Team Liquid сафида иштирок этган Карлсен Лазавикни ишончли тарзда мағлубиятга учратди. Норвегиялик гроссмейстер ҳар икки сетда 3:1 ҳисобида рақибидан устун келди.
“Мен Дениснинг ўйинларини кузатдим ва мураббийлар билан гаплашдим. Айниқса, Ҳикару қўллаган ёндашув тўғри бўлмаганини ҳис қилдим. Қизиғи шундаки, мен унинг эндшпилларда ҳимояланиши унчалик кучли эмаслигини айтгандим. Шунинг учун Ҳикару каби хатога йўл қўймасдан, вазиятни яхшироқ ушлаб туришим керак деб ўйладим”, деди дунёнинг биринчи рақамли шахматчиси киберспорт бўйича Жаҳон чемпионатидаги ғалабадан сўнг.
Карлсен Лазавик билан аввалги ўйинларда йўл қўйган хатоларини ҳам эслаб ўтди:
“Мен Денис билан интернетда кўп марта ўйнаганман. Ўша ўйинларда таваккал қилиб, бунинг учун жазоланганман. Шу сабабли унга аниқ позицион устунлик беришга ҳаракат қилмадим”.
Карлсен аввал чоракфиналда ҳиндистонлик гроссмейстер Ниҳал Саринни 2,5:0,5 ҳисобида мағлуб этган бўлса, яримфиналда франциялик шахматчи Алиреза Фирузжани 4:1 ҳисобида таслим этди.
Карлсендан мағлубиятга учраши мумкинлигини ҳис қилган пайтлари бўлган-бўлмаганини сўрашганда, у шундай жавоб берди:
“Албатта, шундай вазиятлар бўлди. Алирезага қарши бир неча бор, Ниҳалга қарши ҳам шундай ҳолатлар юзага келди. Айрим хавфли вазиятлар бўлган, аммо турнирни мағлубиятсиз якунлаганимдан жуда хурсандман. Мен ноодатий нарса қилишга уринмадим. Имкониятлардан фойдаланишга, бир оз таваккал қилишга ҳаракат қилдим ва бундан мамнунман”.
Маълумот учун, мусобақада NAVI (Натус Винcере) жамоаси номидан иштирок этган Ўзбекистоннинг иккинчи рақамли гроссмейстери Нодирбек Абдусатторов чоракфиналда Денис Лазавик билан баҳс олиб борди. Дастлабки тўртта партияда ғолиб номи аниқланмади. Шундан сўнг, армаггедон баҳсида Лазавик ғалаба қозонди ҳамда кейинги босқичга йўл олди.
Ўзбекистонлик шахматчи бу турнирдаги натижаси эвазига 75 минг доллар пул мукофотини қўлга киритди.
Шахматчилар турнирда “10+0” яъни рапид форматида баҳслашди. Турнирнинг соврин жамғармаси 1,5 миллион АҚШ долларини ташкил этди ва ғолиб 250 минг долларга эга бўлди. Карлсен 2025 йилги Esports World Cup мусобақасида ҳам бош совринни қўлга киритган эди.
Манба: daryo.uz
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.