб бериш учун самарали транспорт йўлакларининг йўқлиги бунда асосий тўсиқ ҳисобланади», — деди у.
«Транскаспий транспорт коридорини кенгайтириш ва юк билан таъминлаш учун ўзаро мувофиқлаштирилган чора-тадбирларни ва бизнес учун манфаатли шароитларни ишлаб чиқиш зарур. Ишонаман, ушбу вазифалар „Глобал дарвоза“ умумевропа дастурининг мақсадларига тўлиқ мос келади».
«Шу муносабат билан, келишилган ёндашувларни ишлаб чиқиш учун Европа Иттифоқи шафелигида ушбу йўналишда жойлашган мамлакатларнинг транспорт вазирлари учрашувини чақиришни таклиф этамиз», — деди Ўзбекистон раҳбари.
Унинг таъкидлашича, Ўзбекистон 2030 йилга бориб мамлакат энергия балансида қайта тикланадиган энергия улушини 54 фоизга ошириш, 24 минг МВт «яшил» қувватларни ишга туширишни режалаштирмоқда.
«„Тоза“ энергия бўйича „Марказий Осиё — Европа Иттифоқи“ шериклигининг йўлга қўйилиши билан ўзаро ҳамкорлигимизнинг муҳим платформаси яратилиши мумкин. Шунингдек, „углерод кредитлари“ лойиҳаларини ишлаб чиқишни молиялаштириш ва уларнинг бозорини ривожлантириш учун турдош вазирликлар раҳбарлари даражасида ишчи гуруҳни таъсис этишни таклиф этамиз. Бўлиб ўтиши кутилаётган Иқлим форуми чоғида минтақанинг „Яшил“ тараққиёт концепциясини тақдим этамиз», — деди у.
«Марказий Осиё мамлакатлари билан илмий-таълим ҳамкорлигини кенгайтириш учун Ўзбекистонда „Уфқ — Европа“ дастури офисини очишга тайёрмиз. Бундан ташқари, сунъий интеллект, маълумотлар „катта базалари“, рақамлаштириш, космик тадқиқотлар соҳасида илмий ва технологик алмашувлар бўйича қўшма дастурни ишлаб чиқишни таклиф этамиз», — деди Шавкат Мирзиёев.
Бундан ташқари, Ўзбекистон раҳбари сунъий интеллект, катта маълумотлар, рақамлаштириш ва космик тадқиқотлар соҳасида илмий-технологик алмашинув бўйича қўшма дастур ишлаб чиқишни таклиф қилди.
Ўзбекистон, шунингдек, минтақа мамлакатларини Европанинг рақамли таълим соҳасидаги ҳаракатлар дастурига қўшиш ташаббусларини илгари сурмоқда.
Давлат раҳбари жорий йилда Бухоро шаҳрида Марказий Осиё ва Европа Иттифоқининг биринчи туризм форуми ўтказилишини ҳам маълум қилди.
«Европа Иттифоқи мамлакатлари тажрибасини жорий этиш асосида „Бир тур — бутун минтақа“ концепциясини амалга ошириш, шунингдек, минтақамиз сайёҳлари учун виза режимини соддалаштириш масаласини кўриб чиқишда европалик шерикларимизнинг кўмагига таянамиз», — деди Ўзбекистон президенти.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон президенти ўз нутқида Украинада тинчлик ўрнатиш бўйича ташаббусларни қўллаб-қувватлашини ҳам билдирганди.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.