«Дунё шахмат осмонида ёрқин юлдуз бўлиб порлаган сиз, азиз фарзандларимни, 46-Жаҳон шахмат Олимпиадасида эришган тарихий ғалабангиз билан чин қалбимдан табриклайман», — дейилади табрикда.
Президент уларни «янги Ўзбекистон қаҳрамонлари, жаҳон шахмат оламида янги тарих яратган олтин авлод» деб атади.
«Бутун халқимиз сизлар билан чексиз фахрланади, ғурурланади», — деди у.
Жамоанинг амалдаги Олимпиада чемпиони — Ҳиндистонни, қадимий шахмат мактаби ва кўплаб гроссмейстерларга эга бўлган Хитойни, дунё рейтингида биринчи ўринни эгаллаб келаётган, олти карра Олимпиада чемпиони бўлган АҚШни мағлуб этгани алоҳида таъкидланди.
Шунингдек, жамоанинг ҳар бир аъзоси — Нодирбек Абдусатторов, Нодирбек Ёқуббоев, Жавоҳир Синдаров ҳамда бундай йирик халқаро мусобақада биринчи марта иштирок этган Муҳиддин Мадаминовнинг ўйинлари юқори баҳоланди.
Ўз навбатида, Шамсиддин Воҳидовнинг Ҳиндистон, Туркия ва Венгрия вакилларига қарши муросасиз ўйинларда ўзини йўқотмасдан, муҳим очколарни олишга эришгани ҳам айтиб ўтилди.
«Бир сўз билан айтганда, терма жамоамиз аъзоларининг ҳар бири ўзига ишониб, фақат олдинга қараб борганини кўриб, янги Ўзбекистонда қандай буюк шахмат мактаби, шахматчилар авлоди шаклланганига бутун дунё тан берди», — дейди давлат раҳбари.
Мусобақаларда иккинчи таркиб билан иштирок этган жамоа қайд этган натижа ҳам «қувонарли» дея баҳоланди. Ўзбекистон 2 жамоавий 15 очко тўплаб, 18-ўринни олди.
«Жаҳонгир Воҳидов ўғлим кучли ирода кўрсатиб, ушбу жамоамизни совринли ўринлар сари бошлади. Испания, Англия ва Нидерландия каби давлатлар вакиллари устидан қозонилган ишончли ғалабалар унутилмас тарихга айланди», — деди Шавкат Мирзиёев.
Аёллар жамоаси ҳам кескин курашларда ҳақиқий матонат намунаси бўлгани кўрсатиб ўтилди.
«Улар АҚШ жамоаси билан тенгма-тенг баҳс олиб борганлари, 11 та турда 7 та ютуққа эришиб, ўн учинчи ўринни қўлга киритгани ҳам муҳим натижадир», — деди президент.
Бундан ташқари, Самарқанд олимпиадасида парашахматчилар ҳам улкан жасорат кўрсатиб, бундай ўйинлар тарихида биринчи марта бронза медалини қўлга киритганига тўхталиб ўтилди.
«Селби қизим шахсий ҳисобда кумуш, Абдулазиз ўғлим бронза медалига сазовор бўлгани, Аҳадхон ўғлим умуман мағлуб бўлмагани мени жуда хурсанд қилди», — деди Шавкат Мирзиёев.
Унинг қайд этишича, «мамлакатда шахмат ривожига берилаётган доимий эътибор, йўлга қўйилган самарали тизим ва қулай шароитлар ёшлар эришган натижаларни таъминлашда муҳим омил бўлди».
Яқинда бу борада яна бир президент қарорини қабул қилдик, ушбу ҳужжат яқин келажакда янада улкан натижалар учун, албатта, мустаҳкам замин яратади, деди у.
Шунингдек, Ўзбекистон шахмат федерацияси ФИДЕ томонидан 2026 йилда «Энг яхши федерация» номинациясида ғолиб деб топилгани, мураббий, гроссмейстер Рустам Қосимжонов ФИДЕнинг фахрий вице президенти, Ҳулкар Тоҳиржонова ФИДЕнинг Марказий Осиё давлатлари бўйича минтақавий президенти этиб сайланганини Ўзбекистоннинг шахмат мамлакати сифатида обрў-эътибори ошиб бораётганининг яна бир далили сифатида қабул қилиниши айтиб ўтилди.
«Барчамизнинг умумий ғалабамиз 3000 йиллик бой тарих ва маданият овози келиб турган, XIV-XV асрларда Иккинчи Ренессанс марказларидан бири бўлган бу буюк шаҳарда қўлга киритилгани унинг қадр-қимматини янада оширмоқда», — деди Шавкат Мирзиёев.
Шунингдек, президент ноябрь ойида Жаҳон тожи учун [Доммаражу Гукешга қарши] бўладиган тарихий беллашувда Жавоҳир Синдоровдан улкан зафарлар кутишини айтди: «Сен бунга, албатта, қодирсан, Жавоҳир болам!»
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.