Тошкент иқтисодиёти 2030 йилга бориб 60,4 миллиард долларга етказилиши режалаштирилмоқда

Тошкент иқтисодиёти 2030 йилга бориб 60,4 миллиард долларга етказилиши режалаштирилмоқда

Тошкент шаҳрини 2030 йилгача ривожлантириш стратегияси лойиҳасида пойтахт иқтисодиётини кейинги беш йилда 2,1 баробар ошириб, 60,4 миллиард долларга етказиш мақсади белгиланган.

«Тошкент — 2030» стратегияси лойиҳаси Тошкент шаҳар халқ депутатлари Кенгаши сессиясида муҳокама қилинди. Ҳужжат Стратегик ривожланиш ва ислоҳотлар агентлиги томонидан ишлаб чиқилган бўлиб, 68 та мақсад ва 236 та самарадорлик кўрсаткичини қамраб олган.

Стратегиянинг асосий вазифаларидан бири иқтисодий ўсишни аҳоли даромадлари ва турмуш сифатидаги ўзгаришларга айлантиришдан иборат.

2030 йилга қадар Тошкентда аҳоли жон бошига ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажмини 9,3 минг доллардан 17,7 минг долларга етказиш режалаштирилган. Мутлақ қашшоқликни эса нол даражага тушириш мақсад қилинган.

Қўллаб-қувватлаш чоралари орқали эҳтиёжманд хотин-қизлар сонини 98 399 нафардан 27 922 нафарга камайтириш кўзда тутилмоқда. IT соҳасида 23 минг нафар ёшни иш билан таъминлаш, 461 минг нафар ёшга хорижий тилларни ўргатиш режалаштирилган.

Пойтахтда ҳар йили 54 574 та хонадон қуриб битказилиши, аҳолининг уй-жой билан таъминланганлик даражасини ҳар бир киши ҳисобига 16,6 квадрат метрдан 24,4 квадрат метрга ошириш белгиланган.

Метрополитен станциялари сони 50 тадан 79 тага, метро тармоғи узунлиги эса 71 километрдан 103 километрга етказилади. Поездлар орасидаги интервални 2–3 дақиқагача қисқартириш режалаштирилган.

Жамоат транспортидаги сафарлар улуши 40 фоиздан 60 фоизга оширилиши, 1 минг километр йўл таъмирланиши ва 700 та «ақлли» чорраҳа ташкил этилиши кутилмоқда.

Экология соҳасида яшил ҳудудлар улушини 14,1 фоиздан 30 фоизга ошириш ва 4 450 гектар янги яшил майдон барпо этиш мақсад қилинган. Маиший чиқиндиларни олиб чиқиш хизматлари билан қамровни 100 фоизга етказиш режалаштирилган.

2030 йилга бориб пойтахт экспортини 7,5 миллиард долларга, IT хизматлари экспортини эса 775 миллион доллардан 4 миллиард долларга ошириш кўзда тутилмоқда. Тошкентда йилига 7,5 миллион хорижий ва 20 миллион ички сайёҳни қабул қилиш мақсад қилинган.

Стратегия ижроси ҳар бир кўрсаткич бўйича назорат қилинади. Ҳар бир туман учун алоҳида «ҳудудий паспорт» ишлаб чиқилиб, натижалар «яшил», «сариқ» ва «қизил» тоифалар асосида рақамли платформаларда акс эттирилади.

Стратегия ижросининг оралиқ баҳоси 2028 йилда, якуний баҳолаш эса 2031 йилнинг биринчи чорагида ўтказилиши режалаштирилган.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.