“Grand Chess Tour” сериясининг ҳал қилувчи босқичларидан бири ҳисобланган мусобақанинг сўнгги — 9-турида Синдоров қора доналарда америкалик Уесли Со билан куч синашди. 44-юришдан сўнг томонлар дурангга рози бўлди.
Эътиборлиси, сўнгги турдаги барча партияларда дуранг қайд этилди. Натижада турнир жадвалида америкалик Уесли Со ҳамда ҳиндистонлик Рамешбабу Праггнанандҳа бир хил очко жамғариб, 1-ўринни бўлишиб турган эди. Шунинг учун чемпион номини аниқлаш мақсадида айнан шу икки шахматчи ўртасида тай-брейк баҳслари ўтказилди. Ҳал қилувчи армагеддон ўйинида ҳиндистонлик рақибини мағлуб этган Уесли Со мусобақа ғолибига айланди.
Умумий мукофот жамғармаси 475 минг 685 долларни ташкил этган мусобақада ғолиб Уесли Со 87 минг 500 доллар, Праггнанандҳа 77 минг 500 доллар мукофот олди. Мусобақани бронза медали билан якунлаган Жавоҳир Синдоров ҳамда Винсент Кеймер эса 42 минг 500 доллар ишлаб топди. Эътиборли томони шундаки, мусобақа регламентига кўра аслида 3-ўрин эгасига 50 минг доллар, 4-ўрин соҳибига эса 35 минг доллар мукофот пули белгиланган эди. Бироқ Жавоҳир Синдоров ва Винсент Кеймер бир хил — 5 тадан очко жамғаргани боис, мазкур икки ўрин учун ажратилган мукофот пуллари қўшилди (жами 85 минг доллар) ва шахматчилар ўртасида тенг тақсимланди. Шу тариқа уларнинг ҳар бирига 42 минг 500 доллардан мукофот олди.
Қизиқарли жиҳати, мукофот пулларини тақсимлаш билан боғлиқ худди шундай қоида мусобақа пешқадамларида ҳам кузатилди. Гарчи чемпионлик масаласи тай-брейкда ҳал қилинган бўлса-да, асосий босқичда Уесли Со ҳам, Рамешбабу Праггнанандҳа ҳам бир хил — 5,5 тадан очко жамғарган эди. Шу сабабли, 1- ва 2-ўринлар учун белгиланган мукофот пуллари ушбу шахматчилар ўртасида ҳам ўзаро тенг тақсимланди.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.