Узоқ давом этган муҳокамалардан сўнг қонун лойиҳасини қўшимча ишлаш учун масъул қўмитага қайтаришга қарор қилинди. Йиғилишга раислик қилувчи шахснинг таъкидлашича, жавобгарликни кучайтирувчи нормалар кейинги босқичда, Сенатда кўриб чиқиш чоғида ҳам саволлар туғилмайдиган тарзда ишлаб чиқилиши керак.
Қонун лойиҳаси 22 июль куни биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан маъқулланган эди. Иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида ишчи гуруҳ Ички ишлар вазирлиги вакиллари иштирокида бешта йиғилиш ўтказди. Лойиҳа, жумладан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 223-моддаси (паспорт тизими қоидаларини бузиш) ва 225-моддасига (Ўзбекистонда бўлиш қоидаларини бузиш) ўзгартишлар киритишни назарда тутган.
Қонун лойиҳасини тақдим этган Қонунчилик палатасининг масъул қўмитаси аъзолари унинг асосий вазифалари амалдаги нормаларни фуқаролар, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни рўйхатга олишнинг янги тартибига мувофиқлаштириш, шунингдек, миграция соҳасидаги жавобгарликни кучайтиришдан иборат эканини таъкидлади.
Жумладан, 223 ва 225-моддаларда назарда тутилган ҳуқуқбузарлик таркибларини аниқлаштириш, мансабдор шахсларнинг жавобгарлигини алоҳида белгилаш ҳамда ҳуқуқбузарлик бир йил ичида такроран содир этилган тақдирда янада қатъийроқ чоралар қўллаш таклиф этилди.
Депутат Зуҳриддин Мавлонов сўнгги йилларда янги жарималар жорий этиш ёки амалдаги санкцияларни оширишни назарда тутувчи қонунлар кўпайиб бораётганига эътибор қаратди. Унинг айтишича, лойиҳада меҳмонхоналар ва даволаш муассасаларида рўйхатдан ўтиш қоидаларини бузганлик учун жарималарни сезиларли даражада ошириш таклиф қилинган.
Хусусан, айрим қоидабузарликлар учун жаримани биринчи ҳолатда 5−10 БҲМдан 30 БҲМга (13,2 млн сўм), такрорий қоидабузарлик учун эса 40 БҲМга (17,6 млн сўм) ошириш таклиф этилган.
Депутат тиббиёт муассасалари ходимлари 6−7 млн сўм миқдорида маош олиши мумкинлиги, жарима эса уларнинг бир ойлик даромадидан бир неча баробар юқори бўлиши мумкинлигини таъкидлади.
«Биз шифокорларнинг маоши 6−7 млн сўм бўлиши мумкинлигини биламиз. Шу билан бирга, уларга маошидан уч-тўрт баробар юқори жарималар белгиланмоқда. Нега бундай катта жарималар белгиланяпти? Уларни камайтиришнинг имкони йўқми?» — дея сўради депутат.
Қўмита вакиллари лойиҳанинг асосий мақсадларидан бири меҳмонхоналар, даволаш муассасалари, дам олиш масканлари ва бошқа ташкилотларнинг жавобгарлигини ошириш эканини тушунтирди. Ушбу ташкилотлар меҳмонлар ҳақидаги маълумотларни автоматлаштирилган E-mehmon тизимига киритиши шарт.
Уларнинг айтишича, айрим ҳолатларда тадбиркорлар маълумотларни тизимга киритмайди. Бу эса статистик ва бошқа маълумотларда тафовутлар юзага келишига сабаб бўлмоқда. Йиғилишда таъкидланишича, бундай ҳолатлар айниқса меҳмонхоналар, даволаш муассасалари ва хусусий клиникаларда кўп учрайди.
Муҳокама қилинган таҳрирга кўра, бир хил ҳуқуқбузарлик учун фуқароларга 5 БҲМ миқдоридаги жаримани сақлаб қолиш, мансабдор шахслар учун эса 20 БҲМ жарима белгилаш таклиф этилган.
Қонунчилик палатаси спикери Нуриддин Исмоилов жарима миқдоридаги тўрт баробарлик фарқнинг асосли эканига шубҳа билдирди.
«Нега фуқаролар учун 5 БҲМ, мансабдор шахслар учун эса 20 БҲМ? Бизда маъмурий жазоларнинг муайян тизими бор. Ҳуқуқбузарлик бир хил бўлса, бундай катта фарқ бўлмаслиги керак», — деди у.
Унинг таъкидлашича, санкция қатъий миқдорда белгиланган: ташкилот қоидани бир кишига нисбатан бузганми ёки, масалан, ўн кишига нисбатанми, ҳар икки ҳолатда ҳам бир хил — 20 БҲМ миқдорида жарима қўлланиши мумкин.
Депутат Сайдулло Азимов жарималарни фуқаролар ва мансабдор шахслар учун турлича белгилашни жазони индивидуаллаштириш тамойили ҳамда оддий фуқаро билан ташкилот раҳбарининг молиявий имкониятлари ўртасидаги фарқ билан изоҳлади.
Унинг айтишича, фуқаролар учун жаримани 5 БҲМ даражасида сақлаб қолиш, мансабдор шахслар учун эса 20 БҲМга ошириш таклиф этилган. Бу санкциянинг етарли даражада профилактик таъсир кўрсатишини таъминлаши керак.
Қўмита вакили жаримага рози бўлмаган шахс уни судда шикоят қилиши мумкинлигини ҳам таъкидлади. Суд шахснинг мулкий ҳолатини инобатга олган ҳолда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 33-моддаси асосида жазони енгиллаштириши мумкин.
Бироқ бу тушунтиришлар йиғилишга раислик қилувчи шахсни ишонтирмади. «Таҳлил қаерда? 2025 йилда фуқаролар томонидан қанча, юридик шахслар томонидан қанча шундай қоидабузарлик содир этилган? Агар таҳлил бўлганида, шунга асосланиш мумкин эди. […] Барибир жавоб олмадим», — деди у.
Йиғилишда 40 БҲМ миқдоридаги жарима 17,6 млн сўмни ташкил этиши айтилди.
Йиғилишга раислик қилувчи шахснинг таъкидлашича, қатъий белгиланган жарима бир-икки нафар меҳмонни рўйхатдан ўтказмаган меҳмонхонага ҳам, ўнлаб кишиларга нисбатан қоидабузарликка йўл қўйган ташкилотга ҳам бир хил қўлланиши мумкин.
«40 БҲМ — 17,6 млн сўм. Бири икки нафар фуқарони жойлаштирган, бошқаси эса 50 нафарни. Жазо бир хил. Бундай жарима қаердан келиб чиқди? Мен шу саволга жавоб олмоқчиман», — деди у.
Муҳокама давомида 223 ва 225-моддаларнинг ўзи қандай қўлланиши борасида ҳам турлича талқинлар юзага келди. Қонун лойиҳаси ишлаб чиқувчилари вакиллари 223-модда, жумладан, Ўзбекистон фуқаролари ва мамлакатда доимий яшовчи чет эл фуқароларига, 225-модда эса мамлакатда вақтинча бўлиб турган чет эл фуқароларига нисбатан қўлланишини тушунтиришга уринди.
Йиғилишга раислик қилувчи шахс эса бу тушунтиришларни бир неча бор тўхтатиб, таклиф этилаётган таҳрир мазкур фарқни етарлича аниқ белгилаб бермаётганини таъкидлади.
«Саволимга жавоб ололмаяпман, сизлар масалани айлантириб тушунтиряпсизлар», — деди у.
225-моддада қўлланилган «чет эл фуқароларини қабул қилиш тартиби» тушунчаси бўйича ҳам саволлар пайдо бўлди. Йиғилишга раислик қилувчи шахс ўзига тақдим этилган қонуности ҳужжатда рўйхатдан ўтказишга оид қоидаларни топганини, аммо алоҳида «қабул қилиш тартиби» белгиланмаганини айтди.
Шундан сўнг у нормадаги формулировкалар ва жарималар миқдорини қайта кўриб чиқишни таклиф қилди.
«20 БҲМ ёки 40 БҲМ эмас, балки „20 БҲМгача“ ва „40 БҲМгача“ деб белгилашни таклиф қилардим. Вазиятлар турлича бўлади. Жумладан, техник сабабларга кўра меҳмонлар E-mehmon тизимига киритилмай қолиши мумкин. Бундай ҳолат автоматик равишда мансабдор шахсга айнан 20 ёки 40 БҲМ жарима солиш учун асос бўлиши нотўғри», — деди у.
Депутатлар меҳмонхона ёки клиникада амалда рўйхатдан ўтказиш ишларини оддий ходим бажариши мумкинлигига ҳам эътибор қаратди. Бироқ қонун лойиҳасида жавобгарлик мансабдор шахс зиммасига юкланмоқда.
Муҳокамадан сўнг масъул қўмита вакиллари жарималар миқдорини қайта кўриб чиқиш мумкинлигини тан олди.
Қонун лойиҳаси қўшимча ишлаш учун қўмитага қайтарилди.
Спикер қонун лойиҳасини қўмитага қайтаришни таклиф қилди. Унинг таъкидлашича, ҳужжат бўйича аввал ҳам фракциялар йиғилишларида бир неча бор саволлар кўтарилган.
«Фракцияларда жуда кўп саволлар бўлди. Бундай нормаларни, яъни жазо чораларини назарда тутувчи нормаларни шундай пухта ишлаб чиқишимиз керакки, кейинчалик Сенатда ҳам саволлар юзага келмасин», — деди у.
Депутатлар қонун лойиҳасини қайта ишлаш учун қўмитага қайтариш таклифини қўллаб-қувватлади.
Раислик қилувчи шахс қўмитадан ҳужжат устидаги ишларни «тезлаштириш ва чўзиб юбормаслик»ни сўради.
2025 йил октябрь ойида «Ўзбекистон Республикаси фуқароларини, чет эл фуқароларини ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни яшаш жойи ва турган жойи бўйича рўйхатдан ўтказиш тўғрисида»ги қонун кучга кирган. Ҳужжат билан «E-xabar berish» тизими жорий этилган бўлиб, у доимий яшовчи чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтказиш ва ҳисобга олишни назарда тутади.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.