«Бу миллий таҳдид эмасми?» Алишер Қодиров боғчаларда таълим тилини эркин танлаш тартибини қайта кўриб чиқишга чақирмоқда

«Бу миллий таҳдид эмасми?» Алишер Қодиров боғчаларда таълим тилини эркин танлаш тартибини қайта кўриб чиқишга чақирмоқда

«Миллий тикланиш» демократик партияси марказий кенгаши раиси Алишер Қодиров фракция йиғилишида «Мактабгача таълим тўғрисида»ги қонуннинг 38-моддасини қайта кўриб чиқишни таклиф қилди. Унинг баёноти акс этган видеолавҳа 17 ноябрь куни партиянинг Telegram каналида жойлаштирилди.

Қонун бандларидан бирида болаларнинг қонуний вакиллари ўз фарзанди учун мактабгача таълим ва тарбия шаклларини ҳамда таълим олиш тилини танлаши мумкинлиги белгиланган.

Қодировнинг фикрича, болалар бошланғич таълим ва тарбияни давлат тилида олиши керак.

«Ҳозир, мана, «Мактабгача таълим тўғрисида»ги қонун, 38-модда — ота-оналар эркин танлаш ҳуқуқига эга. Эркин [ҳолда] ким танлаяпти, нимани танлаяпти? Бошқа тилни танлаяпти. Давлат сиёсати нима бўлади? Миллий қадриятларимиз, ўзимизнинг Ватанимизни яхши кўрадиган, ватанпарвар авлод етиштириш ҳақида гапиряпмизми?» — деди Қодиров.

У олий ўқув юртларида талабалар исталган тилда таҳсил олишлари мумкинлигини қайд этди. Бироқ, унинг фикрича, бошланғич таълимда тил танлаш ҳуқуқи берилмаслиги лозим.

«Бошқа миллатли ватандошимиз бўлса — марҳамат, унинг миллий тили, у танлашга ҳуқуқи бор. Лекин ота-онаси ўзбек бўлган одам бошқа тилни танлашга ҳуқуқ бермаслик керак! Миллий хавфсизлик нуқтаи назаридан қараш керак бунга, таълим-тарбия сиёсатимизни рўёбга чиқариши нуқтаи назаридан қараш керак», — деди Қодиров.

Депутат тилни йўқотиш маданиятни йўқотишга олиб келишини таъкидлади.

«Тилни бой бергандан кейин сертификатимиз ҳам бир тийин. Ҳар қанақа методологиямиз ҳам бир тийин! Тилдан бой берган боламизни биз ҳеч қачон ўзимизники қила олмаймиз. Бу миллий таҳдид эмасми?!» — дея савол қўйди Қодиров.

Унинг фикрича, ватандошлар «бошқа миллат вакилларига айлантирилмоқда».

«Тил йўқотганилганидан кейин маданият йўқотилади, билиб қўйинглар. Унга кейин ватанпарварликни хоҳлаганингизча ўқитинг — фойдаси йўқ. Ватанпарварлик сингдирилмайди. Ватанпарварлик онасининг сути билан бошланади, таълим-тарбия тизими билан маҳкамланади», — деди Қодиров.

Эслатиб ўтамиз, Конституциянинг 19-моддасига мувофиқ, Ўзбекистон Республикасининг барча фуқаролари бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, эътиқоди, ижтимоий келиб чиқиши ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенгдир.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.