Хитой ва Ўзбекистон ўртасидаги дўстона алоқалар Буюк ипак йўли давридан бошланган чуқур тарихий илдизларга эга. Ушбу йўлга асос солган Чжан Цяннинг ғарбга сафаридан тортиб, Тан сулоласи даврида сўғдларнинг Чанъанга оммавий кўчиб боришигача бўлган даврда икки мамлакат ўртасидаги маданий алмашинув юксак даражага кўтарилган. Шимолий Сун сулоласи даврида бухоролик олим Ибн Сино томонидан «Тиб қонунлари» асари яратилган. У Юань сулоласи даврида хитой тилига таржима қилиниб, Ипак йўли мамлакатларининг очиқлик ва ўзаро англашув руҳини намоён этувчи ёрқин далилга айланган.
«Бир макон, бир йўл» қўшма ташаббусини амалга ошириш чуқурлашиб, амалий натижалар бераётгани сари Хитой ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорлик сиёсат, савдо-иқтисодиёт, санъатшунослик ва бошқа соҳаларда изчил кенгайиб, салмоқли натижаларга эришмоқда. Қадимий Ўзбекистон янги куч-қувватга эга бўлмоқда, Хитой билан Ўзбекистон ўртасидаги юқори сифатли ҳамкорлик эса мамлакат тараққиётига кучли туртки бермоқда. Икки давлат муносабатлари замонавий дунёдаги яхши қўшничилик ва ўзаро ҳамкорликнинг намунасига айланди.
Икки мамлакат ўртасидаги юқори сифатли ҳамкорлик янада ривожланиб бораётгани сари Хитой ва Ўзбекистон ўртасидаги гуманитар алмашинув расмий доиралардан ташқарига чиқиб, халқлар ўртасидаги жонли мулоқот тусини олмоқда. Ўзбекистонда фаолият юритаётган Конфуций институтлари икки халқнинг бир-бирини англаши учун муҳим дарча бўлиб хизмат қилмоқда. Адабий асарларни ўзаро таржима қилиш эса икки халқ ўртасида маънавий кўприк барпо этиб, Хитой ва Ўзбекистоннинг ягона тақдир ҳамжамиятини шакллантириш жараёнини гуманитар мазмун билан бойитмоқда.
Профессор Лю Вэньфэй таъкидлаганидек: «Давлатлараро ҳамкорлик фақат сиёсий, иқтисодий, ҳарбий ва энергетика дипломатиясига таяниб қолмаслиги керак. Гуманитар ва маданий дипломатия ҳам беқиёс аҳамиятга эга. Гуманитар-маданий алмашинув доирасида адабиёт муҳим ўрин эгаллаши ва ўзининг ноёб аҳамиятини намоён этиши лозим».
Адабий мулоқот Хитой ва Ўзбекистон ўртасидаги гуманитар алмашинув ҳамда ҳар томонлама шерикликни мустаҳкамлашнинг ажралмас қисмига айланиб бормоқда. Ўзбек ёзувчиси Абдулла Қодирийнинг «Ўткан кунлар» ва «Меҳробдан чаён» романларининг хитой тилида нашр этилиши Хитойда замонавий ўзбек насрини ўрганишдаги бўшлиқни тўлдирди.
Абдулла Қодирий ўзининг таъсирчан баёни орқали XIX асрда Қўқон хонлиги таназзулга юз тутган даврдаги жамият манзарасини очиб беради. Романда хонлик саройидаги ҳаёт, қабилалар ўртасидаги зиддият ва тўқнашувлар, бош қаҳрамонлар ўртасидаги муҳаббат жонли ва таъсирчан тасвирлар орқали ифодаланган. Асардаги Ғарбий ўлкага хос бой миллий колорит хитойлик ўқувчиларда бир вақтнинг ўзида ҳам сирлилик, ҳам яқинлик туйғусини уйғотади.
Қодирий макро ва микро даражадаги воқеаларни маҳорат билан уйғунлаштириб, йирик тарихий воқеалар фонида аёллар тақдирига ҳам эътибор қаратади. У ўзбек аёлларининг жонли ва таъсирчан образларини яратиб, уларнинг матонати ҳамда туганмас ҳаётий кучини кўрсатади. Самимий миллий ҳикоялар хитойлик ўқувчилар қалбига чуқур таъсир кўрсатади.
Цивилизациялар ўртасидаги алмашинув доимо икки томонлама жараён бўлиб келган. Ўзбекистонда буюк хитой ёзувчиси Лао Шэнинг «Мушуклар шаҳри хотиралари» романи ўзбек тилида нашр этилди. Ушбу нашр замонавий хитой адабиётининг ўзбек тилига таржима қилинишидаги бўшлиқни тўлдириб, Ўзбекистон ўқувчилари учун Хитой адабиёти ва унинг бой цивилизацияси оламига эшик очди. Адабиёт Хитой ва Ўзбекистон халқларининг маънавий бойиши учун ўзига хос манбага айланиб, икки мамлакат ўртасидаги гуманитар алоқаларга ҳикмат ва гўзаллик олиб кирмоқда.
Цивилизациялар ўртасидаги ўзаро бойиш оддий инсонларнинг кундалик ҳаётида ҳам ўз аксини топмоқда. Хитой медиакорпорациясининг CGTN телеканали Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси билан ҳамкорликда «Хуанхэ дарёсидан Сирдарёгача» номли ҳужжатли фильмларни суратга олди. Унда Хитой ва Ўзбекистон ёшларининг бир-бирининг мамлакатларида ҳаёт ва касб йўлини барпо этаётгани акс эттирилган.
Шанхайлик Чэнь Мин Тошкентда адвокатлик бюросини ташкил этиб, ўз бизнесини ривожлантирмоқда. Ўзбекистонлик Чжан Цун эса муҳаббат ва касби туфайли Ланьчжоуда ўз уйини топди. Ўзбекистонда таҳсил олаётган хитойлик докторант Сун Ди Фэй Самарқанднинг анъанавий қоғоз ишлаб чиқариш технологиясини чуқур ўрганмоқда. Ўзбекистонлик Шаҳзод Мирзаев эса Ханчжоудаги Осиё ўйинларида футбол жамоаси сафида майдонга тушиб, Янцзи дарёси бўйидаги ушбу жанубий шаҳарни севиб қолди.
Оддий инсонларнинг ҳаёти ҳақидаги ҳикоялар цивилизациялар ўртасидаги ўзаро англашувнинг энг ишончли ифодаси ва Хитой–Ўзбекистон дўстлигининг энг ишонарли далилидир. Икки мамлакат ёшлари ўзга юртда ҳам маънавий таянч топиб, ҳаётнинг янги қирраларини кашф этмоқда. Бегона юртнинг қадрдон масканга айланиши орқали намоён бўладиган бу самимий туйғулар Хитой ва Ўзбекистон халқлари ўртасидаги замонавий дўстликнинг таъсирчан саҳифасини ташкил этади. Бу, шунингдек, халқлар ўртасидаги ўзаро англашув мамлакатлар гуманитар алоқаларининг энг мустаҳкам пойдевори эканини тасдиқлайди.
2022 йилда Самарқандда бўлиб ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммитида Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин «Лунь Юй» асаридан «Дўстликда сўзингга содиқ бўл» деган ҳикматни келтирди. Шунингдек, у ўзбек халқининг «Фақат мевага тўлган дарахт эътиборни тортади» деган мақолини ҳам эсга олди.
2024 йилда Хитой халқига йўллаган янги йил табригида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ўзбек халқининг «Ака-укалар бир бўлса, муваффақият таъминланади» деган ҳикматли сўзини келтирди. Ушбу икки ҳикмат бир-бирига ҳамоҳанг бўлиб, Хитой ва Ўзбекистон ўртасидаги яхши қўшничилик, дўстлик ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни ёрқин ифода этади.
Бугунги кунда Хитой ва Ўзбекистон муносабатлари тарихидаги энг яхши даврни бошдан кечирмоқда. Икки мамлакат янги даврдаги ҳар қандай шароитда ҳам амал қилувчи ҳар томонлама стратегик шериклик йўлидан ишонч билан бормоқда. Ҳамкорлик йўналишлари аниқ, тараққиёт салоҳияти эса юксак. Халқлар ўртасидаги алоқаларнинг тобора фаоллашиши янги даврдаги Хитой–Ўзбекистон муносабатларига содда ва самимий гуманитар мазмун бағишламоқда.
Хитой ва Ўзбекистон тарихи Ипак йўли солномасида янада қизиқарли саҳифалар билан бойиб боради. Икки халқ дўстлиги ҳақидаги таъсирчан ҳикоя эса цивилизациялар ўртасидаги ўзаро бойиш жараёнида узлуксиз давом этади.
Ди Сяося,
Шанхай халқаро тадқиқотлар университети ҳузуридаги ШҲТ мамлакатларини ўрганиш маркази директори, Тошкент давлат шарқшунослик университети ҳузуридаги Конфуций институтининг 2015 йил октябридан 2017 йил октябригача бўлган даврдаги директори.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.