Тошкентда халқаро таълим стандартлари асосида кадрлар тайёрлашнинг янги тизими жорий этилади

Тошкентда халқаро таълим стандартлари асосида кадрлар тайёрлашнинг янги тизими жорий этилади


Ўзбекистонда халқаро таълим стандартлари асосида юқори малакали кадрлар тайёрлашга қаратилган янги ёндашувлар тақдим этилди. Унга кўра, мамлакатда таълим тизимининг барча босқичлари ўртасида узвийликни таъминлаш, хорижий университетлар билан ҳамкорликни кенгайтириш ва ёшлар учун халқаро даражадаги таълим имкониятларини яратиш режалаштирилмоқда.

Тақдимотга мувофиқ, Тошкент архитектура-қурилиш университети таркибида Интеграциялашган дастурлар олий мактаби ташкил этилади. Унда таълим жараёни Буюк Британиянинг Нортумбрия ва Ҳартфордшир университетлари дастурлари асосида йўлга қўйилади. Шунингдек, мазкур олий мактабга академик, молиявий ва ташкилий мустақиллик берилиши назарда тутилган.

Янги тизим доирасида мактаб, академик лицей, техникум ва олий таълим муассасалари ўртасидаги узвийликни таъминлайдиган “2+3”, “1+2”, “2+1”, “1+3”, “2+2” ва “3+1” каби таълим моделлари жорий этилади. Бу орқали 9-синф битирувчилари икки йиллик ўқишдан сўнг маҳаллий ёки хорижий ҳамкор университетларда таълимни давом эттириш имконига эга бўлади. Техникум битирувчилари учун эса қисқартирилган дастурлар асосида университетга ўтиш имконияти яратилади.

Шу билан бирга, дунёнинг нуфузли университетларига шартли қабул қилинган ёшларнинг Ўзбекистондаги олий таълим муассасаларида биринчи курс ёки Foundation дастурида ўқиш харажатларини қоплаб бериш механизми жорий этилади. Бу талабаларга таълимни мамлакат ичида бошлаб, кейинчалик хорижда давом эттириш имконини беради.

Тақдимотда, шунингдек, етакчи хорижий олийгоҳлар фаолият юритадиган Тошкент халқаро университетлар шаҳарчасини ташкил этиш режаси ҳам маълум қилинди. Лойиҳа мамлакатда халқаро даражадаги таълим муҳитини шакллантириш ва рақобатбардош мутахассислар тайёрлашга хизмат қилиши кутилмоқда.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.