«Марказий Осиё иқтисодий уйғонишни бошдан кечирмоқда». Глобал турбулентлик шароитида инвесторлар минтақа келажаги ҳақида нима демоқда?

«Марказий Осиё иқтисодий уйғонишни бошдан кечирмоқда». Глобал турбулентлик шароитида инвесторлар минтақа келажаги ҳақида нима демоқда?

Глобал ноаниқлик кучайиб бораётган шароитда Марказий Осиё инвесторлар томонидан капитал жойлаштиришнинг янги йўналишларидан бири сифатида тобора кўпроқ кўриб чиқилмоқда. Айрим экспертлар минтақани глобал турбулентлик ўртасидаги «барқарор орол» деб атаётган бўлса, бошқалар унинг йирик бозорлар ўртасидаги оддий транзит йўлагидан аста-секин мустақил ўсиш ва ишлаб чиқариш марказига айланаётганини таъкидламоқда.

Бу қизиқиш қанчалик барқарор ва дунёдаги беқарорлик ҳақиқатан ҳам минтақа учун янги имкониятлар яратаяптими? Gazeta илтимосига биноан, бу саволга Тошкент халқаро инвестиция форуми иштирокчиси бўлган халқаро экспертлар жавоб берди.

Глобал беқарорлик Марказий Осиёга қизиқишни кучайтиряптими?


Жаҳон иқтисодиёти бир вақтнинг ўзида бир нечта жиддий чақириқларга — қуролли можаролар, санкциялар босими, савдо чекловлари ва анъанавий логистика йўналишларининг қайта шаклланишига дуч келмоқда. Marco Polo Ventures инвестиция компанияси раҳбари Сачдев Рамакришнанинг таъкидлашича, сўнгги йиллар узоқ вақт давомида энг ишончли деб ҳисобланган иқтисодиётлар ва савдо марказлари ҳам заиф эканини кўрсатди.

«Геосиёсий ва иқтисодий муҳитнинг барқарорлиги бизнес ва инвестициялар учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Сўнгги воқеалар кутилмаган ва вайронкор бўлди, дунёдаги энг хавфсиз иқтисодий марказлардан айримлари жиддий силкинишларга дуч келди. Шу фонда Марказий Осиё нисбатан барқарор тинчлик ороли сифатида кўринмоқда», — дейди у.

«Марказий Осиё иқтисодий уйғонишни бошдан кечирмоқда». Глобал турбулентлик шароитида инвесторлар минтақа келажаги ҳақида нима демоқда?
Шу билан бирга, экспертнинг таъкидлашича, Марказий Осиёга қизиқишнинг ортиши фақат бошқа мамлакатлардаги муаммолар билан эмас, балки минтақанинг ўз иқтисодий ўзгаришлари билан ҳам боғлиқ.

«Марказий Осиё ўзига хос иқтисодий уйғониш даврини бошдан кечирмоқда. Минтақа ўз салоҳиятини очмоқда, янги инвестицияларни жалб қилмоқда ва муваффақиятли иқтисодий тажрибаларни шакллантирмоқда. Айнан шу омиллар унинг инвесторлар учун жозибадорлигини янада кучайтиради», — деди Рамакришна.

Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (ИҲТТ) Евроосиё бўлими сиёсат масалалари бўйича таҳлилчиси Селеста Лапорт-Таламон ҳам шунга яқин баҳо берди.

«Дунёнинг кўплаб ҳудудлари жиддий қийинчиликларга дуч келаётган бир пайтда Марказий Осиё барқарор иқтисодий ўсишни намойиш этмоқда, ёш меҳнат ресурсларига эга ва савдо соҳасидаги ислоҳотлар туфайли минтақавий интеграцияни кучайтирмоқда», — деди у.

Унинг сўзларига кўра, минтақа мамлакатлари чегаралараро тартиб-таомилларни соддалаштириш ва савдо тартибга солинишини уйғунлаштиришда илгарилашга эришди. Бу эса Марказий Осиё давлатлари ўртасида савдо ва иқтисодий алоқалар ривожланишига хизмат қилмоқда.

Лапорт-Таламон минтақанинг яна бир узоқ муддатли устунлиги сифатида қайта тикланувчи энергетиканинг ривожланишини қайд этди. Бу экспорт қилувчи мамлакатларга қазилма ёқилғи даромадларига қарамликни камайтириш, импорт қилувчиларга эса жаҳон энергия нархларидаги тебранишларга камроқ боғлиқ бўлиш имконини беради.

«Марказий Осиё иқтисодий уйғонишни бошдан кечирмоқда». Глобал турбулентлик шароитида инвесторлар минтақа келажаги ҳақида нима демоқда?
Селеста Лапорт-Таламон.

Jokhadze Capital Advisors компанияси ҳамкори ва инвестиция маслаҳатчиси Тея Джохадзенинг фикрича, минтақа инвесторлар қизиқишидан фақат сифатли инвестиция лойиҳалари ва сармоя киритиш учун тушунарли воситалар мавжуд бўлган тақдирдагина фойдалана олади.

«Капитал автоматик тарзда келмайди. Инвесторларга тайёр маҳсулотлар ва сифатли инвестиция ғояларини таклиф қилиш керак. Ҳозир бунинг учун қулай палла шаклланган», — деди у.

Strategy& (PwC) халқаро консалтинг компанияси ҳамкори доктор Шихоб Элбораи эса жараёнга кенгроқ қарашни таклиф қилди. Унинг фикрича, инвесторларни барқарорликнинг ўзи эмас, балки ўсиш истиқболлари жалб қилади.

«Кўпчилик инвесторлар аниқликни излайди, деб ўйлайди. Аслида улар ўсишни излайди. Дунёнинг кўплаб ҳудудларида хавфсизлик бор, аммо юқори ўсиш суръатлари йўқ. Марказий Осиё эса ўсиш, ресурслар, ислоҳотлар ва дунёнинг энг йирик бозорлари ўртасидаги қулай жойлашувни таклиф этмоқда», — деди у.

«Марказий Осиё иқтисодий уйғонишни бошдан кечирмоқда». Глобал турбулентлик шароитида инвесторлар минтақа келажаги ҳақида нима демоқда?
Шихоб Элбораи.

Экспертнинг фикрича, қўшимча омиллардан бири глобал таъминот занжирларининг ўзгариши бўлди. Компаниялар тобора кўпроқ рискларни диверсификация қилишга ва янги ишлаб чиқариш майдонларини излашга интилмоқда.

«Минтақа энди фақат бозорлар ўртасидаги кўприк ёки транзит йўлаги сифатида қабул қилинмаяпти. У аста-секин мустақил бозор ва ишлаб чиқариш марказига айланмоқда», — деб ҳисоблайди Элбораи.

Ташқи инқирозлар ва можаролар инвесторлар учун қандай хатарлар туғдиради?


Форум иштирокчиларининг кўпчилиги Марказий Осиёни жаҳон иқтисодиётидаги қайта тузилишнинг эҳтимолий бенефициарларидан бири деб ҳисобласа-да, минтақа ҳамон ташқи жараёнларга боғлиқлигича қолаётганини таъкидлайди.

Селеста Лапорт-Таламон геосиёсий омилларга эътибор қаратди. Унинг сўзларига кўра, Россиянинг Украинага қарши уруши аллақачон минтақанинг инвестиция манзарасини ўзгартирган, чунки Россия ресурсларининг катта қисми ҳозир ҳарбий иқтисодиётга йўналтирилмоқда. Бундан ташқари, айрим соҳаларда иккиламчи санкциялар хатарлари намоён бўла бошлади, бу эса халқаро инвесторлар олдига қўшимча саволларни қўймоқда.

Яқинда Эрон атрофидаги вазиятнинг кескинлашуви ҳам инвестиция оқимларига таъсир кўрсатиши мумкин. Лапорт-Таламоннинг таъкидлашича, сўнгги йилларда Марказий Осиёга муҳим инвесторларга айланган Форс кўрфази давлатлари капиталнинг бир қисмини ички вазифалар ва тиклаш лойиҳаларига йўналтириши мумкин.

Шихоб Элбораи эса инвесторлар учун асосий чақириқ хатарларнинг ўзи эмас, балки ноаниқлик эканини таъкидлади.

«Очиқ кўриниб турган хатарлар — бу савдодаги узилишлар, юкларни ташишдаги кечикишлар ва инвесторлар ишончининг пасайишидир. Аммо ундан ҳам жиддийроқ муаммо — ноаниқлик. Инвесторлар хатарларни бошқариши мумкин, аммо улар учун олдиндан айтиб бўлмайдиган шароитларда ишлаш қийин», — деди у.

Экспертнинг фикрича, минтақа учун барқарор қоидалар, кучли институтлар ва изчил сиёсат алоҳида аҳамиятга эга.

«Марказий Осиё иқтисодий уйғонишни бошдан кечирмоқда». Глобал турбулентлик шароитида инвесторлар минтақа келажаги ҳақида нима демоқда?
Тея Джохадзе ҳам Марказий Осиё иқтисодиёти ташқи бозорлар билан чамбарчас боғлиқлигини эслатди.

«Агар беқарорлик минтақага анъанавий равишда инвестиция киритиб келган бозорларда юзага келса, бу тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларга таъсир қилади. Агар асосий савдо ҳамкорларида муаммолар юзага келса, бу маҳаллий саноатга акс этади. Агар муаммолар минтақа меҳнат муҳожирлари ишлайдиган мамлакатларда пайдо бўлса, бу ҳам иқтисодиётга таъсир кўрсатади», — деди у.

Boston Consulting Group бошқарувчи директори ва катта ҳамкори Рами Рафих хатарларнинг бир қисмини жаҳон иқтисодиётидаги ўзгаришлар билан боғлади. Унинг сўзларига кўра, компаниялар тобора кўпроқ минтақавий таъминот занжирларини шакллантирмоқда ва геосиёсий жиҳатдан ўзларига яқин ва прогноз қилинадиган мамлакатларга сармоя киритмоқда.

«Айрим мамлакатлар учун бу жозибадорликнинг пасайишини, бошқалар учун эса янги имкониятларни англатади. Асосий савол шундаки, улар бу имкониятдан фойдалана оладими ва уни ҳақиқий инвестицияларга айлантира оладими?» — деди у.

«Марказий Осиё иқтисодий уйғонишни бошдан кечирмоқда». Глобал турбулентлик шароитида инвесторлар минтақа келажаги ҳақида нима демоқда?
Рами Рафих.

Ipotekabank (OTP Group) бош директори вазифасини бажарувчи Адам Сентпетери Ўзбекистон истиқболларини янада оптимистик баҳолади. Унинг фикрича, яқин уч-беш йил ичида мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлиги учун жиддий хатарлар кўринмаяпти.

«Ўзбекистон иқтисодиёти яхши ҳолатда, ҳукумат эса ислоҳотларга содиқлигини сақлаб қолмоқда. Шунинг учун мамлакатнинг истиқболлари жуда яхши, деб ҳисоблайман», — деди у.

Қайси омиллар минтақага инвестициялар учун туртки бўлиши мумкин?


Экспертлар капитални жалб қилишнинг асосий шартлари сифатида прогноз қилинадиган тартибга солиш, қонун устуворлиги, хусусийлаштириш, молия бозорини ривожлантириш ва иқтисодий ислоҳотларни давом эттиришни қайд этмоқда.

«Аввало инвесторлар бизнес юритиш билан боғлиқ хатарларга эътибор қаратади: қонун устуворлиги таъминланганми, барқарорлик мавжудми, тартибга солиш тизими аниқ ва шаффофми. Шундан сўнг улар бозор имкониятларини баҳолайди — фақат ички бозорда ишлаш мумкинми ёки қўшни мамлакатлар бозорларига ҳам чиқиш имкони борми. Учинчи омил — бизнес юритиш харажатлари ва меҳнат унумдорлиги. Тўртинчи омил эса бизнес юритишнинг осонлиги бўлиб, бунга лицензиялаш, турли рухсат бериш тартиб-таомиллари ва логистика ҳам киради», — деди Рами Рафих.

Экспертнинг сўзларига кўра, Марказий Осиё мамлакатлари ушбу талабларга қанчалик муваффақиятли жавоб берса, инвесторлар қизиқишини ҳақиқий лойиҳаларга айлантириш имконияти шунчалик юқори бўлади.

Форум иштирокчилари капитал оқимининг янада ўсиши учун энг муҳим омиллардан бири сифатида ислоҳотларни давом эттиришни кўрсатмоқда. Адам Сентпетери Ўзбекистон аллақачон тўғри йўналишда ҳаракатланаётганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, инвесторларни ўсиб бораётган иқтисодиёт, меҳнат бозорининг кенгайиши, хусусийлаштириш дастури ва тартибга солишнинг босқичма-босқич либераллашуви жалб қилмоқда.

«Қонун устуворлигини мустаҳкамлашда давом этиш зарур. Мамлакатда ўсиш учун барча шароитлар мавжуд: катта салоҳият, ислоҳотларнинг тўғри йўналиши ва ривожланиш учун қулай омиллар», — деди у.

«Марказий Осиё иқтисодий уйғонишни бошдан кечирмоқда». Глобал турбулентлик шароитида инвесторлар минтақа келажаги ҳақида нима демоқда?
Сачдев Рамакришна ҳам шунга ўхшаш нуқтаи назарга эга. Унинг фикрича, давлат активларини янада фаол хусусийлаштириш ва давлат-хусусий шериклик механизмларини ривожлантириш инвестицияларга қўшимча туртки бериши мумкин.

«Барқарор иқтисодий муҳит, ислоҳотларга қаратилган изчил сиёсий ирода ва инвесторларга ишонч берадиган замонавий, шаффоф ҳуқуқий муҳит бугунги ўзгаришлар динамикасини сақлаб қолишга ёрдам беради», — деди у.

Селеста Лапорт-Таламоннинг таъкидлашича, инвесторлар учун ўйин қоидалари кутилмаганда ўзгармаслиги ва қабул қилинаётган қарорлар изчил амалга оширилишига ишонч муҳим аҳамиятга эга. Эксперт давлат корхоналарида корпоратив бошқарувни янада такомиллаштириш, давлат ва хусусий компаниялар учун тенг шароитлар яратиш, рақобатни ривожлантириш ва бизнеснинг молиялаштиришдан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришни муҳим деб ҳисоблайди.

«Марказий Осиё иқтисодий уйғонишни бошдан кечирмоқда». Глобал турбулентлик шароитида инвесторлар минтақа келажаги ҳақида нима демоқда?
Тея Джохадзе алоҳида эътиборни тўғридан-тўғри ва венчур инвестициялар бозорини ривожлантиришга қаратди. Унинг фикрича, Ўзбекистонда фондлар фондини ташкил этиш қўшимча капитални жалб қилишга ёрдам бериши мумкин. Бу компанияларга тўғридан-тўғри эмас, балки бир нечта инвестиция жамғармалари орқали сармоя киритадиган инвестиция механизми ҳисобланади. Унинг фаолиятида давлат, халқаро молия ташкилотлари ва инвестиция активларини бошқарувчи профессионал жамоалар иштирок этиши мумкин.

«Давлат капиталнинг бир қисмини ажратиб, уни бозор тамойиллари асосида профессионал жамоаларга бошқарувга топшириши мумкин. Бундай механизм бир вақтнинг ўзида маҳаллий молиялаштириш манбасини яратиш, маҳаллий инвестиция жамоаларини ривожлантириш ва хорижий инвесторларни жалб қилиш имконини беради», — деди у.

Жохадзенинг сўзларига кўра, давлат маблағлари ўзига хос таянч капитал вазифасини бажариши мумкин. Масалан, агар жамғарма молиялаштиришнинг 20 фоизини маҳаллий манбалардан олса, қолган 80 фоизни халқаро инвесторлардан жалб қилиш анча осонлашади. Чунки улар лойиҳанинг мамлакат ичида қўллаб-қувватланаётганини ва маҳаллий бозор иштирокчилари ишончи мавжудлигини кўради.

«Амалда давлат томонидан киритилган ҳар бир доллар бир неча баробар кўпроқ хусусий капитални жалб қилиши мумкин. Бу Ўзбекистон иқтисодиётига қўшимча инвестицияларни йўналтиришнинг энг самарали усулларидан биридир», — дейди эксперт.

«Марказий Осиё иқтисодий уйғонишни бошдан кечирмоқда». Глобал турбулентлик шароитида инвесторлар минтақа келажаги ҳақида нима демоқда?
Шихоб Элбораи эса минтақа сифатли инвестиция лойиҳаларини яратиш ва янада чуқур иқтисодий интеграцияга эътибор қаратиши кераклигини таъкидлади.

«Дунёда капитал танқислиги йўқ. Етишмаётган нарса — инвестиция учун сифатли лойиҳалар. Марказий Осиё минтақа ичидаги боғлиқликни кучайтириши, саноатни ривожлантириши ва юқори қўшилган қиймат яратиши, шунингдек, инвестиция муҳитини яхшилашда давом этиши керак. Инвесторлар хатарни қабул қилишга тайёр, аммо ноаниқ қоидалар шароитида ишлашга тайёр эмас», — деди у.

Форум иштирокчиларининг аксарияти геосиёсий таранглик ва жаҳон иқтисодиётидаги қайта тузилишлар фонида Марказий Осиё халқаро инвесторлар томонидан қўшимча эътиборга сазовор бўлаётгани ҳақида бир фикрда. Бироқ нисбатан барқарор минтақа мақомининг ўзи капитал оқимини кафолатламайди. Экспертлар фикрича, инвесторларнинг ортиб бораётган қизиқишини аниқ лойиҳалар ва узоқ муддатли сармояларга айлантириш қобилияти яқин йилларда Марказий Осиё учун асосий чақириқ бўлади.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.