Ўзбекистон ва Сербия ўртасидаги ҳамкорлик янги босқичга кўтарилади

Ўзбекистон ва Сербия ўртасидаги ҳамкорлик янги босқичга кўтарилади


Белградда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Сербия Президенти Александр Вучич ўртасида музокаралар бўлиб ўтди. Учрашувда икки мамлакат ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий ва гуманитар ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Мулоқотда юқори даражадаги сиёсий алоқалар, парламентлараро ҳамкорлик, ишбилармонлик ва гуманитар алмашинувлар фаоллашгани қайд этилди. Келгусида дипломатик ваколатхоналар очиш ҳамда парламентлараро форум ташкил этиш режалари муносабатларни янада мустаҳкамлаши таъкидланди.

Савдо ва инвестиция соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди. Йил бошидан буён қатор иқтисодий тадбирлар ўтказилган бўлса, кеча Ҳукуматлараро комиссиянинг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди. Бугун эса Ўзбекистон — Сербия бизнес форуми ўтказилиши режалаштирилган.

Ўзаро савдо ҳажмини ошириш, талаб юқори бўлган товарлар етказиб беришни кенгайтириш ва стандартлаштириш соҳасида ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича келишувларга эришилди. Шунингдек, Эркин савдо тўғрисидаги битимни ишлаб чиқиш ва ўзаро кўргазмалар ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.

Транспорт ва логистика, енгил ва озиқ-овқат саноати, қишлоқ хўжалиги, фармацевтика, тиббиёт ва рақамли иқтисодиёт устувор йўналишлар сифатида белгиланди. Автомобиль қисмлари, ускуналар, электр техника ва электроника ишлаб чиқаришда саноат кооперациясини кенгайтириш учун имкониятлар мавжудлиги қайд этилди.

Ҳамкорликдаги лойиҳаларни амалга ошириш мақсадида 2026–2028 йилларга мўлжалланган саноат шериклигини ривожлантириш бўйича қўшма ҳаракатлар режаси қабул қилинди.

Ҳудудлараро алоқаларни кучайтириш ҳам музокараларнинг муҳим йўналишларидан бири бўлди. Самарқанд вилояти билан Воеводина, шунингдек, Самарқанд ва Нови-Сад шаҳарлари ўртасида тўғридан-тўғри алоқалар ўрнатилгани олқишланди.

Таълим, маданият, спорт ва туризм соҳаларида ҳам ҳамкорликни кенгайтиришга келишиб олинди. Маданият кунлари, кино, театр ва мусиқа фестивалларини ўтказиш ҳамда спорт федерациялари ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни ривожлантириш режалаштирилган.

Меҳнат миграцияси масалалари ҳам муҳокама қилинди. Томонлар меҳнат мобиллиги ва миграцияси бўйича битим қабул қилинганини олқишладилар.

Учрашувда минтақавий ва халқаро кун тартибидаги масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди. Келишувларни амалга ошириш учун кенг қамровли «йўл харитаси» қабул қилиниши белгиланди.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.