Дастур давомида бошловчи исм-шарифларни очиқламаган ҳолда, боксчига мунтазам равишда жангга чорлайдиган ҳамкасби ҳақида савол бериб, бу масалага қачон нуқта қўйилиши билан қизиқди. Бокс мухлисларига яхши маълумки, ушбу вазиятда гап Ғиёсовнинг азалий рақиби Шоҳжаҳон Эргашев ҳақида бормоқда.
“Мен нуқта қўймайман, барчасига ҳаётнинг ўзи нуқта қўяди. Биз эмас, бизнинг қилаётган ишимиз, босиб ўтаётган йўлимиз сўзлаши керак. Бизни кузатаётган инсонлар гапирсин. Ким «визов» ташлайди, ким ёмон ёки яхши гапиради — менга умуман фарқи йўқ. Ортимдан отилган тошларга қарамайман, менинг битта мақсадим бор ва фақат олдинга бораман”.
Шунингдек, суҳбат давомида бошловчининг “Сизнинг бу позициянгизни рақибингиз қачон тушуниб етади, деб ўйлайсиз?” деган саволига Ғиёсов кескин тарзда жавоб қайтарди:
“Тушунмайдиганлар ҳаётда ҳам тушунмайди. Тушунчаси паст инсонлар буни ҳеч қачон тушунмайди”, дея таъкидлади чарм қўлқоп устаси.
Маълумот ўрнида, профессионал бокснинг биринчи ярим ўрта (супер енгил) вазн тоифасида ҳаракат қилувчи ўзбекистонлик боксчилар — Шаҳрам Ғиёсов ва Шоҳжаҳон Эргашев ўртасидаги зиддият анча йиллардан буён давом этиб келади. Ижтимоий тармоқлар орқали бир неча бор тортишувлар кузатилган бўлса-да, ҳозирча улар профессионал боксда тўқнаш келмаган.
Манба: www.daryo.uz
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.