Президент Шавкат Мирзиёев ва Нарендра Моди музокаралар ўтказиб, савдо, инвестициялар, транспорт боғлиқлиги, рақамли трансформация, энергетикага ўтиш, муҳим минераллар, озиқ-овқат хавфсизлиги, соғлиқни сақлаш, фармацевтика ва таълим соҳаларидаги ҳамкорликни чуқурлаштиришга келишиб олди.
Томонлар, шунингдек, муносабатларни кенг қамровли стратегик шериклик даражасига олиб чиқиш ниятини билдирди.

Ўтган йилларда қўшма корхоналар сони етти бараварга кўпайди. Мамлакатлар ўртасида ҳафтасига 14 та тўғридан-тўғри авиарейс амалга оширилмоқда. Ўзбекистонда Ҳиндистоннинг тўртта олий таълим муассасаси фаолият юритмоқда.
Томонлар ўзаро савдодаги товарлар рўйхатини кенгайтириш, нотариф тўсиқларни бартараф этиш ва саноат кооперациясини ривожлантириш ниятида. Бунинг учун нотариф масалалар ва инвестициявий тўсиқлар бўйича қўшма ишчи гуруҳ тузиш режалаштирилган.
Томонлар, шунингдек, электрон тижоратни ривожлантириш, савдо жараёнларини рақамлаштириш ҳамда кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш платформаларини жорий этишга келишиб олди.
Ҳиндистон, шунингдек, Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлишини қўллаб-қувватлашини тасдиқлади. Томонлар регуляторлар ўртасидаги мулоқотни ривожлантириш ва икки мамлакат бозорларига товарлар киришини тезлаштириш мақсадида ўзаро тан олиш механизмларини ўрганиш ниятида.
Баёнотнинг асосий бандларидан бири преференциал савдо тўғрисидаги эҳтимолий битим бўлди. Томонлар Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасида преференциал савдо тўғрисидаги битим тузиш мақсадга мувофиқлигини ўрганиш бўйича қўшма тадқиқот якунланганини эслатди. Тегишли вазирликларга белгиланган муддатларда кейинги қадамларни ўрганиш топширилди.
Савдони оширишнинг истиқболли йўналишлари сифатида электротехника ва машинасозлик маҳсулотлари, автомобиллар ҳамда фармацевтика қайд этилди. Ўзбекистон ва Ҳиндистон, шунингдек, инвесторлар муаммоларини кўриб чиқиш учун институционал механизм яратишга келишиб олди.

Ҳиндистон компанияларини Ўзбекистондаги истиқболли конларни ўзлаштиришга жалб этиш режалаштирилмоқда. Ўз навбатида, Ўзбекистон корхоналари Ҳиндистондаги қўшма лойиҳаларда иштирок этиши мумкин.
Томонлар, алоҳида равишда, атом энергиясидан тинч мақсадларда фойдаланиш соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтиришдан манфаатдор эканини билдирди.
Муҳим минераллар бўйича геологик қидирув ва қазиб олишдан тортиб қайта ишлаш ва интеграциялашган қиймат занжирларини шакллантиришгача бўлган барча асосий босқичларда қўшма лойиҳалар амалга оширилиши кутилмоқда.
Баёнотда, шунингдек, транспорт харажатларини камайтириш мақсадида юк ташишни қайта тиклаш нияти билдирилган. Ҳужжатда айнан қайси йўналишлар назарда тутилгани аниқлаштирилмаган.
Бундан ташқари, томонлар замонавий технологиялардан фойдаланган ҳолда йўллар қуриш бўйича тажриба алмашиш ва йўл инфратузилмасини реконструкция қилиш ҳамда модернизациялаш бўйича қўшма лойиҳаларни кўриб чиқиш ниятида.
Алоҳида йўналиш сифатида Ўзбекистон жамоат транспорти учун экологик тоза ва энергия самарадор ечимларни ривожлантириш белгиланган.

Ўзбекистон ва Ҳиндистон, шунингдек, февраль ойида Нью-Деҳлида бўлиб ўтган India AI Impact Summit доирасида эришилган келишувларни ривожлантириш ниятида.
Томонлар хавфсиз, ҳимояланган ва ишончли сунъий интеллект тизимларини ишлаб чиқиш соҳасида, жумладан, тажриба ва илғор амалиётлар алмашинуви орқали ҳамкорликни мустаҳкамлашга келишиб олди.
Сунъий интеллектдан иқтисодий ўсиш, инновацион ривожланишга кўмаклашиш ва жамоатчилик муаммоларини ҳал этиш учун фойдаланиш режалаштирилмоқда.
Мамлакатлар, шунингдек, коинотни тинч мақсадларда ўзлаштириш, жумладан, космик технологиялардан фойдаланиш, илмий маълумотлар алмашиш ва қўшма таълим дастурларини амалга ошириш соҳасида ҳамкорлик қилишдан манфаатдор эканини тасдиқлади.
Томонлар, шунингдек, соғлиқни сақлаш ва фармацевтика соҳаларидаги ҳамкорликни кенгайтиришга келишиб олди. Хусусан, Ҳиндистон компаниялари билан ҳамкорликда Ўзбекистонда янги тиббий марказлар, лабораториялар, тадқиқот муассасалари ва фармацевтика ишлаб чиқариш корхоналарини ташкил этиш қўллаб-қувватланди.
Бундан ташқари, томонлар Сурхондарё вилоятидаги қадимий Фаёзтепа ва Қоратепа буддавийлик ёдгорликларини реставрация қилиш, маданий мерос объектларини рақамлаштириш ва археологик артефактларнинг 3D-моделларини яратишда ҳамкорлик қилиш ниятида.

Томонлар БМТни, жумладан, Хавфсизлик кенгашини «замонавий глобал воқеликни акс эттириши» ҳамда янада вакилликка асосланган ва самарали бўлиши учун комплекс ислоҳ қилиш тарафдори эканини билдирди.
Шавкат Мирзиёев, шунингдек, Нарендра Модини Ҳиндистоннинг 2026 йилда БРИКСга раислик қилиши билан табриклади. Ҳиндистон бош вазири, ўз навбатида, Ўзбекистоннинг 2027−2030 йилларда Қўшилмаслик ҳаракатига раислигини қўллаб-қувватлашини билдирди.
Ташриф якунлари бўйича Нарендра Моди Шавкат Мирзиёевни Ҳиндистонга жавоб ташрифи билан келишга таклиф қилди. Унинг санаси дипломатик каналлар орқали келишиб олинади.
Етакчилар, шунингдек, «Дўстлик» қўшма ҳарбий машғулотлари ўтказилаётганини қайд этди. Уларнинг сўнггиси 2026 йил апрель ойида Наманган вилоятида бўлиб ўтган.
Яқинда Ҳиндистон Ўзбекистонга BHISHM кўчма госпиталь мажмуаларини топширди ва Ҳарбий хавфсизлик ва мудофаа университети ҳузуридаги поликлиникани жиҳозлади. Ўзбекистон Мудофаа саноати агентлиги делегацияси аввалроқ Aero India 2025 кўргазмасида иштирок этган.
Алоҳида эътибор минтақалараро алоқаларга қаратилди. Амалдаги Гужарат — Андижон ҳамкорлигидан ташқари, томонлар Гужарат — Самарқанд, Фарғона — Харьяна ва Агра — Самарқанд шерикликларини кўриб чиқмоқда.
Гуманитар соҳада Тошкент давлат шарқшунослик университетида Ҳиндистон Маданий алоқалар кенгашининг (ICCR) санскрит кафедрасини ташкил этиш эълон қилинди.
Нарендра Моди, шунингдек, навбатдаги «Ҳиндистон — Марказий Осиё» саммити 2027 йилда Ҳиндистонда бўлиб ўтишини маълум қилди. Сиби Жоржнинг сўзларига кўра, Ўзбекистон Нью-Деҳли учун минтақадаги асосий ҳамкорлардан бири бўлиб қолмоқда.
Ўзбекистон ва Ҳиндистон уран етказиб бериш бўйича янги узоқ муддатли келишувни имзолашга «жуда яқин», деди Ҳиндистон ТИВ вакили. Амалдаги шартнома 2026 йилгача мўлжалланган. Ҳиндистон импорт қилинадиган ёқилғига боғлиқ бўлиб, 2047 йилга бориб атом энергетикаси қувватини 7,9 ГВтдан 100 ГВтгача оширишни режалаштирмоқда.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.