Ядро хавфсизлиги декларацияси, Афғонистон билан мулоқот гуруҳи, энергетика консорциуми. Шавкат Мирзиёев ШҲТ саммитида нималарни таклиф қилди?
Шавкат Мирзиёев Хитойнинг Тяньцзин шаҳрида бўлиб ўтаётган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти давлат раҳбарлари кенгаши мажлисида нутқ сўзлади, дея
хабар бермоқда президент матбуот хизмати.
Хитой Халқ республикаси раиси Си Цзиньпин раислигида ўтган тадбирда Беларусь президенти Александр Лукашенко, Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди, Эрон президенти Масъуд Пезешкиён, Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тоқаев, Қирғизистон президенти Садир Жапаров, Покистон бош вазири Шаҳбоз Шариф, Россия президенти Владимир Путин, Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон, шунингдек, ШҲТ бош котиби Нурлан Ермекбаев ва Минтақавий аксилтеррор тузилмаси Ижроия қўмитаси директори Уларбек Шаршеев қатнашди.
Давлат раҳбари ШҲТ маконида умумий тараққиёт ва равнақ ўзаро ҳурмат ва бир-бирини қўллаб-қувватлаш, ҳар бир аъзо давлат манфаатларини ҳисобга олиш тамойилларига асосланган пойдевор устида барпо этилаётганини қайд этди.
У Хитойнинг самарали раислиги туфайли ташкилотнинг нуфузи янада мустаҳкамлангани, мамлакатларнинг ўзаро манфаатли амалий ҳамкорлиги кенгайганини таъкидлади. Шунингдек, президент ушбу саммит янги тарихий даврни бошлаб беришига ва ўзаро муносабатларнинг узоқ истиқболга мўлжалланган стратегик йўналишларини белгилаб олишга хизмат қилишига ишонч билдирди.
ШҲТ давлатлари бирдамлиги — тинчликни сақлаш калити
«Ишончнинг тизимли инқирози, можароларнинг кенгайиб бораётгани, кўп томонлама институтларнинг заифлашиши ва жаҳон савдо тизимининг парчаланиши халқаро хавфсизлик ва барқарорлик архитектураси асосларига путур етказмоқда. Бундай шароитда ШҲТ давлатларининг бир-бирини ўзаро тушуниши ва бирдамлиги — бу фақат қимматли бойлик эмас, балки бизнинг бепоён минтақамизда тинчликни сақлашнинг калитидир», — деди Шавкат Мирзиёев.
Президент ШҲТ тенг ҳуқуқли мулоқот, ўзаро ҳурмат ва шериклик макони бўлиб қолаётгани муҳимлиги, айнан шу жиҳат манфаатлар мувозанатини таъминлаш ва замоннинг энг мураккаб хавф-хатарларига биргаликда жавоб топиш имконини бераётганини урғулади.
«ШҲТнинг овози бизнинг умумий сиёсий иродамиз ифодаси, тинч келажак ва барқарор тараққиёт йўлидаги қатъий саъй-ҳаракатларга чорловимиз сифатида янада ишончли ва баралла янграши керак, деб ҳисоблаймиз», — деди у.
Мирзиёев кўп томонлама ҳамкорликни янада чуқурлаштириш бўйича ўз қарашлари билан ўртоқлашди.
«Ташкилотнинг изчил кенгайиши тарафдоримиз»
Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, ташкилотнинг самарадорлигини ошириш, унинг институтлари ва қарорларни амалга ошириш механизмларини мустаҳкамлаш зарур. Ташкилотни трансформация қилиш бўйича Самарқанд саммитида бошланган жараёнлар ушбу муҳим вазифаларни ҳал этишга ёрдам беради.
«Биз ташкилотнинг изчил кенгайиши тарафдоримиз. Чунки «ШҲТ модели»нинг муваффақияти унинг очиқлиги ва кенг кўламли ҳамкорликка йўналтирилганидадир. Биз ўз келажагини ШҲТ билан боғлиқ ҳолда кўраётган давлатларнинг интилишларини қўллаб-қувватлашга тайёрмиз. ШҲТнинг мулоқот бўйича шериклари таркиби, жумладан, бошқа минтақа давлатлари ҳисобидан кенгайиб бораётгани ташкилотни Глобал Жануб мамлакатлари билан ҳамкорлик платформасига айлантиришга ёрдам беради», — дея таъкидлади мамлакат етакчиси.
Ядро хавфсизлиги бўйича декларация ва «ШҲТ — Афғонистон» мулоқот гуруҳи
Президент хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорлик — ШҲТнинг ҳал қилувчи устувор йўналишларидан бири эканини айтди.
«Ядро хавфсизлиги йўлида кўп томонлама шерикликни мустаҳкамлаш бўйича ШҲТ декларациясини қабул қилиш вақти келди, деб ҳисоблаймиз. Ушбу декларация тинчлик йўлидаги атомни ривожлантириш ва фавқулодда ҳолатларга жавоб қайтаришнинг мустаҳкам асосига айланади, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти шафелигидаги тарқатмаслик глобал режимига муносиб ҳисса бўлади», — деди у.
Терроризм ва экстремизмнинг табиати сезиларли равишда ўзгараётгани, кибержиноятчилик, синтетик наркотиклар ишлаб чиқариш ва айланмаси ўсиб бораётгани, уюшган жиноятчилик кучаяётгани туфайли у таҳдидларга қарши самарали курашиш мақсадида Ички ишлар ва жамоат хавфсизлиги вазирлари кенгаши ишини қайта тиклаш, Жиноятчиликка қарши курашишда ҳамкорлик тўғрисидаги битимни қайта кўриб чиқиш, Гиёҳвандликка қарам бўлиб қолишга қарши курашишнинг 2030 йилга қадар мўлжалланган дастурини ишлаб чиқишни таклиф этди.
«„ШҲТ — Афғонистон“ мулоқот гуруҳи фаолияти қайта тикланишини қўллаб-қувватлаймиз. Конструктив мулоқотларни ривожлантириш ва Афғонистондаги ижтимоий-иқтисодий лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш унинг асосий вазифаларидан бири бўлиши мумкин», — деди Мирзиёев.
Савдо, стратегик материаллар, энергетика
Ўзбекистон етакчиси жаҳон иқтисодиётида кузатилаётган ҳозирги тенденцияларни ҳисобга олиб, савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтиришга устувор аҳамият қаратишга чақирди.
«ШҲТ маконида минтақавий ички маҳсулот айирбошлаш ҳажмини оширишга туртки берадиган Савдони соддалаштириш тартиб-таомиллари тўғрисидаги битим имзоланишини муҳим вазифа, деб ҳисоблаймиз. Ишончли ишлаб чиқариш-логистика занжирларини ривожлантириш ва ўзаро сармояларни рағбатлантириш зарур эканини таъкидламоқчиман», — деди у.
У шу муносабат билан қуйидаги янги кўп томонлама платформалар ва кооперацияни қўллаб-қувватлаш воситаларини ташкил этишни таклиф қилди:
- ШҲТ доирасида минералларни қазиб олиш ва чуқур қайта ишлашда илғор технологияларни жорий этиш мақсадида Стратегик материаллар бўйича ШҲТ минтақавий маркази
- мамлакатларда мувофиқлаштирилган сиёсат олиб бориш ва «яшил» энергетикани жадал ривожлантириш учун ШҲТ Энергетика консорциуми
- стартап ва инновацион лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш ҳамда илгари суриш учун Венчур компаниялари ва жамғармалари тармоғи
- мамлакатлар минтақаларини жалб қилган ҳолда, бизнес бўйича мулоқотларни йўлга қўйиш ва инвестицияларни илгари суриш учун Махсус электрон портал
Президент минтақавий саноат ва инфратузилма лойиҳаларини молиявий қўллаб-қувватлашнинг самарали воситаларини тезроқ жорий этиш муҳимлигини айтди ва ушбу масалани ваколатли вазирлар даражасида яна бир бор кўриб чиқишни таклиф этди.
ШҲТ ягона транспорт макони
Шимол — Жануб ва Шарқ — Ғарб йўналишлари бўйича транспорт-транзит салоҳиятини тўлиқ ишга солиш мамлакатларнинг умумий манфаатларига жавоб беради.
Марказий Осиё орқали Форс кўрфази ва Ҳинд океани портларига чиқадиган жанубий йўналишдаги йўлакларни ривожлантириш алоҳида долзарб аҳамият касб этмоқда.
«Биз «ШҲТ ягона транспорт макони»ни шакллантириш ва уни «Бир макон — бир йўл» стратегик ташаббуси билан боғлаш бўйича саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш учун катта имкониятларни кўрмоқдамиз. Бу янги мультимодал тармоқлар, рақамли платформалар ва «яшил» йўлаклар яратишни назарда тутади. Бу борада тегишли кўп томонлама концепцияни ишлаб чиқишни таклиф этамиз», — деди Мирзиёев.
Яна бир устувор йўналиш — ШҲТнинг «яшил» трансформация соҳасидаги ҳамкорлигини кенгайтириш. Хитой томонининг ташаббуси билан «Яшил» саноат соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги баёнот ўз вақтида қабул қилинмоқда.
Мирзиёевнинг айтишича, иқлим ўзгаришига мослашиш, ҳавога заҳарли газларни чиқаришни камайтириш, экологик хавф-хатарларни башорат қилиш учун сунъий интеллект технологияларини жорий этиш масалалари бўйича минтақавий платформани ишга тушириш зарур.
Қолаверса, маданий алоқаларни янада чуқурлаштириш ва халқ дипломатияси институтини кучайтириш ШҲТ доирасидаги узоқ муддатли шерикликнинг муҳим омили ҳисобланади. Шунингдек,
халқ ижодиёти халқаро фестивалларини ўтказиш,
«ШҲТ университети» шериклик тармоғининг онлайн кампусини яратиш, инновацион йўналишлар бўйича ҳар йили талабалар ва ёш мутахассислар ўртасида танлов ва олимпиадалар ташкил этиш гуманитар алмашувларни ривожлантириш ва халқларни янада яқинлаштиришга кучли туртки бериши мумкин.
У, бундан ташқари, «Сайёҳлик йўлаги» ва ШҲТ тиббиёт туризми альянсини ишга тушириш каби истиқболли лойиҳаларни ишлаб чиқишни таклиф этди.
«Нутқимнинг якунида бугун қабул қилинаётган Тяньцзин декларацияси, ШҲТни 2035 йилга қадар ривожлантириш стратегияси ва бошқа якуний ҳужжатлар кўпқиррали ҳамкорлигимизни кенгайтириш ва замонавий таҳдидларга самарали ечимлар топишда муҳим асос бўлиб хизмат қилади, деб ишонч билдираман. Биз ШҲТ доирасида дўстлик, яхши қўшничилик ва ўзаро фойдали ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасидаги умумий вазифаларни ҳал қилиш учун ишларни биргаликда давом эттиришга тайёрмиз», — деди Ўзбекистон президенти.
Йиғилиш якунида Шанхай ҳамкорлик ташкилотига раислик Қирғизистонга топширилди.