Университетда тўртта йўналиш бўйича қарийб 10 минг талаба таҳсил олади. 2021 йилдан янги кампусда фаолият юритаётган олийгоҳ ўтган йилдан дуал таълимни йўлга қўйди. Бу ерда маъмурий, таълим ва илмий жараёнларга рақамли ечимлар жорий этилмоқда, илмий ишланмалар тижоратлаштириляпти. Кампус «илғор инновацион ечимлар майдонига айланмоқда», деди Президент администрацияси раҳбари.
«Юртимиз шаҳарлари ўз-ўзидан замонавий ва яшил маконга айланиб қолмайди. Бунинг учун кенг фикрлайдиган, ноанъанавий ғояларни илгари сурадиган, экологик барқарор архитектура ва муҳандислик ечимларини ишлаб чиқадиган ҳамда уларни амалиётга татбиқ эта оладиган янги авлод архитекторлари, лойиҳачилари ва муҳандисларини тарбиялаш жуда муҳим», — деди Саида Мирзиёева.

Ўтган йил июль ойидаги бошқа қарор билан университетни 2029 йилга қадар Quacquarelli Symonds (QS) ва Times Higher Education (THE) халқаро рейтингларидаги энг яхши 1000 та олий таълим муассасаси қаторига киритиш вазифаси белгиланган. Университет ҳузурида «яшил қурилиш» соҳасида илм-фан ва технологияларни жорий этиш бўйича кенгаш ҳам ташкил этилган.
Ёзда университетда Интеграциялашган таълим дастурлари олий мактабини ташкил этиш режалари ҳақида хабар берилганди. У етакчи хорижий олийгоҳлар дастурлари асосида фаолият юритиши ва талабаларга Ўзбекистонда ҳам, ҳамкор университетларда ҳам тан олинадиган диплом олиш имконини бериши керак.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.