Экспертлар 24 июль куни Қозоғистоннинг Ақтау шаҳрида бўлиб ўтадиган икки мамлакат Ҳудудлар раҳбарлари кенгашининг биринчи йиғилишидан кутилаётган натижалар, шунингдек иқтисодиёт, транспорт, рақамлаштириш ва гуманитар соҳалардаги қўшма лойиҳалар истиқболлари ҳақида фикр алмашдилар.
Видеомулоқотда Ўзбекистондан Ma’no тадқиқот ташаббуслари маркази директори Бахтиёр Эргашев, Қозоғистондан «Евроосиё мониторинги» таҳлилий тадқиқотлар маркази директори Алибек Тожибаев ҳамда Россиядан Россия Фанлар академиясининг Жаҳон иқтисодиёти ва халқаро муносабатлар институти катта илмий ходими Анна Великая иштирок этди.
Қайд этилишича, Ҳудудлар раҳбарлари форуми давлат раҳбарлари, ҳукуматлар ва ижро ҳокимияти органлари ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади. Бу сафар асосий эътибор ҳудудлар ўртасидаги тўғридан-тўғри горизонтал алоқаларни ривожлантиришга қаратилган бўлиб, улар иқтисодий ҳамкорлик учун мустаҳкам асос яратишнинг энг самарали воситаси сифатида баҳоланмоқда.
Экспертлар транспорт-логистика, қишлоқ хўжалиги ва агросаноат мажмуаси, трансчегаравий сув ресурсларидан фойдаланиш, саноат кооперацияси, энергетика, хавфсизлик, туризм ҳамда маданий-гуманитар алоқаларни Ўзбекистон–Қозоғистон муносабатларининг асосий ўсиш нуқталари деб атадилар.
Бахтиёр Эргашевнинг таъкидлашича, икки йил аввал Ўзбекистон ва Қозоғистон иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартномани имзолаган бўлиб, бу дипломатиядаги энг юқори ҳамкорлик даражаси ҳисобланади.
— 2030 йилга қадар ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 4,8 миллиард доллардан 10 миллиард долларга етказиш вазифаси қўйилган. Бу шунчаки мақсад эмас, унинг асосида давлат раҳбарлари келишиб олган аниқ инвестиция лойиҳалари ётади. Йўл харитаси тайёрланган, ўзаро сармоя киритиш бўйича аниқ ташаббуслар мавжуд. Биз қиймати 1 миллиард 200 миллион долларлик еттита лойиҳани биламиз. Улар ўтган йили икки мамлакат президентлари томонидан дастлабки маъқулланган ва албатта амалга оширилади. Бу эса ҳамкорликнинг фақат бошланиши, — деди Бахтиёр Эргашев.
Муҳокамада транспорт логистикасига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Экспертлар фикрича, ўзаро савдони кенгайтириш учун асосий захиралардан бири «охирги миля» муаммосини ҳал қилиш, яъни транспорт инфратузилмасидаги етишмаётган бўғинларни бартараф этиш ҳисобланади. 2027 йилга режалаштирилган Мақтаарал – Дарбаза темир йўл лойиҳаси якунлангач, икки мамлакат ўртасидаги юк ташиш ҳажми сезиларли даражада ортади.
Шунингдек, Марказий Осиё саноат кооперацияси марказини ривожлантириш ҳам технологиялар, тажриба ва ишлаб чиқариш ечимлари алмашинувини кучайтиришда муҳим аҳамиятга эга экани таъкидланди.
— Мен Халқаро саноат кооперацияси марказини ташкил этиш ғоясининг фаол тарафдориман. Лойиҳага кўра, Қозоғистон ва Ўзбекистон томонида 100 гектардан, жами 200 гектар ҳудудда чегарадан ўтишнинг махсус тартиби жорий этилади. Бу бизнес ва ҳудудлар раҳбарлари учун жуда муҳим. Бундай марказлар бошқа қўшни давлатлар ўртасида ҳам ташкил этилиши керак, — деди Бахтиёр Эргашев.
Унинг фикрини Алибек Тожибаев ҳам қўллаб-қувватлади.
— Замонавий рақамли коммуникация технологиялари асосидаги ҳамкорлик мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларни янги босқичга олиб чиқади. Чегараолди савдо ҳудудлари минтақамиз учун ҳаётий аҳамиятга эга логистика лойиҳаларидир. Улар юзлаб километр автомобиль ва темир йўл тармоқларини қамраб олган бўлса-да, минтақа тараққиёти учун муҳим транспорт ва иқтисодий йўлакларни шакллантиради, — деди у.
Муҳокамада чегараолди савдоси ва аҳоли учун мавжуд муаммолар ҳам кўтарилди. Қайд этилишича, инфратузилманинг етарлича ривожланмагани сабабли Ўзбекистон ва Қозоғистон чегарасидан ўтувчи фуқаролар бир неча соат навбат кутишга мажбур бўлмоқда. Ҳозирда «Жибек Жолы» чегара ўтиш пункти реконструкция қилинмоқда. Ишлар якунлангач, у бир суткада 70 минг нафаргача йўловчини қабул қилиш имконига эга бўлади. Бу ҳозирги кўрсаткичдан икки баробардан ҳам кўпдир.
Россия Фанлар академиясининг Жаҳон иқтисодиёти ва халқаро муносабатлар институти катта илмий ходими Анна Великая эса ҳамкорликнинг янги йўналишларига эътибор қаратди. Унинг таъкидлашича, ахборот технологиялари ва киберхавфсизлик соҳаларида катта ҳамкорлик салоҳияти мавжуд. Шунингдек, маданият, илм-фан ва таълим соҳаларидаги алоқаларни кенгайтириш мамлакатлар ўртасидаги ўзаро ишончни янада мустаҳкамлайди.
Видеомулоқот иштирокчилари Ҳудудлар раҳбарлари кенгашининг ишга туширилиши қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, транспорт инфратузилмасини ривожлантириш, иқтисодий алоқаларни кенгайтириш ҳамда Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги стратегик шерикликни янада мустаҳкамлаш учун янги имкониятлар очишини таъкидладилар.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.