Ҳужжат савдо, транспорт, энергетика, рақамли алоқа ва сув ресурсларини бошқариш каби соҳаларда стратегик ҳамкорликни йўлга қўйишга қаратилган.
Декларацияга кўра, томонлар ўртасидаги муносабатлар стратегик шериклик даражасига кўтарилди. Раҳбарлар халқаро ҳуқуқ ва БМТ Низомини, жумладан, барча давлатларнинг ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилган ҳолда тинчлик, хавфсизлик ва демократия йўлида ҳамкорлик қилишга ваъда берди.
Етакчилар Афғонистон барча фуқароларнинг, шу жумладан, аёллар, этник ва диний озчиликларнинг инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларини ҳурмат қиладиган инклюзив ҳукумат ва бошқарув тизимига эга хавфсиз, барқарор ва гуллаб-яшнаган давлатга айланишини таъминлаш тарафдори эканини тасдиқлади.
Томонлар Афғонистондаги гуманитар вазиятдан хавотир билдириб, унинг халқини қўллаб-қувватлашни давом эттириш зарурлигини тан олди. Раҳбарлар, шунингдек, аёллар ва қизларнинг таълим ва ижтимоий ҳаётга тўлиқ киришини таъминлашга чақирди.
Марказий Осиё давлатлари ва Европа Иттифоқи, шунингдек, санкцияларни четлаб ўтишнинг олдини олиш учун ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олди.
Европа Иттифоқи Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг мунтазам маслаҳат учрашувлари орқали минтақавий ҳамкорлик фаоллашганини олқишлади ва минтақавий интеграцияга қаратилган келгусидаги ҳаракатларни қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирди.
Раҳбарлар 2024 йил 25 июнь куни Европа Иттифоқи ва Қирғизистон ўртасида Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим имзоланганини олқишлади ҳамда ЕИ ва Ўзбекистон, шунингдек, ЕИ ва Тожикистон ўртасида шу каби келишувларнинг тезроқ имзоланишига умид билдирди. Европа Иттифоқи ва Қозоғистоннинг виза тартибини соддалаштириш ва реадмиссия келишувлари бўйича музокараларни бошлаш мақсади эътироф этилди.
Томонлар иқтисодий тадбирларни, жумладан, Марказий Осиё — Европа Иттифоқи иқтисодий форумини мунтазам ўтказишга келишиб олди.
Икки минтақанинг муҳим хомашё соҳасидаги ҳамкорлиги стратегик аҳамиятга эга. Раҳбарлар мақсад декларацияси бу борадаги ҳамкорликни чуқурлаштириш, яшил ва рақамли иқтисодиётга ўтишни осонлаштириши ҳақида келишиб олди.
Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё давлатлари барқарор транспорт алоқаларини мустаҳкамлаш тарафдори эканини яна бир бор тасдиқлади. Улар Транскаспий транспорт йўлаги бўйича Мувофиқлаштирувчи платформа ва у бўйлаб муҳим инфратузилма лойиҳаларини қўллаб-қувватлашга келишиб олди.
Етакчилар иқлим ўзгариши, биохилма-хилликнинг йўқолиши ва атроф-муҳит ифлосланишига қарши курашни кучайтиришга келишиб олди. Европа Иттифоқи Марказий Осиёдаги барча ҳамкорларнинг Глобал метан ташаббусига (Global Methane Pledge) қўшилиш қарорини олқишлади.
Томонлар, шунингдек, сув ресурсларини муҳофаза қилиш ва ундан самарали фойдаланиш мақсадида сув-энергетикадаги ҳамкорлик соҳасида инновацияларни жорий этишни давом эттиришга келишди. Оролбўйи ва бутун Орол денгизи ҳавзасидаги вазиятни яхшилаш мақсадида ҳамкорлик мустаҳкамланади.
Марказий Осиё ва ЕИ етакчилари қонун устуворлигини таъминлаш ва ҳимоя қилиш, инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликлари умумий ва асосий қадрият эканини яна бир бор тасдиқлади.
Марказий Осиё ва ЕИ муносабатларида фикр билдириш ва уюшиш эркинлиги кафолатлари, фуқаролик жамияти ва мустақил оммавий ахборот воситалари учун қулай муҳит яратиш, ҳуқуқ ҳимоячилари ҳимояси, шунингдек, аёллар ҳуқуқлари, болалар ҳуқуқлари ва меҳнат ҳуқуқларини ҳурмат қилиш масалалари диққат марказида бўлиб қолади. ЕИ ушбу соҳаларда ёрдам беришга тайёрлигини яна бир бор тасдиқлади.
ЕИ ва Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари икки минтақанинг Фуқаролик жамияти форуми мулоқот ва фуқаролик жамияти иштироки орқали минтақавий ҳамкорликни кенгайтириш учун асосий платформа эканига келишиб олди.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.