Марказий Осиё ва Жанубий Кавказ давлатлари қурғоқчилик, сув танқислиги ва бошқа табиий ўзгаришлар сабабли ўз уйларини тарк этишга мажбур бўлаётган аҳоли муаммоларини биргаликда ҳал қилишга келишиб олди. Бунинг учун БМТнинг COP31 конференциясида «Ипак йўли» декларацияси имзоланди.
Муҳокамаларда Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Озарбайжон ва Грузия вакиллари иштирок этган.
Тадбир иштирокчилари ҳароратнинг кўтарилиши, қурғоқчилик ва сув танқислиги аҳоли турмушига тобора кучли таъсир кўрсатаётганини таъкидлаган. Айрим ҳудудларда қишлоқ хўжалиги билан шуғулланиш ва тирикчилик манбаини сақлаб қолиш қийинлашмоқда. Бу эса аҳолининг бошқа жойларга кўчиб кетишига сабаб бўлиши мумкин.
Муҳокамаларда Оролбўйи ҳудудига алоҳида эътибор қаратилди. Президентнинг экология масалалари бўйича маслаҳатчиси Азиз Абдуҳакимов Орол денгизининг қуриши аҳоли саломатлиги, даромадлари ва яшаш шароитига салбий таъсир кўрсатганини эслатди.
Имзоланган декларация ушбу муаммоларни ҳал қилишда давлатлар ўртасидаги ҳамкорликни назарда тутади. Мамлакатлар тажриба алмашиш ва зарар кўрган ҳудудлар аҳолисига ёрдам бериш йўлларини излаш ниятида.
Асосий мақсад — одамлар ўз уйида яшаши ва меҳнат қилиши учун зарур шароит яратиш. Кўчиб ўтиш зарурати юзага келган тақдирда эса уларнинг хавфсизлиги ва ҳуқуқларини ҳимоя қилиш чораларини таъминлаш.
Ҳужжат, шунингдек, Президент Шавкат Мирзиёевнинг ушбу соҳада халқаро ҳамкорликни ривожлантириш ташаббусини қўллаб-қувватлайди.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.