Ўзбекистон номидан Президент администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева, Қирғизистондан — президент Садир Жапаров сўзга чиқди. Қозоғистон ва Тожикистонни ташқи ишлар вазирлари Мухтар Тлеуберди ҳамда Сирожиддин Мухриддин, Туркманистонни эса мамлакатнинг БМТдаги доимий вакили Вепа Хожиев тақдим этди.
Минтақа вакиллари ўз нутқларида Марказий Осиё ичидаги ҳамкорлик, хавфсизлик ва можаролар, БМТ ҳамда Хавфсизлик кенгаши ислоҳоти, шунингдек, экологик муаммоларга тўхталиб ўтди. Бундан ташқари, давлатлар БМТ шафелигида янги тузилмалар ташкил этиш ташаббуси билан чиқди.
Gazeta ҳар бешала давлат вакилининг нутқини таҳлил қилиб, умумий мавзулар, асосий тезислар ва позициялардаги фарқларни ажратиб кўрсатади.
Ўзбекистон Президенти администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева яқин ўтмишда минтақа қандай ҳолатда бўлганини ёдга олди:
«Яқин вақтгача Марказий Осиё тилга олинганда, кўпинча ҳал этилмаган чегара низолари, сув ресурсларини бошқариш муаммолари ва кўплаб бошқа ихтилофлар тушунилар эди. Ўзбекистон президентининг ташаббуси ҳамда Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг сиёсий иродаси туфайли минтақадаги вазият ва муҳит тубдан ўзгарди. Биз бир-биримизни таҳдид манбаи сифатида эмас, балки ҳамкор сифатида қабул қила бошладик».

Қозоғистон ташқи ишлар вазири Мухтар Тлеуберди БМТнинг Марказий Осиё ва Афғонистон учун Барқарор ривожланиш мақсадлари бўйича янги Минтақавий марказини очиш борасидаги саъй-ҳаракатлар ҳақида сўзлаб, марказ кун тартибини шакллантиришда кўрсатган кўмаги учун минтақа ТИВ раҳбарларига миннатдорлик билдирди. Вазир, шунингдек, жорий йилда минтақанинг барча беш давлати 2006 йилда Семейда имзолаган Марказий Осиёда ядро қуролидан холи ҳудуд тўғрисидаги шартномага 20 йил тўлишини эслатди.
Қирғизистон президенти Садир Жапаров минтақани низоларни тинч йўл билан ҳал этиш намунаси деб атади:
«Сўнгги йилларда Марказий Осиё мураккаб давлатлараро масалаларни тинч йўл билан бартараф этиш салоҳиятини бутун дунёга яққол намойиш этди. Бугунги кунда Марказий Осиё давлатлараро конструктив ҳамкорлик, иқтисодий, инфратузилмавий ва технологик тараққиёт намунасига айланиб бормоқда. Шу муносабат билан биз ушбу босиб ўтилган йўлда орттирилган тажрибани улашишга тайёрмиз».
Садир Жапаров Қирғизистоннинг БМТ Хавфсизлик кенгашига сайланишини ҳам минтақа нуфузининг ортиши билан боғлади — мамлакат ўз тарихида илк бор Хавфсизлик кенгашининг 2027−2028 йиллардаги доимий бўлмаган аъзосига айланди. Президентнинг сўзларига кўра, 142 давлатнинг қўллаб-қувватлови «Марказий Осиёнинг халқаро муносабатлардаги ўрни ортиб бораётганидан далолат беради».
Тожикистон ташқи ишлар вазири Сирожиддин Мухриддин 2025 йил мартида Тожикистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон томонидан имзоланган чегара тўғрисидаги келишувларни мисол қилиб келтирди:
«Қирғизистон ва Ўзбекистон билан тузилган битимлар узоқ йиллик чегара муаммоларини ҳал этишга ёрдам берди ва Марказий Осиёдаги ҳамкорликда янги саҳифа очди. Илгари бизни ажратиб турган амалдаги чегаралар энди бизни бирлаштирмоқда», — деди вазир.
Туркманистоннинг БМТдаги доимий вакили Вепа Хожиев минтақадаги барқарорликни превентив дипломатия билан боғлади. У бу борада 2007 йилдан бери Ашхободда фаолият юритаётган БМТнинг Марказий Осиё учун превентив дипломатия бўйича Минтақавий марказига муҳим ўрин ажратди. 2027 йилда марказ ташкил этилганига йигирма йил тўлади ва Туркманистон ушбу санадан хулоса чиқариш ҳамда марказнинг минтақада тинчлик, барқарорлик ва ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга қандай ҳисса қўшиши мумкинлигини белгилаб олиш мақсадида фойдаланишни таклиф қилмоқда.
Унга кўра, мамлакат қудрати, энг аввало, унинг инсон қадр-қиммати, ҳуқуқ ва манфаатларини қай даражада ҳимоя қила олиши билан белгиланади:
«Биз давлатлар олдида „Сиз қайси томонни танлайсиз?“ деган савол кўндаланг бўлаётганини кўриб турибмиз. Ўзбекистоннинг жавоби эса аниқ: биз — инсоният томонидамиз».
Мухтар Тлеуберди хавфсизлик мавзусига бошқаларга нисбатан кўпроқ эътибор қаратди. У 2025 йилда дунё бўйича ҳарбий харажатлар рекорд даражадаги 2,9 трлн долларга етганини, ер юзида 12 мингдан ортиқ ядро қуроли мавжудлигини ёдга солди. Вазир, шунингдек, ядровий қуролсизланишни «миллий тажрибадан келиб чиққан масъулият» деб атаб, бу соҳадаги ишонч яна хавф остида эканидан огоҳлантирди:
«Ядровий давлатлар ҳеч қачон келишувларнинг йўқлигини мажбуриятларнинг йўқлиги билан чалкаштирмаслиги лозим. Улар ядро қуролидан холи дунёга эришгунимизга қадар масъулиятни ўз зиммаларида сақлаб қолади».
Қозоғистон ядровий давлатлар ўртасидаги мулоқотни қайта тиклашни таклиф этди ва уларнинг учрашувларидан бирига мезбонлик қилишга тайёрлигини билдирди.
Вазир Россия ва Украина ўртасидаги ҳарбий ҳаракатлардан чуқур хавотир билдирди ҳамда Қозоғистон нефтини экспорт қилиш инфратузилмасига, жумладан, Қора денгиздаги тижорий кемаларга дронлар орқали уюштирилаётган кетма-кет ҳужумларни алоҳида қоралади.

Яқин Шарқ масаласида Қозоғистон Исроил билан ёнма-ён мавжуд бўладиган мустақил Фаластин давлати ташкил этилишини қўллаб-қувватлади. Вазир АҚШ томонидан 2025 йил кузида таклиф этилган Ғазодаги низони тўхтатиш режасини ва ушбу режани маъқуллаган БМТ Хавфсизлик кенгашининг 2803-сонли резолюциясини бажаришга чақирди. Унинг сўзларига кўра, Қозоғистон сектордаги халқаро барқарорлаштирувчи кучлар таркибига ўз ҳарбийларини юборишга тайёр.
Мухтар Тлеуберди, шунингдек, Қозоғистон «Иброҳим келишувлари»га қўшилиш ниятини расман эълон қилганини, бу эса икки давлат тамойилига асосланган ечимни илгари суришда қўшимча майдон бўлиб хизмат қилишини эслатиб ўтди.
Садир Жапаров Украина, Эрон, Судан ва Фаластин атрофидаги воқеаларни санаб ўтиб, уларни халқаро ҳамжамиятнинг бирдамликдаги ҳаракатларини талаб этувчи можаролар деб атади. Қирғизистон президенти ўз мамлакати воситачилик қилишга тайёр эканини билдирди. У ҳам Марказий Осиё мураккаб давлатлараро масалаларни ҳал этиш бўйича орттирган тажрибасини улашишга тайёрлигини таъкидлади.

Сирожиддин Мухриддин эса, ўз навбатида, тинчликни нафақат сақлаб қолиш, балки уни келажак авлодлар манфаатини кўзлаб барпо этиш лозимлигини таъкидлади. Тожикистон ташаббуси билан Бош ассамблея 2026 йил 25 июнда 2027−2036 йилларни «Келажак авлодлар манфаатлари йўлида тинчликни мустаҳкамлаш халқаро ўнйиллиги» деб эълон қилди. Ушбу ўнйилликни 2027 йил июнь ойида Душанбеда Тожикистон томонидан БМТнинг Цивилизациялар альянси ва БМТ Ёшлар бюроси билан ҳамкорликда ўтказиладиган конференция очиб бериши режалаштирилмоқда.
Вазир Ғазода ўт очишни доимий тўхтатишга ва инсонпарварлик ёрдамини тўсиқларсиз етказиб беришга чақирди. Шунингдек, Тожикистон пойтахти Шарқий Қуддус бўлган, 1967 йилги чегаралар доирасидаги мустақил Фаластин давлати тузилишини қўллаб-қувватлашини қайд этди.
У асосий хавф-хатарлар қаторида терроризм, экстремизм, кибержиноятчилик, қурол ва гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмаси ҳамда уюшган жиноятчиликни тилга олди. Вазирга кўра, бу таҳдидлар чегара билмайди ва уларга жавоб ҳам умумий бўлиши шарт. Шу мақсадда Тожикистон терроризм ва уни молиялаштиришга қарши кураш бўйича Душанбе процессини ривожлантирмоқда.
Вепа Хажиев хавфсизлик ҳақида гапираркан, Туркманистоннинг доимий бетарафлик сиёсатини бир неча бор қайд этди. Дипломатнинг сўзларига кўра, бетарафлик превентив дипломатия, воситачилик ва баҳсларни тинч йўл билан тартибга солиш учун асос бўлиб хизмат қилади.
Туркманистон БМТ шафелигида Глобал тинчлик стратегиясини ишлаб чиқиш бўйича ҳукуматлараро маслаҳатлашувлар ўтказиш ниятида. Шунингдек, Ашхобод БМТнинг «Мулоқот ва превентив дипломатия ўнйиллиги»ни эълон қилишни таклиф этди. Мамлакат Тинчлик ва бетарафлик университетини ташкил этиш устидаги ишларни давом эттиради; унинг илк қадами сифатида Туркманистон ТИВ Халқаро муносабатлар институти қошида академик марказ очилади.
«Бизга ихтилоф юз бериб бўлганидан кейингина уни муҳокама қиладиган БМТ эмас, балки унинг олдини олишга қодир бўлган ташкилот керак. Бизга нафақат қарорлар қабул қиладиган, балки уларни ҳаётга татбиқ эта оладиган БМТ керак. Бизга ҳар бир давлатнинг овози эшитиладиган БМТ керак», — деди у.
Президент администрацияси раҳбари, шунингдек, келаси йили Ўзбекистон ҳарбий блокларга расман кирмайдиган 120 дан ортиқ давлатни бирлаштирган Қўшилмаслик ҳаракатига раислик қилишини маълум қилди. Бундан ташқари, Ўзбекистон Хавфсизлик кенгашининг 2035−2036 йиллардаги доимий бўлмаган аъзолигига ўз номзодини илгари сурди ва уни «замонавий воқеликларни инобатга олган ҳолда» кенгайтиришни ёқлаб чиқди.
Мухтар Тлеуберди БМТ ислоҳотини якуний натижаларга қараб баҳолашни таклиф қилди: «Ислоҳот муваффақиятини нималар қисқартирилгани ёки қайта ташкил этилгани билан эмас, балки БМТ можароларнинг олдини олишда қанчалик самарали бўлгани, инқирозларга тезкор жавоб бера олгани ва барча аъзо давлатлар учун қанчалик яхши натижаларга эришгани билан ўлчаш лозим».
Вазир ислоҳотнинг бош бўғини сифатида Хавфсизлик кенгашини ўзгартиришни кўрсатди. Унга кўра, кенгашда Осиё, Африка ва Лотин Америкасининг, шунингдек, ривожланаётган давлатлар ва ўрта қудратга эга мамлакатларнинг кенгроқ вакилликка эга бўлиши «маънавий мажбурият» ҳисобланади.
Садир Жапаров ҳам бир қатор таклифларни илгари сурди. У аҳолиси бир миллиарддан ошган Африкага Хавфсизлик кенгашидан иккита, Лотин Америкасига эса битта доимий ўрин ажратишни адолатли деб ҳисоблайди. Президентнинг фикрича, кенгаш таркибига киришни истаётган ривожланган давлатларнинг талабномаларини ҳам кўриб чиқиш мақсадга мувофиқ.
Қирғизистон раҳбари БМТнинг асосий муаммоси сифатида унинг қарорлари кўпинча бажарилмай қолаётганини кўрсатди. Вазиятни ўзгартириш учун у Бош ассамблея ҳузурида давлатлар резолюцияларни қандай бажараётганини қайд этиб борувчи оммавий реестр яратишни таклиф этди. Агар қайсидир давлат уларни мунтазам равишда эътиборсиз қолдирса, Садир Жапаров босқичма-босқич чора кўришни илгари сурди: аввалига унга расмий огоҳлантириш юборилади, сўнгра мамлакатга мониторинг миссияси сафарбар этилади. Шундан сўнг масала Бош ассамблеяда кўриб чиқилади, энг сўнгги чора сифатида эса Хавфсизлик кенгашига оширилади. Кенгаш бундай давлатнинг БМТ дастурларидаги иштирокини вақтинча чеклаб қўйиши мумкин.
Қирғизистон раҳбари Хавфсизлик кенгашининг доимий аъзоларини бундай ҳолатларда вето ҳуқуқини ўз ихтиёри билан қўлламасликка чақирди. Ушбу ғояларни муҳокама қилиш учун у Бош ассамблея ҳузурида очиқ ишчи гуруҳ тузишни таклиф қилди.
Садир Жапаров санкциялар мавзусига ҳам алоҳида тўхталди. У чекловларни фақат БМТ жорий этиши лозимлигини билдирди. Президентнинг фикрича, барча санкция ташаббуслари ташкилотда дастлабки кўриб чиқишдан ўтиши керак. Бундай чораларни таклиф этаётган давлатлар эса чекловларнинг ҳуқуқий асослари, мақсадлари ва уларни бекор қилиш шартларини аниқ кўрсатиб бериши шарт.
Сирожиддин Мухриддин «БМТ 80» ташаббусини маъқуллади, аммо ислоҳот ўз-ўзидан мақсадга айланиб қолмаслиги кераклигини таъкидлади. Вазирга кўра, ўзгаришлар ташкилотни янада самарали ва мослашувчан қилиши, аъзо давлатлар эса ушбу жараён марказида қолиши керак. У, шунингдек, Тожикистон ўз тарихида илк бор Хавфсизлик кенгашининг 2028−2029 йиллардаги доимий бўлмаган аъзолигига номзодини қўйганини маълум қилди.

Саида Мирзиёева ўз нутқининг бир қисмини Орол денгизига бағишлаб, Орол табиий офат оқибатида эмас, балки «ўнлаб йиллар давомида қабул қилинган хато қарорлар ва табиатга нисбатан шафқатсиз муносабат» натижасида қуриганини алоҳида қайд этди. У Ўзбекистон денгизнинг қуриган тубида ўсимликлар экаётгани, сувни тежовчи технологияларни жорий қилаётгани ва 2030 йилга бориб қайта тикланувчи энергетика улушини 54 фоизга етказиш ниятида эканини айтди.
Шунингдек, у Ўзбекистон ташаббуси билан Бош ассамблея томонидан 2027−2036 йиллар «Ўрмонзорлаштириш ва ўрмонларни тиклаш бўйича ҳаракатлар ўнйиллиги» деб эълон қилинганини ёдга олиб, ушбу резолюцияни амалий натижалар билан мустаҳкамлашга чақирди.
Мухтар Тлеуберди апрель ойида Остонада бўлиб ўтган Минтақавий экологик саммит ҳақида маълумот берди. Учрашув якунларига кўра, давлатлар «Марказий Осиёнинг экологик бирдамлиги» декларациясини қабул қилган бўлиб, вазир уни атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги минтақавий ҳамкорликнинг асоси деб атади.
У, шунингдек, глобал миқёсда сув ресурсларини бошқариш тарқоқлигича қолаётганини таъкидлади. Шу сабабли Қозоғистон БМТ шафелигида Халқаро сув ташкилотини тузишни таклиф қилди ва ушбу ғояни 2026 йил декабрь ойида Абу Дабида бўлиб ўтадиган БМТнинг Сув ресурслари бўйича конференцияси арафасида илгари суриш ниятида.
Садир Жапаров иқлим ўзгариши ҳақида гапирар экан, Қирғизистон тоғли мамлакат эканини ва ушбу жараён оқибатларига жуда таъсирчанлигини эслатди. У «жиддий иқлим стрессини» бошидан кечираётган Иссиқкўл кўлига алоҳида эътибор қаратди:
«Сўнгги 170 йил ичида сув сатҳи деярли 14 метрга пасайди, сўнгги беш йилда эса кўл сатҳининг пасайиш тезлиги йилига 7 сантиметрга етди. Қадимдан кўлга қуйилган 101 та дарёдан бугунги кунда атиги 30 таси йил бўйи оқиб турибди, холос. Охирги 70 йилда тоғ музликларининг 30 фоиздан ортиғи эриб кетди. Бу қисқаришнинг тахминан 20 фоизи сўнгги 7−10 йил ичида содир бўлди».

Қирғизистон раҳбари БМТ шафелигида Иссиқкўлни сақлаб қолиш бўйича траст жамғарма ташкил этишни таклиф қилиб, давлат бюджетидан бунга 10 млн доллар ажратишга тайёрлигини билдирди.
Сирожиддин Мухриддин дунё ҳамон хавфсиз сув ва санитариядан умумий фойдаланиш имкониятидан йироқ эканини эслатди. Унга кўра, Тожикистон учун бу муаммо бир вақтнинг ўзида ҳам глобал, ҳам миллий аҳамиятга эга. Мамлакат ҳудудида минглаб музликлар жойлашган бўлиб, чегаралардан анча узоқда яшайдиган миллионлаб инсонларнинг ҳаётини таъминловчи йирик дарёлар айнан шу ердан бошланади.
Вазир сув масаласи йигирма йилдан ортиқ вақт давомида Тожикистон халқаро ҳамкорлигининг марказида турганини қайд этди. Қозоғистон каби у ҳам шу йил охирида Абу Дабида ўтказиладиган БМТ сув конференциясини тилга олди ҳамда 2028 йилда Душанбе БМТнинг навбатдаги сув конференциясига мезбонлик қилишини эълон қилди. Унда давлатлар сув соҳасидаги ҳаракатлар ўнйиллиги якунларини сарҳисоб қилади ва якуний ҳужжатни қабул қилади.
Тожикистон глобал ишларнинг кейинги босқичини Душанбе сув дастури атрофида шакллантиришни таклиф этмоқда. Ушбу дастур молиялаштириш, технологиялар, ҳамкорликни кенгайтириш ва сув манбаларини, жумладан, шиддат билан ўзгараётган музликларни ҳимоя қилиш масалаларини қамраб олиши кўзда тутилган.

Вепа Хажиев экологик хавфсизлик, иқлим ўзгариши ва энергия манбаларидан оқилона фойдаланишни умумий хавфсизликнинг ажралмас бўлаклари деб атади. Туркманистон сиёсатчилар ва экспертларнинг мунтазам учрашувлари учун очиқ майдон — Ашхобод иқлим мулоқотини йўлга қўйиш ташаббусини билдирди.
Дипломат, шунингдек, қурғоқчилик ва сув танқислигидан жиддий азият чекаётган ҳудудларга алоҳида эътибор қаратишга чақирди. Унинг таъкидлашича, бундай ҳудудларга замонавий технологиялар, молиявий маблағлар, маълумот алмашинуви ҳамда минтақавий ҳамкорлик зарур.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.