Сўровда соғлиққа, жинсий эркинликка, оилага, ёшларга ва ахлоққа қарши жиноятлар содир этган шахслар бўйича махсус реестрнинг ҳолати ва ундан амалиётда фойдаланиш даражаси ҳақида маълумот бериш сўралган.
Шунингдек, вояга етмаганлар билан ишлайдиган давлат органлари ва ташкилотлари томонидан реестр маълумотларини олиш учун юборилган сўровлар сони ва уларнинг натижалари, реестрга киритилган шахсларнинг меҳнат фаолияти билан боғлиқ масалалар юзасидан ҳам маълумот сўралган.
Болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва зўравонликнинг олдини олишга қаратилган қонунчилик механизмлари, жумладан, 2023 йил 11 апрелда қабул қилинган қонун билан айрим тоифадаги шахсларнинг таълим, тарбия, болаларни соғломлаштириш, спорт ва ижодий ташкилотларда ишлаши ҳамда болалар билан бевосита ишлаши тақиқланган. Шунингдек, бундай шахсларнинг реестрини шакллантириш ва юритиш тартиби белгиланган.
Президентнинг 2026 йил 3 мартдаги ПФ 33-сон фармони билан тасдиқланган «Йўл харитаси»да ҳам махсус реестрни юритиш тизимини такомиллаштириш, реестрга киритилган шахсларни мониторинг қилиш ва вояга етмаганлар билан ишлайдиган ташкилотларга ушбу маълумотлардан фойдаланиш имкониятини яратиш вазифалари белгиланган.
Сенатор сўровида аниқланган тизимли муаммоларни бартараф этиш ва болаларни зўравонликдан ҳимоя қилиш механизмларини янада кучайтириш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар юзасидан ҳам асослантирилган тушунтиришлар бериш сўралган.
Сўров Наманган вилоятининг Учқўрғон туманидаги давлат боғчасининг 5 ёшли тарбияланувчисига нисбатан содир этилган жинсий зўравонликка оид шов-шувли ҳолат фонида юборилмоқда.
12 сентябрь куни туман ИИБ тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 118-моддаси 4-қисми (Ўн тўрт ёшга тўлмаган шахсни номусига тегиш) билан жиноят иши қўзғатилди. Жиноятни содир этганликда гумонланиб, боғча ходими К. М. ушланди ва унга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланди.
Қизча онасининг сўзларига кўра, тахмин қилинаётган зўравонлик бир неча бор содир этилган бўлиши мумкин. Унинг айтишича, содир бўлган ҳодисадан сўнг бола жуда қўрқоқ бўлиб қолган ва боғча ёнидан ўтишдан ҳам қўрқмоқда.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.