Ўзбекистонда ушланган Тожикистоннинг собиқ ҳокими қамалди

Ўзбекистонда ушланган Тожикистоннинг собиқ ҳокими қамалди


Тожикистоннинг Сўғд вилоятига қарашли Конибодом шаҳрининг собиқ ҳокими Абдусалом Тўхтасунзода пора олиш ва фирибгарлик айбловлари билан 12 йилга озодликдан маҳрум этилди. Бу ҳақда “Асиа-Плюс” ахборот манбаси хабар берди.

Жорий йилнинг 30 апрель куни Конибодом шаҳар суди Тўхтасунзодани Тожикистон Жиноят кодексининг 319-моддаси (пора олиш) ва 247-моддаси (фирибгарлик) бўйича айбдор деб топган. Суд ёпиқ эшиклар ортида ўтган бўлиб, ҳукм ҳали қонуний кучга кирмаган. Шу сабабли суд тафсилотлари оммага ошкор этилмаган.

Маълумотларга кўра, 50 ёшли Тўхтасунзода 2020 йилда Президент фармони билан Конибодом ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланган ва кейинчалик шаҳар ҳокими лавозимига расман тасдиқланган. У 2024 йилнинг январь ойигача бу лавозимда фаолият юритган.

Тўхтасунзода жорий йилнинг апрель ойида Ўзбекистонда қўлга олиниб, Тожикистонга топширилган эди.

Собиқ ҳоким билан бирга Конибодомдаги яна бир неча юқори лавозимли амалдорлар ҳам ҳибсга олинган. Уларнинг айнан қандай айбловлар билан қўлга олингани ҳозирча номаълум.

Расмийлар бу борада изоҳ бермаган бўлса-да, улар 2023–2024 йилларда Конибодомда содир бўлган сирли ва шов-шувли қотилликларни тергов қилаётган махсус гуруҳ ташрифидан сўнг ҳибсга олингани айтилмоқда. Мазкур жиноятлар натижасида етти оила аъзоси бўлган 23 киши ҳаётдан кўз юмган. Тожикистон Бош прокуратураси 2024 йил 21 декабрь куни жиноятларни фош қилганини ва тўрт нафар гумонланувчи қўлга олинганини маълум қилган эди.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.