Бу ҳақда Давлат активларини бошқариш агентлигининг ахборот хизмати хабар берди.
Чора-тадбирлар Президентнинг 2026 йил 28 августдаги «Иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартириш ва хусусийлаштириш жараёнларини жадаллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонида белгиланган.
Жами қиймати қарийб 100 триллион сўмлик активларни савдога чиқариш режалаштирилган. Уларни йил якунига қадар сотиш орқали бюджетга камида 14 триллион сўм тушиши кутилмоқда.
Янги ҳужжат давлат активларини сотиб олиш шартларини ҳам ўзгартиради. Хусусан, дастлабки тўлов миқдори 35 фоиздан 15 фоизга туширилади. Қолган маблағни харидорлар фоиз ҳисобланмаган ҳолда босқичма-босқич тўлаши мумкин. Илгари бўлиб-бўлиб тўлашда ўртача 14 фоиз устама қўлланилган.
Йирик битимлар учун қўшимча имтиёзлар ҳам назарда тутилган.
Агар харидор актив қийматини олти ой ичида тўлиқ тўласа, унга 25 фоиз чегирма берилади. Илгариги тартибда бир ой ичида тўлиқ тўлов қилинганда чегирма 14 фоизни ташкил этган.
Шунингдек, фоизсиз бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти жорий этилади:
Активни сотишнинг иложи бўлмаса, унинг нархи пасайтирилади. Савдоларни ўтказиш механизми ҳам ўзгаради. Агар актив уч ой ичида сотилмаса, уни босқичма-босқич нархни пасайтириш усулида қайта савдога чиқариш мумкин.
Айрим ҳолатларда «гибрид аукцион» формати қўлланилади. Бунда савдо жараёнида дастлаб нарх пасайтирилади, кейин эса оширилади.
Янги шартлар нафақат давлат тасарруфидаги активларга татбиқ этилади. Худди шундай механизм ва имтиёзларни давлат иштирокидаги тижорат банклари балансида турган активларни сотишда ҳам қўллашга рухсат берилади.
Ер майдонларининг инвестициявий жозибадорлигини оширишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ерларни «тайёр пакет» тамойили асосида сотиш назарда тутилган. Бу потенциаль инвесторга муҳандислик тармоқларига уланиш учун техник шартлар ва зарур рухсат берувчи ҳужжатлар олдиндан тақдим этилишини англатади.
Бундай ёндашув янги лойиҳани ишга туширишда тадбиркор дуч келадиган вақт ва ноаниқликларни камайтиришга хизмат қилиши керак.
Давлат таълим ва тиббиёт соҳаларидаги ролини ҳам ўзгартирмоқда. Давлатнинг бевосита иштирокини қисқартириш ижтимоий аҳамиятга эга соҳаларга ҳам таъсир қилади.
Ҳужжатда йирик давлат олий таълим муассасалари ва ихтисослаштирилган тиббиёт марказларини босқичма-босқич тижоратлаштириш назарда тутилган. Бунда хусусий инвесторларни жалб қилиш ва турли молиявий воситалардан фойдаланиш имконияти кўзда тутилмоқда.
В. Новиков
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.