Осиё ўйинлари: Ўзбекистоннинг 5 нафар боксчиси ярим финалга йўл олди

Осиё ўйинлари: Ўзбекистоннинг 5 нафар боксчиси ярим финалга йўл олди

Япониянинг Аичи–Нагоя шаҳрида ўтаётган Осиё ўйинларининг бокс мусобақасида Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари муваффақиятли иштирок этмоқда.

— 51 кг вазн тоифасида Феруза Казакова чорак финалда шимолий кореялик Ан Кум Бёлга қарши рингга кўтарилди. Муросасиз кечган жангда ҳамюртимиз характер кўрсатиб, 5:0 ҳисобида ғалаба қозонди ва ярим финалга йўл олди. Энди Казаковани ярим финалда амалдаги Олимпиада чемпиони, хитойлик Ю Ву кутиб турибди.

— 70 кг вазн тоифасида Шавкатжон Болтаев хитойлик Ли Гуофенга қарши жанг қилди. Баҳс давомида аниқроқ ва фаол ҳаракат қилган Болтаев ҳакамлар қарорига кўра 5:0 ҳисобида зафар қучди. У ярим финалда қозоғистонлик Тўрехан Сабирхон билан куч синашади.

— 60 кг вазн тоифасида Ситора Турдибекова мўғулистонлик Намуун Монхорга қарши рингга чиқди. Қизиқарли ва кескин кечган жангда Турдибекова 3:2 ҳисобида ғалаба қозониб, ярим финалга чиқди. Унинг навбатдаги рақиби Олимпиада чемпиони, хитойлик Лин Ю Тинг бўлади.

— 90 кг вазн тоифасида жаҳон чемпиони Тўрабек Хабибуллаев қозоғистонлик Нурбек Оралбайга қарши жанг ўтказди. Марказий Осиё вакиллари ўртасидаги муросасиз баҳсда Хабибуллаев 3:2 ҳисобида муҳим ғалабани қўлга киритиб, ярим финалга йўл олди.

Аёллар ўртасида — 75 кг вазн тоифасида Азиза Зокирова эса чорак финалда қозоғистонлик жаҳон чемпиони ва Осиё ўйинлари вице-чемпиони Наталья Богдановага қарши баҳс олиб борди. Шиддатли кечган жанг якунида Зокирова 1:4 ҳисобида имкониятни бой берди ва мусобақадаги иштирокини чорак финалда якунлади.

Шу тариқа, Ўзбекистон боксчилари ярим финалга чиққанлар сони бўйича турнирдаги энг юқори кўрсаткич қайд этилган терма жамоалардан бири бўлиб, 7 нафар вакил билан ушбу босқичга етиб келди. Хитой ҳам 7 нафар боксчи билан ярим финалда иштирок этади. Кейинги ўринларда Ҳиндистон — 6, Қозоғистон — 5, Япония — 4 нафар.

Ярим финалга чиққан боксчилар сони:

Ўзбекистон — 7
Хитой — 7
Ҳиндистон — 6
Қозоғистон — 5
Япония — 4
Тожикистон — 2
Жанубий Корея — 2
Шимолий Корея — 2
Иордания — 2
Вьетнам — 2
Хитой Тайпейи — 2
Филиппин — 1
Эрон — 1
Таиланд — 1

Эртага яна 3 нафар ҳамюртимиз финал йўлланмаси учун рингга кўтарилади.

Ярим финал жанглари:

— 60 кг: Абдумалик Халоков — Шунсуке Китамото (Япония) — 10:00
— 80 кг: Фазлиддин Эркинбоев — Анкуш (Ҳиндистон) — 10:30
+90 кг: Жаҳонгир Зокиров — Амир Эсмаеили (Эрон) — 12:15

Баҳслар Тошкент вақти билан 09:00 да бошланади.

Манба: stadion.uz

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.