Абу Дабидаги ультиматум: Марказий Осиё хавотирланиши керакми?

Абу Дабидаги ультиматум: Марказий Осиё хавотирланиши керакми?

Ўтган ҳафта охирида The New York Times газетаси Абу Дабида АҚШ ва Украина билан ўтган уч томонлама музокаралар чоғида Россия делегацияси тарқатгани айтилаётган норасмий ҳужжат ҳақида материал эълон қилди. Ушбу ҳужжатда Кремль 2021 йил охирида НАТО давлатларига қўйган кўплаб талаблар такрорланган. Шунингдек, унда Ўзбекистон ва Марказий Осиёга ҳам дахл қилинган.

Материал ОАВ ва ижтимоий тармоқларда жиддий резонанс уйғотди. Шу билан бирга, муҳокамалар Марказий Осиё Россиянинг Ғарб давлатларига қўйган талабларига киритилганига ва, умуман, минтақамиз бизсиз муҳокама қилинаётганига нисбатан (мутлақо ўринли) ғазаб-нафратга бориб тақалмоқда.

Қўшиламан, бу Марказий Осиё ҳақида гап очиш учун унчалик ёқимли сабаб эмас. Бироқ мен асосий эътиборни «Улар минтақамизни бизсиз муҳокама қилишга қандай журъат этишди?!» деган саволдан кўра, «Марказий Осиё давлатлари ўз позицияларини ҳимоя қилиш ва муҳокамаларнинг пассив объекти бўлиб қолмаслик учун нима қилиши керак?» деган бошқа савол томон бурган бўлардим.

Талаблар қандай?


Аввало, гап нима ҳақида кетаётганини аниқлаштириб олайлик. Шундай қилиб, NYT журналистларининг хабар беришича, Россия НАТО давлатларига яна талаблар қўйган. Улар орасида альянснинг кенгайишдан воз кечиши, қўшинлари ва ҳарбий базаларини 1997 йилги позицияларга қайтариши, шунингдек, Украина, Шарқий Европа, Жанубий Кавказ ва Марказий Осиёда ҳар қандай ҳарбий фаолликни тўхтатиш бор. Бошқа талаблар бевосита Европа давлатларига тааллуқли бўлиб, материалимизга алоқаси йўқ.

Дарҳол таъкидлайманки, талабларнинг марказий мавзуси Марказий Осиё эмас, чунки асосий урғу Европа ва Украинага қаратилган. Аммо биз у ерда Кремль ўзининг истисноли манфаатлар зонаси деб ҳисоблайдиган катта постсовет маконининг бир қисми сифатида тилга олинганмиз.

Журналистлар сўз юритаётган талаблар пакетининг ўзи музокаралардаги ҳийлага ўхшайди. Халқаро муносабатларда бундай ҳолатни тез-тез кузатиш мумкин. Томонлар пировардида кўлами кичикроқ, аммо муҳимроқ нарсага эришиш учун музокаралардаги шартларни атайлаб оширади. Ёки томон музокаралардан манфаатдор бўлмаса, жараённинг ўзини имкон қадар узоқроқ чўзиш учун шундай қилади.

Бироқ 2021 йил охирида Ғарб разведкалари уруш бошланган тақдирда, Киевнинг уч кундан ортиқ дош бериш имкониятини жиддий паст баҳолаган пайтда ҳам НАТО давлатлари худди шундай ультиматумдан таъсирланмаган эди.

Украинадаги урушнинг бешинчи йилида ушбу талабларнинг такрорланиши уларга нега таъсир қилиши керак?

Ғазабланишга арзийдими?


Кремль талабларида Марказий Осиёнинг номи тилга олинганидан ғазабланганларни яхши тушунаман. Музокараларнинг ўзида иштирок этмай туриб, музокаралар столида — билвосита бўлса-да — «ҳозир бўлиш» ёқимсиз.

Шу билан бирга, ҳамма нарсани «Наҳотки шундай қилиш мумкин бўлса?» деган ахлоқий саволга тақаб қўймаслик муҳим. Аслида мумкин. Россия ҳам, бошқа ҳар қандай давлат каби, музокаралар давомида ўз манфаатларини белгилайди, ўзига керакли нарсани талаб қилади ва «қизил чизиқлар»ни чизади. Ушбу музокара жараёнида бевосита иштирок этаётган давлатлар эса бунга жавобан ўз «қизил чизиқлари»ни белгилайди ва ўз талабларини илгари суради. Бу халқаро сиёсат учун ғайриоддий ҳолат эмас ва сиёсий ҳамда иқтисодий вазни жиҳатидан кичик давлатлар ва минтақалар музокаралар хонасида бўлмаса-да, бундай музокараларда тез-тез «иштирок этади».

Абу Дабидаги ультиматум: Марказий Осиё хавотирланиши керакми?
АҚШ президентининг махсус вакиллари Уиткофф ва Кушнер Абу Дабидаги музокаралардан сўнг Москвада. Фото: Jared Kushner / X

Бугун кўпчилик ҳали эълон қилинмаган ҳужжат ҳақидаги маълумотдан ғазабланмоқда. Аммо 2023 йилдаги Россия ва Хитойнинг қўшма баёнотини эсланг, унда тўғридан тўғри шундай дейилган эди: «Томонлар Марказий Осиё давлатларининг суверенитети ва миллий тараққиётини таъминлашда уларни қўллаб-қувватлаш бўйича ўзаро мувофиқлаштиришни кучайтиришга тайёр, „рангли инқилоблар“ импорти ва минтақа ишларига ташқи аралашув уринишларини қабул қилмайди». Минтақамиз у ерда шунчаки йўл-йўлакай эмас, балки Москва ва Пекин ўртасидаги икки томонлама учрашувнинг асосий мавзуларидан бири сифатида тилга олинганди.

Айтганча, шу ҳафта Шэньчжэнда бўлиб ўтадиган Си Цзиньпин, Дональд Трамп ва Владимир Путиннинг уч томонлама музокаралари кун тартибида ҳам Марказий Осиё чекланган тарзда «иштирок этишини» истисно этмайман. Катта эҳтимол билан, музокараларнинг асосий мавзуси сифатида эмас, лекин қаердадир қандайдир тарзда — Абу Дабидаги музокаралар ҳужжатидаги каби — у тилга олиниши мумкин.

Ҳушёр тортишга арзийдими?


Мана бу саволга мен ижобий жавоб берган бўлардим. Яна такрорлайман, бирор-бир минтақанинг музокаралар кун тартибига киритилиши ҳали таъсир доираларининг янгича тақсимланишини англатмайди. Аммо мамлакатларимизни ҳушёр торттириши керак бўлган жиҳатлар ҳам бор.

Кремль ўз мантиғида изчил. Москва постсовет маконини ўзининг истисноли манфаатлар соҳаси сифатида изчил равишда кўриб чиқмоқда ва бу маконда бошқа ўйинчилар таъсирининг кучайишини душманлик сифатида баҳолашини такрорлашдан чарчамаяпти.

Ҳа, Россия сўнгги бир неча йил ичида, айниқса, Украинадаги урушга ботиб қолганидан сўнг ушбу макондаги таъсирини сезиларли даражада заифлаштирди. Аммо Кремль собиқ СССР ва ҳатто соцлагернинг кўплаб мамлакатларида босим ўтказиш ричагларини сақлаб қолмоқда ва ўзининг сиёсий проксилари ҳамда савдо-иқтисодий чоралари орқали ички сиёсий жараёнларга таъсир кўрсата олади. Молдова ва Арманистонда яқинда бўлиб ўтган сайловлар қандай ўтганига назар ташлашнинг ўзи кифоя. Бундан ташқари, россиялик амалдорлар ва пропагандачилар томонидан мамлакатларимиз манзилига йўлланаётган доимий таҳдидлар ҳам тасодифий эмас.

Ва агар НАТО давлатлари Кремль томонидан илгари сурилаётган ультиматумларга бефарқ бўлиши мумкин бўлса, бизнинг мамлакатларимиз Россия музокара делегацияси ҳужжатларида ёзилган нарсаларга диққат билан ёндашишлари керак.

Нима қилиш керак?


Хўш, Марказий Осиё давлатлари нима қилиши керак? Ультиматумлар рўйхатида Марказий Осиё пайдо бўлгани сабабли ваҳимага тушиш, албатта, керак эмас. Аммо минтақа ташқи ўйинчилар ўртасидаги савдолашувнинг фақат бир қисми бўлишни қандай тўхтатиши ва ўз манфаатларини самаралироқ ҳимоя қилиши ҳақида ўйлаб кўриш зарур.

Аввало, биз ўзимиз минтақани минтақадан ташқари кучлар ўртасидаги рақобат майдонига айлантирмаслигимиз керак. Бизда кўп векторлилик ҳақида халқаро муносабатлар тизимида мавжуд бўлишнинг идеал формуласи сифатида гапиришни яхши кўришади. Аммо барча ташқи ўйинчилар билан бир вақтнинг ўзида муносабатларни ривожлантиришга уриниш бир мамлакатда ёки умуман минтақада уларнинг манфаатлари тўғридан тўғри тўқнаш келишига олиб келадиган лаҳзани сезмай қолиш хавфи бор.

Масалан, ташқи ўйинчилар билан ўзаро ҳамкорлик қилиш учун фойдаланиладиган «Марказий Осиё+» механизмини олайлик. Концептуал жиҳатдан бу — Марказий Осиё учун жуда оқилона восита. Ва маълум даражада у айнан шу кўп векторли сиёсатнинг асосий воситаси ҳисобланади. Аммо «МО+» доирасидаги сўнгги учрашувлар мазмунига эътибор қаратайлик. Уларнинг кўпчилигида марказий мавзулардан бири ўта муҳим минераллар ва нодир ер элементлари бўлди. Минтақа давлатлари турли шериклар билан қўшма лойиҳаларни муҳокама қилмоқда, ҳамкорликка тайёр эканини билдирмоқда, учрашувлар якунлари бўйича улкан баёнотлар эълон қилинмоқда. Марказий Осиё ўта муҳим минераллар мавзуси билан ўзига хос дипломатик аукцион уюштираётгандек таассурот уйғонади. Шу ўринда савол туғилади: агар бир вақтнинг ўзида бир нечта ўйинчи баёнотлардан аниқ лойиҳаларни ишга туширишга ўтишни таклиф қилса, нима қилиш керак? Агар бу ўйинчиларнинг манфаатлари бир-бирига мос келмай қолса ва минтақа давлатлари танлов қилиш зарурати олдида қолса-чи? Бунга кўп векторлилик қандай жавоб беради?

Марказий Осиё давлатлари, шунингдек, жаҳон кун тартибида у ёки бу пайтда биринчи планга чиқадиган мавзуларга камроқ эътибор қаратишлари лозим. Бунинг ўрнига минтақа ўз позициясини ниманинг атрофида самарали қура олишини, қайси устунликларга урғу бериш кераклигини тушуниши зарур.

Ўша ўта муҳим минералларни олайлик. Балки, аввало, Марказий Осиё бешлиги доирасида минтақанинг реал салоҳиятини ўрганиб чиқиш яхшироқдир? Қайси давлат нимага эга эканини, қандай ишлаб чиқариш занжирини қуриш мумкинлигини, жаҳон бозорига аниқ нима билан чиқиш мумкинлигини таҳлил қилиш керакдир? Ва мен ҳозир Европа кўмир ва пўлат ҳамжамиятининг муқобилини яратиш ҳақида эмас, балки ташқи бозорга умуман нима таклиф қила олишимизни аниқлай оладиган оддий ўзаро ҳамкорлик механизми ҳақида гапиряпман. Худди шу нарса логистика лойиҳаларига ҳам тегишли. Ҳа, эҳтимол, минтақадан ташқари ўйинчилар билан учрашувлар камтарроқ ўтар, аммо уларнинг самарадорлигини учрашувлардан кейин нималарга эришилганига қараб баҳолаган маъқул.

Кейинги тавсияни мен автоматик равишда киритаман, аммо минтақа, афсуски, тескари йўналишда ҳаракатланмоқда. Бу — таркибга ташқи ўйинчиларни таклиф қилмасдан, бешта давлат доирасида Марказий Осиёнинг минтақавий ўзига хослигини шакллантириш. Сўнгги йиллардаги тенденциялар шуни кўрсатмоқдаки, мамлакатларимизга ташқаридан кимдир бўлганида гўёки қулайроқдек. Ягона минтақавий платформа — Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувлари форматига Озарбайжоннинг қўшилиши бунинг исботидир. Иштирокчилар таркибига Россия, Хитой, Афғонистонни таклиф қилиш ҳақида вақти-вақти билан пайдо бўладиган ғояларни айтмаса ҳам бўлади.

Минтақавий мулоқотнинг вазифаси бешта давлатнинг бир-бири билан яна мулоқот қилишни ўрганиши, ўз умумий манфаатларини шакллантириши ва ўзаро келишиб олишидан иборат эди. Форматни бешта давлат доирасидан ташқарига кенгайтириш эса минтақавий ўзига хосликни хиралаштиради ва мулоқот платформасининг дастлабки мантиғини ўзгартиради.

Ниҳоят, мамлакатларимиз ташқи ўйинчилар билан тенг шароитда гаплашишдан қўрқишни бас қилишлари керак. Тенг шароитда гаплашиш — бу фақат ижобий кун тартибини сақлаб қолган ҳолда муаммоли масалалардан қочиш эмас. Бу, аксинча, ушбу масалаларни муҳокама қилиш ва ўз позициясини ҳимоя қилишдир. Агар минтақа давлатларидан бирига ёки бутун минтақага таҳдидлар қилинса, керак бўлса, қўшма баёнотлар беришдир. Бизга катталар билан жанжаллашиш учун жуда кичикмиз деб тез-тез айтишади. Аммо ҳатто постсовет маконининг ўзида ҳам бунинг аксини кўрсатувчи мисоллар бор.

Ҳарбий тажовузнинг бешинчи йилини бошдан кечираётган бўлса-да, АҚШ ва Европадаги шериклари билан тенгма-тенг мулоқот олиб бораётган, ўз манфаатларига риоя қилинмаётганини кўрса сукут сақламайдиган Украина бор.

Сўнгги икки йил ичида Россия ва Туркия каби ўзининг «катта оғалари» миллий манфаатларига мос келмайдиган ишларни қилганида, улар билан тенг шароитда гаплаша олишини кўрсатган Озарбайжон бор. Бокуни минтақага қўшишган экан, нега ушбу тажрибани ўзлаштирмаслик керак? Оғир ҳарбий мағлубиятга учраган ва жиддий босим остида турган, аммо ўз мустақил сиёсатини юритаётган Арманистон бор.

Ушбу мисолларнинг ҳар бирида бир-биридан фарқ қилувчи ўзига хос ёндош омиллар борлиги тушунарли. Аммо уларнинг барчаси давлатнинг катта-кичиклиги унинг миллий манфаатларини ҳимоя қилишига тўсқинлик қилмаслигини кўрсатади.

Марказий Осиё давлатлари ўз вақтида ўн йил давомида бир-бири билан мулоқотни тўхтатиб қўйганида ўзларига жиддий зарба берган эди. Бу минтақамизни ҳар бир ташқи ўйинчи уни ўзининг қандайдир макро концепциясига тиқиштирадиган турли геосиёсий экспериментлар объектига айлантирди. Халқаро муносабатларнинг адолатсизлигидан истаганча ғазабланиш мумкин, аммо минтақанинг ўзи ўзини ҳимоя қилишни бошламагунча, жаҳон харитасидаги ўз ўрнини белгиламагунча, ҳеч бир ташқи ўйинчи буни унинг ўрнига қилиб бермайди. Аниқроғи, қилади — аммо ўз миллий манфаатларидан келиб чиққан ҳолда.

Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назарини ифода этмаслиги мумкин.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.