Унда президент Шавкат Мирзиёев Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуасига ташриф буюриб, Ислом Каримов ҳайкали пойига гулчамбар қўйди.
Маросимда Қуръон тиловат қилиниб, дуо ўқилди. Ислом Каримовнинг мамлакат мустақиллиги, тинчлик ва барқарорликни таъминлаш, халқ фаровонлигини юксалтириш йўлидаги хизматлари ёдга олинди.
Олий Мажлис палаталари, Президент администрацияси, Вазирлар Маҳкамаси, вазирлик ва идоралар вакиллари, зиёлилар ва Тошкент шаҳри жамоатчилиги ҳам Ислом Каримов ҳайкали пойига гуллар қўйди.
Бу йил Ислом Каримов вафотига 10 йил тўлди. 2016 йил 27 август куни эрталаб 78 ёшли биринчи президент Соғлиқни сақлаш вазирлиги Тиббиёт-санитария бирлашмасининг Марказий клиник касалхонасига шошилинч равишда етказилган эди. Эртаси куни Вазирлар Маҳкамаси Ислом Каримов стационар даволанаётганини маълум қилди. 2 сентябрь куни эрталаб газеталарда Вазирлар Маҳкамасининг у оғир аҳволда экани ҳақидаги хабари пайдо бўлди, ўша куни кечқурун эса унинг вафоти эълон қилинди. Эртаси куни у Самарқандда дафн этилди. Мамлакатда уч кунлик мотам эълон қилинди.
«Ислом Каримов мамлакатимиз тарихининг ғоят мураккаб ва масъулиятли даврида Ўзбекистонга раҳбарлик қилди. Унинг номи мустақилликнинг қўлга киритилиши, миллий давлатчилигимизнинг тикланиши ва юртимизнинг мустақил тараққиёт йўлига чиқиши билан узвий боғлиқ. Мустақиллик, энг аввало, бизга шону шарафимиз, муқаддас динимиз, она тилимиз, унутилаётган миллий қадриятларимизни қайтариб берди. Истиқлол туфайли биз ўзлигимизни англадик, номи ҳамиша эъзозда бўлган ота-боболаримизнинг муносиб ворислари эканимизни бутун дунёга намоён этдик», — дейилади президент матбуот хизмати хабарида.








© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.