WTTC дунё мамлакатларини 13 йирик минтақага ажратиб таҳлил қилган бўлиб, Марказий Осиё бир қатор асосий кўрсаткичлар бўйича етакчиликни қўлга киритган. Ўзбекистон эса ушбу кўрсаткичларнинг барчасида минтақа давлатлари орасида энг юқори натижани қайд этган.
Ҳисоботга кўра, 2025 йилда Марказий Осиёда туризмнинг ялпи ички маҳсулотга умумий ҳиссаси 17,7 фоизга, тўғридан-тўғри ҳиссаси эса 19,6 фоизга ошган. Шунингдек, минтақада туризм хизматлари экспорти 9,9 миллиард АҚШ долларига етган бўлиб, бир йил ичида 26,4 фоизлик ўсиш қайд этилган. Бу кўрсаткич бўйича ҳам Марказий Осиё дунёда биринчи ўринни эгаллаган.
Мазкур экспорт ҳажмининг қарийб ярми Ўзбекистон ҳиссасига тўғри келади. Хусусан, мамлакатда 2025 йил давомида 4,8 миллиард АҚШ доллари миқдорида туризм хизматлари экспорт қилинган.
WTTC маълумотларига кўра, Марказий Осиё аҳолиси энг кўп саёҳат қиладиган мамлакат сифатида ҳам Ўзбекистон биринчи ўринни эгаллаган. Саёҳат йўналишлари таркибида Ўзбекистон 25 фоиз улуш билан етакчилик қилган. Кейинги ўринларда Қозоғистон (23 фоиз), Қирғизистон (18 фоиз), Россия (16 фоиз) ва Туркия (6 фоиз) жойлашган.
Ҳисоботда Ўзбекистоннинг етакчилик ўрни мамлакатнинг бой тарихий-маданий мероси ҳамда минтақа сайёҳлари учун жозибадорлиги билан изоҳланган. Шунингдек, Марказий Осиё аҳолиси асосан минтақа ичида саёҳат қилишга мойил экани таъкидланган.
WTTC экспертлари Марказий Осиёда ягона минтақавий туристик маконни шакллантириш учун катта салоҳият мавжудлигини қайд этган. Чегара тартибларининг соддалаштирилиши, авиақатновлар ва транспорт-логистика инфратузилмасининг ривожланиши, қўшма туристик маршрутларнинг йўлга қўйилиши ҳамда минтақанинг ягона йўналиш сифатида тарғиб қилиниши халқаро сайёҳлар оқимини янада оширишга хизмат қилаётгани таъкидланган.
Ҳисоботга кўра, 2025 йилда туризм соҳасидаги умумий харажатларнинг 64,3 фоизи хорижий сайёҳлар, 35,7 фоизи эса ички саёҳатлар ҳиссасига тўғри келган. Хорижий меҳмонларнинг 84,5 фоизи дам олиш, 15,5 фоизи эса бизнес мақсадида саёҳат қилган.
WTTC прогнозига кўра, 2036 йилга бориб туризмнинг Марказий Осиё иқтисодиётига умумий ҳиссаси 29,7 миллиард АҚШ долларига етиши кутилмоқда.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.