Ўзбекистон 2031 йилда БМТнинг Жиноятчиликнинг олдини олиш ва жиноий одил судлов бўйича конгрессига мезбонлик қилади
Ўзбекистон 2031 йилда БМТнинг Жиноятчиликнинг олдини олиш ва жиноий одил судлов бўйича 16-конгрессига мезбонлик қилади. Бу ҳақда Абу-Дабида (БАА) ўтаётган 15-конгрессда иштирок этган Президент администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева маълум қилди. Қарор конгресс иштирокчилари қабул қилган Абу-Даби декларациясида ҳам
мустаҳкамланган.
«Мен буни Ўзбекистонга халқаро ишончнинг муҳим белгиси сифатида қабул қиламан. Очиқлигимизга, мулоқот қилишга ва умумий мақсад йўлида саъй-ҳаракатларни бирлаштиришга тайёрлигимизга бўлган ишонч. Олдинда беш йиллик тайёргарлик турибди», — деб ёзди Саида Мирзиёева ўзининг Telegram каналида.
Бу галги конгресс диққат марказида жиноятчиликнинг олдини олиш, жиноий одил судлов, қонун устуворлиги ва рақамли трансформация ўртасидаги ўзаро боғлиқлик турибди.
Кўриб чиқилаётган масалалар қаторида трансмиллий жиноятчилик, терроризм, гиёҳванд моддалар савдоси, коррупция ва экологик ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш, шунингдек, болаларни ҳимоя қилиш ва қонун устуворлигини мустаҳкамлаш бор.
Тадбирда нутқ сўзлаган Саида Мирзиёева шундай деди: «Биз инсоният тарихининг мураккаб даврида яшаяпмиз. Инқирозлар бирин-кетин турли минтақаларни қамраб олмоқда. Жиноятчилик янги шаклларга кирмоқда. У чегаралардан осонгина ўтади, технологиялар ёрдамида ҳаракатланади ва уни жиловлашга қаратилган тизимдан тезроқ мослашади».
У жиноятчиликнинг олдини олиш ва одил судлов «одамлардан узоқда муҳокама қилинадиган мавҳум ғоялар бўлиб қолмаслиги, одамларга етиб бориши кераклигини, акс ҳолда ҳеч қандай аҳамият касб этмаслигини» таъкидлади.
Конгресс 26 сентябрдан 1 октябрга қадар бўлиб ўтмоқда. Ушбу тадбир 1955 йилдан буён ҳар беш йилда дунёнинг турли ҳудудларида ўтказилади. Глобал форум сифатида конгресс давлатлар ва мазкур соҳада фаолият юритаётган мутахассислар, жумладан, халқаро ташкилотлар, фуқаролик жамияти ҳамда академик доиралар вакиллари ўртасида ахборот ва илғор тажриба алмашишни таъминлайди.
Конгресс доирасида Саида Мирзиёева БМТ бош котиби ўринбосари, БМТнинг Гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси ижрочи директори Моника Жума билан учрашди. «Биз БМТнинг Гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси билан фаол ҳамкорлик қилиб, қўшма лойиҳаларни амалга оширмоқдамиз», — деди у.
Президент Администрацияси раҳбари, шунингдек, БАА президенти шайх Муҳаммад бин Зоид Ол Наҳаён билан
учрашди. Улар мамлакатлар ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди, шунингдек, сунъий интеллектни ривожлантириш мавзусига ҳам тўхталди.