Коррупцияга қарши курашиш агентлиги Gazeta’га берган изоҳида мазкур эътирозларни асосли деб ҳисоблашини билдирди.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларини ўз хизмат вазифаларини бажариши доирасида пора олишдан воз кечганлиги учун моддий рағбатлантиришни ҳуқуқий жиҳатдан номувофиқ деб баҳолашини маълум қилди.
Агентлик қайд этишича, мазкур масала бўйича жамоатчилик фаоллари томонидан билдирилган эътирозлар асосли деб топилган.
Шу муносабат билан агентлик томонидан ишлаб чиқилган Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳасида соҳадаги суиистеъмолчилик ва тарқоқликнинг олдини олишга қаратилган қўшимча чекловлар назарда тутилмоқда.
Жумладан, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар ҳақида хабар берган шахсларни рағбатлантириш тартибини белгиловчи амалдаги низомнинг 6-бандига ўзгартириш киритиш таклиф этилган. Унга кўра, рағбатлантириш чоралари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг бевосита хизмат вазифаларини бажариши билан боғлиқ ҳолатларга нисбатан татбиқ этилмайди.
«Қонунга бўйсуниш ва пора олмаслик — бу қаҳрамонлик эмас, балки ҳар бир давлат хизматчисининг тўғридан-тўғри мажбуриятидир», дейилади агентлик изоҳида.
Қайд этилишича, қонун устуворлигини таъминлаш ва коррупциявий ҳолатларга қарши чора кўриш мазкур ходимларнинг тўғридан-тўғри функционал мажбурияти ҳисобланади.
Шунингдек, бу жараён устидан назорат махсус электрон платформа орқали марказлашган тартибда амалга оширилиши, бу эса бюджет маблағларининг асоссиз сарфланишининг олдини олиши таъкидланди.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.