Шахмат олимпиадаси ғолиблари ва иштирокчилари давлат мукофотлари билан тақдирланди

Шахмат олимпиадаси ғолиблари ва иштирокчилари давлат мукофотлари билан тақдирланди

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 28 сентябрь куни 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси ва 3-Парашахмат олимпиадаси ғолиблари ҳамда иштирокчиларини мукофотлаш тўғрисидаги фармонни имзолади.

Фармонга кўра, Самарқанд шаҳрида илк бор ўтказилган мазкур мусобақаларда муваффақиятли иштирок этган, юқори профессионал маҳорат, ақл-заковат, ирода ва матонат намоён этган ҳамда Ўзбекистоннинг халқаро нуфузини оширишга муносиб ҳисса қўшган бир қатор шахматчилар, мураббийлар ва соҳа мутахассислари давлат мукофотлари билан тақдирланди.

Жумладан, «Ўзбекистон ифтихори» фахрий унвони билан шaxмат бўйича Ўзбекистон эркаклар миллий терма жамоаси аъзоси Муҳиддин Мадаминов тақдирланди.

«Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спортчи» фахрий унвони Нодирбек Абдусатторов, Шамсиддин Воҳидов ва Нодирбек Ёқуббоевга берилди.

«Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спорт устози» фахрий унвонига шахмат бўйича эркаклар миллий терма жамоаси бош мураббийи Рустам Қосимжонов ҳамда парашахмат миллий терма жамоаси мураббийи Самандар Шермуҳаммадов сазовор бўлди.

«Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийи» фахрий унвони билан Ўзбекистон шахмат федерацияси раиси ўринбосари Комил Синдоров тақдирланди.

Шунингдек, «Фидокорона хизматлари учун» ордени билан Жавоҳир Синдоров, «Дўстлик» ордени билан Нафиса Мўминова, Бобур Сатторов ва Рашид Талипов, «Мардлик» ордени билан Жаҳонгир Воҳидов, Сирожиддин Зайнидинов, Селби Какишова, Аҳадхон Кимсанбоев, Сардорбек Мамаражабов ва Марсел Шаюсупов мукофотланди.

«Келажак бунёдкори» медали билан Абдималик Абдисалимов, Комилжон Азизов, Ҳумоюн Бегмуратов, Жавлон Мардонов, Ортиқ Ниғматов ва Муҳаммадзоҳид Суяров тақдирланди.

«Соғлом турмуш» медали эса Бахтиёр Жумаев, Нилуфархон Имомқўзиева, Гулдона Каримова, Умида Омонова, Гулруҳбегим Тоҳиржонова ва Афрўза Ҳамдамовага топширилди.

Фармонда таъкидланишича, мукофотлашга спортни мамлакатда кенг оммалаштириш, ёш авлодни Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялаш ҳамда миллий ғурур ва ватанпарварлик туйғуларини юксалтиришга қўшаётган ҳисса ҳам асос бўлган.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.