ТОШКЕНТ, ЎЗБЕКИСТОН (2023-йил 25-сентабр) – Осиё тараққиёт банки (ОТБ) Ўзбекистондаги 2023-йилнинг биринчи ярмидаги иқтисодий ўсиш инвестицияларнинг ошиши ва саноатнинг салмоқли даражада кенгайиши ҳисобига кутилганидан кўра юқори бўлганлиги сабабли мамлакатнинг 2023 ва 2024-йиллар учун иқтисодий ўсиш прогнозини оширди.
“Озиқ-овқат ва энергия инфляцияси билан боғлиқ хавфлар ҳамда пул ўтказмалари оқимининг қисқаришига қарамай, 2023-йилда ялпи ички маҳсулот ўсиши кучли бўлиб қолиши кутилмоқда”, — деди ОТБнинг Ўзбекистондаги доимий ваколатхонаси директори Канокпан Лао-Арая. “Саноат, қишлоқ хўжалиги ва капитал қўйилмаларнинг барқарор ўсиши 2023-йилнинг қолган қисмида ва 2024-йилда юқори ўсиш суръатларига олиб келиши кутилмоқда”.
Истеъмол ўсишининг секинлашиши кутилмоқда, чунки барқарор юқори инфляция, иш ҳақи ва пенсиялар ўсишига қарамасдан, уй хўжаликларининг реал даромади ва талабини пасайтирмоқда. Асосий озиқ-овқат маҳсулотларининг солиқ ва божхона тўловларидан озод қилиниши 2023-йилнинг охиригача давом этади, бу эса озиқ-овқат нархларининг ўсишини чеклашга ёрдам беради. Россиядаги ўзбекистонлик мавсумий меҳнат муҳожирлари сонининг қисқариши туфайли мамлакатга пул ўтказмалари сезиларли даражада камайди, бу эса жорий ҳисобдаги камомаднинг кенгайишига олиб келди.
Ўзбекистон ОТБга 1995 йилда аъзо бўлган. Ўшандан бери ОТБ мамлакатга 11 млрд. АҚШ доллари миқдорида қарз, грант ва техник кўмак тақдим этган.
ОТБ ўта қашшоқликка барҳам бериш бўйича саъй-ҳаракатларини давом эттириб, ривожланган, кенг қамровли ва барқарор Осиё ва Тинч океани минтақасига эришишга интилади. ОТБ 1966 йилда ташкил этилган бўлиб, унга 68 мамлакат аъзо бўлган. Уларнинг 49 таси минтақада жойлашган.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.