Латвия ички ишлар вазири Янис Домбрава бу масалани 29 сентябрь куни Вазирлар маҳкамаси мажлисида кўриб чиқишни таклиф қилган. Унинг айтишича, бир неча нафар Ўзбекистон фуқароси Латвияга келганидан кўп ўтмай, жумладан, вояга етмаганларга қарши жиноятлар содир этган. «Шунинг учун биз чора кўришимиз шарт», — деган у.
Вазир Ўзбекистон фуқароларига виза беришни муайян муддатга тўхтатиб туришни ва бу вақтдан Ўзбекистон томони билан ҳамкорлик қилиш учун фойдаланишни таклиф қилган. Бу Латвияга жамоат тартиби ва хавфсизлигига таҳдид солиши мумкин бўлган шахсларнинг кириб келиш эҳтимолини истисно қилишга қаратилган.
Масала ҳукумат йиғилишида кўриб чиқилмади, чунки «Миллий бирлик» партиясининг коалициядаги ҳамкорлари уни кун тартибига киритишга тайёр эмас эди. Ички ишлар вазирлиги масала кейинги йиғилишда кўриб чиқилишини кутган.
Аввалроқ Латвия Ички ишлар вазирлиги Ўзбекистон фуқароларининг фақат айрим тоифаларидан виза олиш учун аризалар қабул қилишни таклиф қилганди. Булар — Латвия фуқароларининг оила аъзолари ёки ушбу мамлакатда яшаш ҳуқуқига эга Ўзбекистон фуқароларининг яқинлари, Европа Иттифоқи, Европа иқтисодий ҳудуди ёки Швейцария фуқароларининг оила аъзолари, гуманитар сабабларга кўра Латвияга келаётган Ўзбекистон фуқаролари, юк ва йўловчи ташиш компанияларида ишлайдиганлар ва бошқалар.
«Мамлакатимизнинг Ригадаги элчихонаси томонидан Латвия Бош вазири офиси раҳбарияти, Ташқи ишлар ва Иқтисодиёт вазирликлари, шунингдек, Президент администрацияси вакиллари билан қатор учрашув ва музокаралар ўтказилди. Шу билан бирга, ТИВ Консуллик-ҳуқуқий департаменти Латвиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси билан ҳам мулоқотлар олиб борди», — деди вазирлик матбуот котиби.
«Музокаралар давомида Латвия томонига таклиф этилаётган чораларнинг икки томонлама муносабатларга эҳтимолий таъсири юзасидан Ўзбекистоннинг позицияси етказилди. Кўрилган [дипломатик] чоралар натижасида Латвия томони мавжуд ҳолатга ўзгартириш киритишга эҳтиёж йўқлигини илгари сурди», — деди у.
«Ўзбекистон Латвия билан шаклланган дўстона ва ўзаро манфаатли муносабатларни юксак қадрлайди. Латвия мамлакатимизнинг Европа Иттифоқидаги муҳим ҳамкорларидан бири бўлиб, сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар, миграция ва бошқа соҳалардаги алоқаларимиз изчил ривожланмоқда», — деди Омонулла Файзиев.
Шу билан бирга, у Ўзбекистон ТИВи хорижда бўлган ёки чет элга сафар қилишни режалаштираётган ватандошларни «тегишли мамлакат қонунларига қатъий риоя қилишга, унинг миллий урф-одат ва анъаналарини ҳурмат қилишга, ўз хатти-ҳаракатларига масъулият билан ёндашишга» чақиришини таъкидлади.
«Айрим шахслар содир этадиган ҳуқуқбузарликлар нафақат уларнинг ўзларига, балки хорижда қонуний асосда ўқиётган, ишлаётган, саёҳат қилаётган ёки яшаётган бошқа ватандошларимизга ҳам салбий таъсир кўрсатиши мумкин», — деди ТИВ вакили.
Сентябрь ойида Рига суди вояга етмаганлар ҳузурида Царникавада оққушни қийнаган икки эркакни айбдор деб топиб, уларни қарийб тўрт йил муддатга пробация назоратига ҳукм қилган. Шунингдек, уларга тўрт йил давомида ҳар қандай турдаги ҳайвонларни сақлаш тақиқланган. Айбланувчилар жазо бўйича прокурор билан келишувга эришган.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.