Маъмурий низоларда ҳуқуқбузарлик фактини исботлаш мажбурияти давлат органи зиммасига юкланади. У қабул қилган қарор ва ҳуқуқий таъсир чораларининг қонунийлиги ҳамда мутаносиблигини асослаши керак.
Қонунчиликда бартараф этиб бўлмайдиган зиддият ва ноаниқликлар тадбиркор фойдасига талқин қилинади. Далиллар етарли бўлмаган ҳолатлардаги шубҳаларга ҳам шу тартиб қўлланилади.
Агар маъмурий суд давлат органига қарорни қайта кўриб чиқиш мажбуриятини юкласа, суднинг ҳуқуқий позицияси инобатга олинади. Қайта кўриб чиқиш натижасида тадбиркорнинг аввалги ҳолати ёмонлаштирилишига йўл қўйилмайди.
Давлат органи қарорни суд ҳукми кучга кирган кундан бошлаб 30 кун ичида қайта кўриб чиқиши шарт. Муддат ўтгач, тадбиркорга нисбатан ҳуқуқий таъсир чораларини қўллаш тақиқланади.
Жиноят ишлари доирасида киритилган гаров маблағларини қайтариш тартиби ҳам соддалаштирилади. Маблағни қайтариш ҳақидаги суд ҳужжати дарҳол ижро этилиши лозим бўлган талаблар қаторига киритилади.
Белгиланган муддатда маблағ қайтарилмаса, кечиктирилган ҳар бир кун учун пеня ҳисобланади. Пеня миқдори Марказий банкнинг асосий ставкаси асосида белгиланади.
Шунингдек, суд қарорига асосан давлат бюджетига ундирилган маблағлар фуқаролар ва бизнесга зарарни қоплаш доирасида қайтарилади.
Реабилитация қилинган шахсларга етказилган моддий ва маънавий зарар ҳам компенсация қилинади.
Бизнесни асоссиз жиноий таъқибдан ҳимоя қилишга қаратилган қонун лойиҳаси уч ой ичида ишлаб чиқилади. Бу вазифа Бош прокуратура, Давлат хавфсизлик хизмати, Адлия вазирлиги ва Ички ишлар вазирлигига юклатилган.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.