Олий суд раиси Бахтиёр Исломов муддатидан олдин лавозимини тарк этди

Олий суд раиси Бахтиёр Исломов муддатидан олдин лавозимини тарк этди

Ўзбекистон Олий суди раиси Бахтиёр Жаҳонгирович Исломов муддатидан олдин лавозимидан озод этилди. Бу ҳақдаги тақдимнома президент Шавкат Мирзиёев томонидан Олий Мажлис Сенатига киритилди, дея хабар қилди давлат раҳбари матбуот котиби Шерзод Асадов.

Сенат кенгашининг 18 июнь кунги йиғилишида Бахтиёр Исломовни лавозимидан озод этиш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Бахтиёр Исломов 2022 йил 10 август куни Олий суд раиси этиб сайланган эди. Конституцияга кўра, Олий суд раиси ва унинг ўринбосарлари президент тақдимномасига биноан Сенат томонидан беш йил муддатга сайланади. Шу тариқа, Бахтиёр Исломовнинг ваколат муддати 2027 йил август ойида тугаши керак эди.

«Судлар тўғрисида»ги қонунга кўра, Олий суд судьяси ваколатларини тугатиш учун асослар мавжуд бўлган тақдирда, президент тақдимномасига биноан Сенат томонидан ваколатлар муддатидан олдин тугатилиши мумкин. Gazeta бу қандай асослар бўлиши мумкинлигига аниқлик кирита олмади.

Ижтимоий тармоқларда унинг истеъфога чиқиши ҳақидаги тахминлар 9 июнь куни — президент ҳузурида суд тизимида коррупцияга қарши кураш масалалари муҳокама қилинган йиғилишдан бир кун ўтгач пайдо бўлган эди. Ўшанда Шавкат Мирзиёев Олий суд таркибида Комплаенс назорати хизматини ташкил этиш, коррупциявий хавф-хатарларни барвақт аниқлаш ваманфаатлар тўқнашувининг олдини олиш, судьялар даромадлари ва мол-мулки бўйича декларациялар тизимини жорий этиш тўғрисидаги фармонни имзолаган.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.