«Бу мамлакатимизнинг Тинч океани шимоли-ғарбидаги биринчи консуллик муассасаси ва Ўзбекистон ҳамда Америка Қўшма Штатлари ўртасидаги муносабатларни янада ривожлантиришдаги муҳим қадамдир», — деб хабар берди Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонаси маслаҳатчи-элчиси ва Президент администрациясининг Қўшма Штатлардаги вакили Комил Алламжонов.
У бош консулхона мамлакатлар ўртасидаги савдо-иқтисодий, инвестициявий, технологик, таълим ва ижтимоий алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилишига ишонч билдирди.
Бош консулхона ўз фаолиятини март ойида бошлаган. Унинг раҳбари этиб, бунгача Ўзбекистон ТИВ матбуот котиби бўлиб ишлаган карьеравий дипломат Аҳрор Бурҳонов тайинланди.

Маросимда иштирок этган Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчиси Фурқат Сидиқов консуллик муассасасининг очилишини икки давлат ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун янги платформа деб атади.
«Сиэтл — технологиялар, инновациялар ва саноат соҳасида жаҳон етакчисидир. Бу бизнинг келажакдаги ҳамкорлигимиз учун энг мақбул жой», — деди у.
Ўзбекистоннинг Сиэтл, шунингдек, Филадельфия, Чикаго ва Орландода бош консулхоналарини очиш ўтган йилги президентнинг Америка-Ўзбекистон ишбилармонлик ва инвестиция кенгашини ташкил этиш тўғрисидаги фармонида назарда тутилган эди. Бунгача АҚШда Вашингтондаги (Колумбия округи) элчихона ва Нью-Йоркдаги бош консулхона фаолият юритиб келаётган эди.
Расмий маълумотларга кўра, Вашингтон штатида 3000 дан ортиқ ўзбекистонлик истиқомат қилади. Уларнинг аксарияти Сиэтл ва унинг атрофидаги ҳудудларда ишлайди.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.