Замонавий технологияларнинг ҳуқуқий тартибга солиниши

Замонавий технологияларнинг ҳуқуқий тартибга солиниши


Бугунги кунда илм-фан ва техника жадал ривожланиб, “рақамли технологиялар”, “рақамлаштириш”, “онлайн платформалар” ва “ахборот-коммуникация технологиялари” каби тушунчалар жамият ҳаётида мустаҳкам ўрин эгаллади. Ушбу тушунчалар давлатларнинг халқаро майдондаги нуфузини белгилайдиган муҳим омиллардан бирига айланди. Халқаро индекс ва рейтингларда давлатларнинг ўрни айнан рақамли платформаларнинг ривожланиш даражасига боғлиқ бўлиб, бу соҳа тизимли таҳлил, назарий-концептуал жиҳатларни ёритиш, мавжуд муаммоларни аниқлаш ва истиқболли йўналишларни белгилашни тақозо этмоқда. Замонавий технологиялар таълим, иқтисодиёт ва ижтимоий муносабатларда катта ўзгаришларга олиб келмоқда.

Бугун онлайн платформалар таълим, бизнес ва шахсий ривожланиш соҳаларида улкан имкониятлар яратмоқда. Жумладан:

Географик чекловларнинг йўқолиши. Онлайн платформалар жисмоний масофанинг аҳамиятини камайтиради. Бу дунёнинг исталган нуқтасидаги инсонларга MIT, Гарвард ёки Стэнфорд каби нуфузли университетларнинг онлайн курсларидан фойдаланиш имконини беради.

Инновацион усуллар. Сунъий интеллект, виртуал реаллик ва интерактив дарслар таълим жараёнини қизиқарли ва самарали қилади. Бу усуллар талабаларга маълумотни осон ва тез ўзлаштиришга ёрдам беради.

Кенг танлов. Coursera, Udemy, Khan Academy, Duolingo каби платформалар бизнес, IT, психология, дизайн ва бошқа кўплаб соҳаларда минглаб курслар таклиф қилади. Бу эса фойдаланувчиларга ўз ихтисослигига мос келадиган билимларни олиш имконини беради.

Бундан ташқари, онлайн платформалар ижтимоий муносабатлар ва маъмурий жараёнларни ҳам тубдан ўзгартирди. Масалан, Ўзбекистонда бундан 5-6 йил олдин олий ўқув юртига кириш учун қоғоздаги қўлланмалар, олис минтақалардан шаҳарларга сафарлар ва узоқ навбатлар талаб қилинарди. Бугун эса бу жараёнлар тўлиқ онлайн платформалар орқали амалга оширилмоқда. Худди шундай, мулоқот воситалари чопар, хат ва телефондан интернетга асосланган тезкор алоқа тизимларига ўтди. Сунъий интеллект технологиялари эса рефератлардан тортиб диссертацияларгача бўлган ишларни тайёрлашга қодир бўлиб, инсонлар ҳаётини янада осонлаштирмоқда.

Лекин ўша машхур иборани эслаб ўтмасликнинг иложий йўқ, “танганинг иккита томони бор”. Технологияларнинг ривожланиши билан бирга бир қатор муаммолар ҳам келиб чиқмоқда. Булар сирасига қуйидагиларни санаб ўтиш мумкин:

Шахсий маълумотлар хавфсизлиги. Фойдаланувчиларнинг шахсий маълумотлари ноқонуний тарқалиши ёки улардан нотўғри фойдаланилиши хавфи юқори. Бу масала фойдаланувчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг муҳим йўналишидир.

Ноқонуний контент. Онлайн платформалар орқали зарарли ёки ноқонуний контент тарқалишининг олдини олиш учун самарали назорат тизими зарур.

Бозордаги монополия. Йирик платформаларнинг бозордаги ҳукмронлиги рақобатга путур етказиши мумкин, бу эса адолатли иқтисодий муҳитга халақит беради.

Солиқ ва молиявий шаффофлик. Хорижий онлайн платформаларнинг фаолиятидан давлат бюджетига тушадиган даромадларни таъминлаш муҳим вазифа бўлиб қолмоқда.

Ўзбекистон шароитида мавжуд муаммоли ҳолатлар ва келажакдаги кутилмаларга қараб, эртароқ соҳага оид қонунчиликни такомиллаштириш, ёки зарур техник воситаларни жорий қилиб бориш долзарб ҳисобланади. Халқаро тажриба онлайн платформаларни тартибга солиш бўйича самарали ёндашувлар мавжудлигини кўрсатмоқда. Масалан:

Европа Иттифоқида GDPR (General Data Protection Regulation) қонуни шахсий маълумотларни ҳимоя қилишда муҳим қадам бўлди. Шунингдек, Digital Services Act (DSA) ва Digital Markets Act (DMA) рақамли хизматлар ва бозорларни тартибга солишга хизмат қилади.

АҚШда Антимонопол қонунчилиги кучайтирилиб, йирик IT-компаниялар устидан қатъий назорат ўрнатилмоқда. Бу тажрибалар Ўзбекистон учун фойдали бўлиб, миллий қонунчиликни такомиллаштиришда йўл-йўриқ бўла олади.

Ўзбекистонда рақамли иқтисодиёт ривожланиб бораётганлиги сабабли онлайн платформаларни ҳуқуқий тартибга солиш долзарб вазифага айланмоқда. Бу борада қуйидаги чора-тадбирлар таклиф қилинади:

Миллий қонунчиликни такомиллаштириш. Ижтимоий тармоқлар ва мессенжерлар билан боғлиқ муносабатларни тартибга солиш учун аниқ қонунлар ишлаб чиқилиши лозим.

Шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш. Фойдаланувчилар ҳуқуқларини таъминлаш ва маълумотлар хавфсизлигини кафолатлаш учун замонавий механизмлар яратилиши керак.

Солиқ тизимини мустаҳкамлаш. Хорижий платформалардан солиқ ундириш ва молиявий шаффофликни таъминлаш бўйича аниқ чоралар кўрилиши зарур.

Ноқонуний контентга қарши курашиш. Зарарли контентнинг тарқалишини назорат қилиш ва бу борада жавобгарлик механизмларини жорий этиш талаб қилинади.

Бундан ташқари, онлайн платформаларнинг таълимдаги самарадорлигини ошириш учун қуйидаги таклифлар амалга оширилиши мумкин:

Интернет инфратузилмасини ривожлантириш. Барча фуқаролар учун арзон ва сифатли интернетга эга бўлиш имконияти яратилиши керак.

Курслар сифатини ошириш. Онлайн курсларнинг мазмунини назорат қилиш ва иш берувчилар томонидан эътироф этиладиган сертификатлар тизимини жорий этиш.

Мотивация тизими. Интерактивлик ва ўйинлаштириш (gamification) усуллари орқали талабаларнинг қизиқишини ошириш.

Амалий йўналиш. Реал лойиҳалар ва жамоавий ишлаш имкониятларини кенгайтириш.

Онлайн платформалар таълим, бизнес ва ижтимоий муносабатларда улкан имкониятлар яратмоқда. Улар географик чекловларни йўқотиб, инновацион усуллар орқали билим ва хизматларнинг оммалашувига хизмат қилмоқда. Бироқ, шахсий маълумотлар хавфсизлиги, ноқонуний контент ва бозор монополияси каби муаммолар уларнинг самарасига соя солиши мумкин. Шу сабабли, Ўзбекистонда онлайн платформаларни ҳуқуқий тартибга солиш, халқаро тажрибани ўрганиш ва миллий қонунчиликни такомиллаштириш орқали давлат, бизнес ва жамият манфаатларини мувофиқлаштириш муҳимдир. Тизимли ёндашув ва инновацион ечимлар асосида онлайн платформаларнинг салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқариш мумкин.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.