Кампаниянинг асосий мақсади бўлажак нуфузли мусобақани спорт, бизнес, ёшлар ва рақамли технологияларни бирлаштирувчи умуммиллий ҳаракатга айлантиришдан иборат.
Лойиҳа доирасида Ўзбекистоннинг етакчи брендлари иштирокида фойдаланувчилар мамлакатдаги машҳур мобил иловалар орқали «Ўзбекистон учун ўйнаш» имкониятига эга бўлади. Улар оммавий онлайн шахмат турнирларида қатнашиб, ҳар бир ўйналган партия ва ҳар бир амалга оширилган юриш орқали миллий терма жамоани қўллаб-қувватлашга ҳисса қўшади. Кампаниянинг асосий мақсади — 1 миллионта шахмат партиясини жамлаш ва миллионлаб иштирокчиларнинг фаоллигини Жаҳон шахмат олимпиадаси арафаси ҳамда мусобақа давомида халқ қўллаб-қувватлашининг рамзига айлантиришдир.
Ўзбекистон шахмат федерациясининг стратегик ҳамкори ҳисобланган idChess лойиҳанинг технологик инфратузилмасини таъминлайди. Бу онлайн турнирларни ташкил этиш, офлайн мусобақалар трансляцияси, ҳамкорлар рақамли платформаларига шахмат механизмларини интеграция қилиш, иштирокчилар фаоллигини таҳлил қилиш, модерация ва техник қўллаб-қувватлаш ишларини ўз ичига олади.
Ўзбекистон шахмат федерацияси бош котиби Бобур Саттаровнинг таъкидлашича, шахмат аллақачон мамлакатнинг маданий қадриятлари ва интеллектуал салоҳияти рамзига айланган.
«Шахматчиларимиз бутун дунёда танилган ва биз уларнинг ютуқлари билан ҳақли равишда фахрланамиз. Самарқанддаги Олимпиада терма жамоамиз атрофида бирлашиш учун ажойиб имкониятдир. Федерация ушбу кампанияни шахматни оммалаштириш, рақамли инфратузилмани ривожлантириш ва янги аудиторияни жалб қилишга хизмат қиладиган муҳим миллий лойиҳа деб билади. Бу, шунингдек, бизнес учун ижтимоий аҳамиятга эга ташаббусни қўллаб-қувватлаш имкониятидир», — деди у.
idChess асосчиси ва Friflex компанияси бош директори Пётр Чернишевнинг сўзларига кўра, мазкур ташаббус минтақадаги энг йирик оммавий рақамли шахмат лойиҳасига айланиши кутилмоқда.
«idChess’нинг вазифаси — брендлар ва уларнинг фойдаланувчиларини совринли шахмат турнирлари орқали боғлайдиган қулай платформа яратиш ҳамда Ўзбекистоннинг ҳар бир фуқаросига ўзини катта жамоанинг бир қисми сифатида ҳис қилиш имконини беришдан иборат», — деди у.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.