Сенат Президент администрацияси тўғрисидаги конституциявий қонунни маъқуллади

Сенат Президент администрацияси тўғрисидаги конституциявий қонунни маъқуллади

Олий Мажлис Сенати 7 август куни Президент администрацияси тўғрисидаги конституциявий қонунни маъқуллади. Ҳужжат илк бор қонун даражасида Президент администрациясининг ҳуқуқий мақоми, унинг асосий вазифалари, иш тартиби ва бошқа ҳокимият органлари билан ҳамкорлик қилиш тартибини мустаҳкамлайди.

Қонунни ялпи мажлисда тақдим этаркан, Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси Абдулҳаким Эшмуродов Конституцияда президент томонидан ўз ваколатларини ташкилий, ҳуқуқий ва таҳлилий жиҳатдан таъминлаш учун пдминистрация ташкил этилиши назарда тутилганини таъкидлади. Шу билан бирга, шу вақтгача администрациянинг ўзининг ҳуқуқий мақоми қонун даражасида белгиланмаган эди.

Унинг сўзларига кўра, Президент администрациясининг бошқа давлат органлари билан ҳамкорлиги, ижро интизоми, мувофиқлаштириш, мониторинг ва таҳлилий ишлар масалалари асосан қонуности ҳужжатлари билан тартибга солиб келинган. Янги конституциявий қонун ушбу муносабатларни қонунчилик даражасида мустаҳкамлаши керак.

Ҳужжат 34 та моддадан иборат. Президент администрацияси давлат раҳбарининг ваколатлари ташкилий, ҳуқуқий ва таҳлилий жиҳатдан амалга оширилишини таъминлайдиган, шунингдек, давлат ҳокимияти органларининг баҳамжиҳат фаолият юритишига ва ҳамкорлигига кўмаклашадиган давлат органи сифатида белгиланмоқда.

Қонунга кўра, администрацияни президент шакллантиради. Унинг раҳбарини ҳам президентнинг ўзи лавозимга тайинлайди ва лавозимидан озод этади.

Ҳужжат, шунингдек, администрация фаолиятининг асосий тамойиллари ва тузилмасини белгилайди, унинг ҳокимият органлари ҳамда давлат ташкилотлари билан муносабатларини тартибга солади, шунингдек, мансабдор шахслар, бошқарув ва хизмат кўрсатувчи ходимлар фаолиятининг кафолатларини назарда тутади.

Мажлисда таъкидланганидек, қонунни тайёрлашда АҚШ, Финляндия, Чехия, Словакия, Руминия, Латвия ва Қозоғистон тажрибаси ўрганилган бўлиб, ушбу мамлакатларда президент администрациялари, канцеляриялари ёки офисларининг ҳуқуқий мақоми алоҳида қонунлар билан тартибга солинади.

Парламент, ҳукумат ва ҳокимликлар билан ҳамкорлик


Муҳокама давомида сенатор Покиза Аҳмеджанова қонуннинг алоҳида нормалари Президент администрациясининг Олий Мажлис палаталари, Вазирлар Маҳкамаси ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари билан муносабатларини белгилашини айтиб ўтди.

Унинг сўзларига кўра, ҳужжатда бундай ҳамкорликнинг чегаралари ва шакллари аниқлаб берилган. Ушбу нормалар ҳокимият органлари ўртасидаги мувозанатни сақлаган ҳолда уларнинг ишини мувофиқлаштиришни таъминлаши назарда тутилган.

Қонунда, шунингдек, стратегик ва устувор лойиҳаларни амалга ошириш, шунингдек, ҳудудлар ўртасидаги иқтисодий, ижтимоий ва экологик фарқларни камайтириш билан боғлиқ вазифалар мустаҳкамланмоқда.

Бундан ташқари, алоҳида нормалар давлат кадрлар сиёсатига дахлдордир. Хусусан, раҳбар ходимлар фаолиятининг самарадорлигини тегишли кўрсаткичлар бўйича баҳолаш назарда тутилмоқда. Сенаторнинг фикрича, бу раҳбарларнинг масъулияти ва ҳисобдорлигини ошириши керак.

Aҳоли билан ишлаш ва қарорлар ижросини назорат қилиш


Сенатор Ҳусан Эрматов аҳоли ва тадбиркорлар билан очиқ мулоқотни ташкил этиш, шунингдек, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш қонунда администрациянинг устувор вазифаларидан бири сифатида белгиланганини кўрсатиб ўтди.

Яна бир норма ислоҳотларнинг амалга оширилиш жараёнини тизимли ўрганишни назарда тутади. Мажлисда таъкидланганидек, ушбу механизм, хусусан, президент топшириқлари ва қарорлари ижросини назорат қилиш учун қўлланилиши керак.

«Ушбу конституциявий қонуннинг қабул қилиниши давлат органларидаги ортиқча бюрократияга чек қўяди ва ижро интизомини мустаҳкамлайди», — деди у.

Сенат Президент администрацияси тўғрисидаги конституциявий қонунни маъқуллади
Сенат раиси Танзила Нарбаева қонун Қонунчилик палатаси билан параллель равишда кўриб чиқилгани ва Сенатнинг барча қўмиталари томонидан муҳокама қилинганини таъкидлади.

«Ҳеч қандай саволлар бўлмади, чунки республикада барча йўналишларда кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда», — деди у.

Унинг сўзларига кўра, ҳужжат давлат органлари, маҳаллий ҳокимликлар ва бошқа ташкилотлар ўртасидаги ҳамкорликнинг ҳуқуқий механизмларини такомиллаштириши ҳамда давлат бошқаруви самарадорлигини ошириши керак.

Сенаторлар конституциявий қонунни маъқуллади. Қаршилар ва бетарафлар бўлмади.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси конституциявий қонун лойиҳасини 4 август куни биринчи ўқишда, сўнг 6 август куни иккинчи ва учинчи ўқишда қабул қилган эди. Ҳужжат жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинмаган.

Қонуннинг ишлаб чиқилиши Конституциянинг 25 июль куни кучга кирган 109-моддасига киритилган ўзгартиришлар билан боғлиқ. Ушбу ўзгартиришлар Президент администрациясининг ҳуқуқий мақоми, асосий вазифалари, фаолият тартиби ва ваколатлари қонун билан белгиланишини мустаҳкамлади. Бунгача унинг мақоми қонунчилик даражасида белгиланмаган эди, давлат органлари билан ҳамкорлиги, ижро интизоми, мувофиқлаштириш, мониторинг ва таҳлилий ишлар масалалари эса асосан қонуности ҳужжатлари билан тартибга солиб келинган.

Қуйи палатада лойиҳани кўриб чиқиш чоғида депутатлар, хусусан, администрациянинг қонунлар президент томонидан имзоланишидан олдин уларни экспертизадан ўтказиш бўйича ваколатларини, давлат органларининг коррупцияга қарши комплаенс-тузилмаларини мувофиқлаштиришни ҳамда маҳаллий кенгашлар билан ҳамкорликни муҳокама қилди. Қонунчилик палатаси спикери Нуриддин Исмоилов ўшанда парламент томонидан қабул қилинган қонунни ҳуқуқий, молиявий ва коррупцияга қарши қайта экспертизадан ўтказишни сўзсиз мажбурий қилмасликни таклиф этган эди.

6 август куни масъул қўмита раиси Жаҳонгир Ширинов мутахассислар ва олимлар билан ўтказилган маслаҳатлашувлардан сўнг ушбу норма қайта ишланганини маълум қилди: лойиҳадан қонунлар президент томонидан имзоланишидан олдин уларни императив тартибда турли экспертизалардан ўтказишни талаб қилувчи қоида чиқариб ташланди.

Яна бир тузатиш 20-моддада пайдо бўлди. Унга Президент администрацияси президентга бўйсунувчи давлат органлари фаолиятини нафақат мувофиқлаштириши, балки улар фаолиятининг натижадорлигини баҳолашни ҳам ташкил этиши тўғрисидаги қоида қўшилди.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.