“Тарихий натижа учун мукофот йўқ” — қозоғистонлик шахматчи Олимпиадада кумуш медали учун мукофот пули берилмаганидан норози бўлди

“Тарихий натижа учун мукофот йўқ” — қозоғистонлик шахматчи Олимпиадада кумуш медали учун мукофот пули берилмаганидан норози бўлди

Қозоғистонлик шахматчи Алуа Нурман 2026 йилги Бутунжаҳон шахмат олимпиадасида қўлга киритилган кумуш медали учун спортчиларга давлат томонидан ҳеч қандай мукофот пули тўланмаслигини маълум қилди. Унинг айтишича, ушбу нуфузли мусобақа мукофотланадиган турнирлар рўйхатига киритилмаган.

Спортчи Қозоғистонга қайтганидан сўнг масъуллардан эшитган жавобидан ҳайратда қолганини яширмади:

“Қозоғистонга қайтиб келганимиздан сўнг, Олмаота шаҳри Жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси ходимлари бу ютуғимиз учун бизга давлат мукофоти тўланмаслигини айтишганида жуда ҳайрон қолдим. Бунинг устига, Олимпиададаги натижамиз бизга ҳар ой бериладиган давлат тўловларини олиш ҳуқуқини ҳам бермас экан. Сабаби — Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси натижалари бўйича мукофот пули тўланадиган давлат мусобақалари рўйхатига киритилмаган экан”.

Шахматчи спорт мутасаддиларига юзланиб, қатор ҳақли саволларни ўртага ташлади:

“Спортга масъул раҳбарларга табиий бир савол туғилади: нима учун бундай бўлди? Қандай қилиб дунёнинг барча етакчи мамлакатлари қатнашадиган, шахматчилар учун энг асосий жамоавий мусобақа ҳисобланган нуфузли турнир давлат рўйхатидан тушиб қолган? Ва энг муҳими — бу вазиятни қандай ўнглаш ҳамда Бутунжаҳон шахмат олимпиадасини тегишли рўйхатга киритиш мумкин?”.

Маълумот ўрнида, 2026 йилги Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси 16–27 сентябрь кунлари Ўзбекистоннинг Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтди. Қозоғистон аёллар терма жамоаси мусобақа давомида бирорта ҳам учрашувда мағлуб бўлмай, 18 очко жамғарган ҳолда 2-ўринни эгаллади.

Эслатиб ўтамиз, Бутунжаҳон шахмат олимпиадасида чемпионликни қўлга киритган Ўзбекистон эркаклар терма жамоаси аъзолари президент Шавкат Мирзиёев томонидан фахрий унвонлар билан тақдирланган эди. Шунингдек, шахматчиларга президент совғаси сифатида Volkswagen автомобили, коттеж уйлар ва 200 минг доллардан пул мукофоти топширилди.

Манба: daryo.uz

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.