Давлат раҳбари «ШҲТ плюс» форматининг аҳамияти ортиб бораётганини таъкидлаб, уни «ишончли мулоқот учун муҳим майдон» деб атади.
«Олдиндан башорат қилиб бўлмайдиган халқаро вазият ҳукм сураётган шароитда ШҲТ жаҳонда барқарор ва адолатли тартиботни таъминлашнинг мустаҳкам таянчларидан бири, деб ҳисобламиз», — деди у.
Президент бу галги саммит Иккинчи жаҳон уруши тугаганининг 80 йиллигида ўтаётгани рамзий маънога эга экани эслатиб ўтди: «Бу нафақат муҳим тарихий воқеа, балки ўзига хос огоҳлантириш ҳамдир. Тинчлик бир марта ва доимий эришиладиган неъмат эмас, уни доимо асраб-авайлаш ва мустаҳкамлаш зарур».
У Хитой раиси Си Цзиньпин илгари сурган Глобал бошқарув бўйича ташаббусини қўллаб-қувватлаган ҳолда низо ва можаролар тўлқинини тўхтатиш, ишончни қайта тиклаш, тинч-тотув ҳаётга интилиш, халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган тамойил ва меъёрларини ҳурмат қилиш ҳақида гапирди.
Президент Ғазо секторидаги вазиятни изоҳлар экан, ушбу минтақада вазият яна кескинлашаётгани ва аҳолининг аҳволи ёмонлашаётганидан чуқур ташвиш билдирди: «Фақат „икки халқ учун — икки давлат“ тамойили асосида Фаластин — Исроил масаласига адолатли ечим топиш орқали Яқин Шарқдаги можарони тўхтатиш мумкин, деб ҳисоблаймиз».
Хавфсизлик. Унинг сўзларига кўра, бугунги кунда жаҳон хавфсизликни таъминлашнинг таниш омиллари доирасидан чиқиб кетган таҳдид ва хатарларнинг мураккаб мажмуаси қаршисида турибди.
«Фақат хавфсизликнинг бўлинмаслиги тамойилига асосланган коллектив саъй-ҳаракатларгина халқларимиз барқарорлиги ва фаровонлигини таъминлаш имкониятини беришини таъкидлаб ўтмоқчиман», — деди у.
Давлат раҳбари ШҲТ Минтақавий аксилтеррор тузилмаси базасида Хавфсизликка таҳдид ва хавф-хатарларга қарши курашиш бўйича универсал марказ, шунингдек, Душанбеда Наркотикларга қарши курашиш маркази ташкил этилганини олқишлади, келгуси йили Тошкентда биринчи «Хавфсизлик масалалари бўйича ШҲТ плюс мулоқоти»ни ўтказишни таклиф қилди.
Афғонистон. Мирзиёев Афғонистондаги вазиятни ҳисобга олмасдан ва халқаро ҳамжамиятнинг афғон ҳукумати билан конструктив мулоқотини йўлга қўймасдан туриб, минтақада барқарорликни таъминлаш мумкин эмаслигини айтди.
Ушбу мақсадга эришиш кўп жиҳатдан Афғонистонда, умуман, бутун минтақада узоқ муддатли тинчлик ва барқарорликдан манфаатдор бўлган ШҲТ давлатларининг сиёсий иродасига боғлиқ.
«Афғонистон иқтисодиётини қайта тиклаш ва у билан минтақавий кооперацияни ривожлантиришга қаратилган дастур ва лойиҳаларни амалга ошириш мақсадида ШҲТдаги шерикларимиз билан кенг кўламли ҳамкорликка тайёрмиз», — деди у.
«Бизнес соҳасидаги мулоқотлар учун самарали майдонни ишга тушириш мақсадида, барча манфаатдор шерикларимизни жалб этган ҳолда, ҳар йили „ШҲТ Инвест“ инвестиция форумини ўтказишни таклиф этаман. Биринчи форумни келгуси йили Ўзбекистонда ўтказишга тайёрмиз».
Транспорт. Ўзбекистон минтақавий логистикани ривожлантиришга устувор аҳамият қаратади:
«Шу борада амалга оширилаётган Хитой — Қирғизистон — Ўзбекистон темир йўли қурилиши лойиҳаси алоҳида аҳамиятга эга. Келгусида ушбу йўналишнинг Трансафғон йўлаги билан боғланиши ШҲТ маконида ягона транспорт тармоғини шакллантириш имконини беради», — деди президент.
Инновациялар. Давлат раҳбари ШҲТ мамлакатлари сунъий интеллект, катта маълумотлар базалари, робототехника, биомуҳандислик, муқобил энергетика каби илғор йўналишларда катта сакрашни таъминлашга қодир бўлган улкан илмий-техник салоҳиятга эга эканини таъкидлади.
«Янги ғояларни генерация қилиш, илғор ташаббусларни ишлаб чиқиш ва технологиялар трансфери учун ШҲТ инновацион-технологик хаблар тармоғини яратишни амалий қадам сифатида таклиф этамиз», — деди у.
Маданият. Мирзиёев «ШҲТ оиласи» маданий ранг-баранглиги ва бой қадриятларини илгари суришга кўмаклашиш билан шуғулланадиган Буюк ипак йўли маданий мулоқотини таъсис этишни таклиф қилди.
Шу йилнинг кузида ЮНЕСКО Бош конференциясининг Самарқандда ўтадиган асосий тадбирлари мамлакатларнинг ноёб тарихий меросини намойиш этиш учун муҳим майдон бўлиши мумкин.
У барча шерикларни ушбу муҳим маданий воқеаларда фаол иштирок этишга таклиф этди.
Эслатиб ўтамиз, ШҲТ саммити доирасида ташкилотга аъзо давлатлар (Россия, Беларусь, Ҳиндистон, Эрон, Қозоғистон, Қирғизистон, Хитой, Покистон, Тожикистон ва Ўзбекистон) давлат раҳбарлари кенгаши йиғилишидан ташқари «ШҲТ плюс» форматида йиғилиш ҳам ўтказилмоқда. Унда Озарбайжон, Арманистон, Вьетнам, Миср, Индонезия, Камбоджа, Лаос, Малайзия, Малдив ороллари, Мўғулистон, Непал, Туркманистон, Туркия давлат ва ҳукумат раҳбарлари, шунингдек, БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш каби 10 та халқаро ташкилот раҳбарлари иштирок этмоқда.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.