«Яшил макон» лойиҳасида баҳорда экилган кўчатларнинг учдан бири қуриди, қўшиб ёзиш ҳолатлари яна аниқланди

«Яшил макон» лойиҳасида баҳорда экилган кўчатларнинг учдан бири қуриди, қўшиб ёзиш ҳолатлари яна аниқланди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев чоршанба куни бўлиб ўтган йиғилишда умуммиллий «Яшил макон» лойиҳаси ижросини танқид қилди. Бу ҳақда унинг матбуот хизмати хабар берди.

Дарахт экишнинг кузги мавсуми 8 ноябрда бошланган, аммо айрим ҳудудларда ишлар етарли суръатда олиб борилмаяпти. Тошкент, Самарқанд ва Жиззах вилоятларида режадан ортда қолиш кузатилган.

Баҳорда экилган кўчатларнинг учдан бири нобуд бўлган. Бундан ташқари, аввалги йиллардаги каби ҳисоботларда қўшиб ёзиш ҳолатлари аниқланган.

Президент асосий мезон экилган дарахтлар сони эмас, балки уларнинг тутиб кетиши ва кейинги йилларда тўлақонли ўсиши бўлиши кераклигини яна бир бор таъкидлади.

Бунинг учун ҳар бир ҳудуднинг иқлим ва тупроқ хусусиятларини ҳисобга олиб, қурғоқчилик, иссиқ ва тупроқ шўрланишига чидамли дарахт турларини танлаш, суғориш тизимларини яратиш ҳамда кўчатларни мунтазам парвариш қилиш зарур, деди Шавкат Мирзиёев.

У кўкаламзорлаштиришда маҳаллий табиий-иқлим шароитига мослашган ва парвариши қийин бўлмаган ўсимликлардан кенгроқ фойдаланишга алоҳида эътибор қаратди.

Маҳаллий гул ва манзарали ўсимликлар етиштиришга ихтисослашган кўчатхоналар ташкил этиш таклиф қилинди. Кўп суғориш талаб қиладиган майсазорлар ўрнига тожихўроз, райҳон, жамбул ва маҳаллий буталарни кўпроқ экиш тавсия этилди.

Президент ҳар бир маҳаллада ҳар бир аҳолига камида учтадан дарахт экиш, яшил ҳудудларни кенгайтириш, шунингдек, бу ишлар натижаси учун маҳалла раислари ва ўрмон хўжалиги ходимларининг масъулиятини ошириш вазифасини қўйди.

У жорий йилда экиладиган кўчатларнинг камида 90−95 фоизи тутиб кетишини таъминлаш, шунингдек, аввалги йилларда барпо этилган яшил майдонларни асраш ва тегишли парвариш қилиш бўйича аниқ чоралар кўришни топширди.

Ўтган йиллардаги муаммолар ва қўшиб ёзиш ҳолатлари


Йилига 200 миллион туп дарахт экишни кўзда тутувчи «Яшил макон» умуммиллий дастури 2021 йил ноябрда бошланган. Кейинги йилнинг баҳоридаёқ президент ҳисоботларга қўшиб ёзиш ҳолатлари ҳақида гапирган. Давлат раҳбари дарахт экиш масаласига «бепарволик»ни танқид қилди.

2022 йил ёзида Ҳисоб палатаси баҳорги экиш мавсумида миллионлаб дарахтлар ҳисоботларга қўшиб ёзилгани, айрим кўчатлар баҳор тугамасидан қуриб қолгани, кўпчилиги эса суғориш имкони бўлмаган жойларга экилганини маълум қилган.

Кейинги йилларда ҳам шундай мазмундаги баёнотлар янгради. Ўтган кузда «Яшил макон» лойиҳаси доирасида баҳорда экилган 137 миллион туп дарахт ва бутадан 27,5 миллиони ёки 20 фоизи қуриб қолгани хабар қилинган. Бунинг сабаблари орасида иссиқнинг эрта бошлангани ҳам кўрсатилган. Президент экиш ишлари бўйича ҳисоботларнинг ҳаққонийлигини таъминлашни ҳам топширган.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.