Депутат ва сенатор сўровларига жавоб бериш тартибини бузган мансабдорлар бўйича Бош прокуратурага тақдимнома киритилади

Депутат ва сенатор сўровларига жавоб бериш тартибини бузган мансабдорлар бўйича Бош прокуратурага тақдимнома киритилади

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 17 ноябрь куни бўлиб ўтган ялпи мажлисида парламент сўрови институтининг таъсирчанлигини оширишга қаратилган қонун лойиҳаси кўриб чиқилиб, учта ўқишда қабул қилинди ва Сенатга юборилди.

Бир гуруҳ депутатлар ташаббуси билан ишлаб чиқилган мазкур ҳужжат юзасидан Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси аъзоси Азиза Аминова маъруза қилди.

Депутат ва сенатор сўровларига жавоб бериш тартибини бузган мансабдорлар бўйича Бош прокуратурага тақдимнома киритилади
Азиза Аминова. Фото: Қонунчилик палатаси

Маърузачининг таъкидлашича, ушбу қонун лойиҳаси президент Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил 29 декабрдаги Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида депутат сўровлари бўйича сусткашликка йўл қўйилган ҳолатлар юзасидан прокуратура органларига тақдимнома киритиш ҳақида илгари сурган ташаббуси асосида тайёрланган.

Шунингдек, ҳужжат 2022−2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини «Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили»да амалга оширишга оид давлат дастурида белгиланган вазифалар ижросини таъминлашга қаратилган.

Азиза Аминова амалдаги ҳолат таҳлилига тўхталар экан, давлат органлари мансабдор шахслари томонидан парламент сўровларига жавоб беришда белгиланган муддатлар бузилиши ва масъулиятсизлик ҳолатлари учраётганини рақамлар мисолида келтирди.

Хусусан, 2025 йилда Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан 160 та депутат сўрови юборилган бўлиб, улардан 96 тасига (60 фоизига) белгиланган муддатда, 64 тасига (40 фоизига) эса кечиктириб жавоб берилган. Бундан ташқари, мансабдор шахсларга юборилган сўровларнинг 95 тасига (59,4 фоизига) биринчи раҳбарлар эмас, балки уларнинг ўринбосарлари, 9 тасига эса қуйи бўғин раҳбарлари томонидан жавоб қайтарилган.

2026 йилнинг 1 ноябрь ҳолатига кўра эса депутатлар томонидан 53 та сўров юборилган. Таҳлилларга кўра, уларнинг 31 тасига белгиланган муддатда, 21 тасига кечиктирилиб жавоб берилган бўлса, 1 та сўровга белгиланган муддат ўтган бўлса-да, умуман жавоб берилмаган. Сенат томонидан эса 2025 йилда 155 та, 2026 йилнинг 1 ноябрь ҳолатига қадар 120 та сенатор сўрови юборилган.

Бугунги кунда депутат ва сенатор сўрови билан боғлиқ масалалар еттита қонун билан тартибга солинган. Қабул қилинган қонун билан «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Регламенти тўғрисида»ги (32−1-модда), «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Регламенти тўғрисида»ги (31−1-модда), «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатининг ва Сенати аъзосининг мақоми тўғрисида»ги (10-модда) ҳамда «Парламент назорати тўғрисида»ги (15-модда) қонунларга қўшимчалар киритилмоқда.

Унга кўра, давлат органларининг мансабдор шахслари томонидан депутат ёки сенатор сўровини кўриб чиқишнинг қонун ҳужжатларида белгиланган муддатлари ёки бошқа талаблари бузилган ҳолатлар аниқланган тақдирда, тегишли палата девонига айбдор шахсларни маъмурий жавобгарликка тортиш учун судга мурожаат қилиш ёки Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига тақдимнома киритиш ҳуқуқи берилмоқда.

Қайд этилишича, палата девонига судга мурожаат қилиш ҳуқуқи берилиши Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 283-моддаси 5-бандида белгилангани боис ушбу норма ўзгартиришсиз қолдирилиб, қонунларга Бош прокуратурага тақдимнома киритиш ҳуқуқи қўшимча равишда киритилди.

Шунингдек, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 193-моддасига депутатлик ва сенаторлик фаолиятининг кафолатларини бузиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларни маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этганлик учун жавобгарликни кучайтиришни назарда тутувчи қўшимча киритилмоқда.

«Қонун лойиҳасининг ишлаб чиқилиши ва тўлиқ ижобий ечимга қаратилган жавоб берилиши, энг аввало, давлат ҳокимияти вакиллик органларининг аҳоли олдида масъулиятини оширишга, фуқароларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда давлат идораларига бўлган ишончини мустаҳкамлашга, аҳолини қийнаётган муаммолар ўз вақтида аниқланиб, бартараф этилишига, депутатнинг сайловчилари олдидаги вакиллик ваколати амалий натижа беришига, ортиқча оворагарчилик ва асоссиз рад жавобларнинг олди олинишига хизмат қилади», — деди Азиза Аминова.

Маърузачи ҳужжатни тайёрлаш жараёнида 20 дан ортиқ хорижий давлатлар тажрибаси ўрганилганини қўшимча қилди. Қонун лойиҳаси биринчи ўқишда овозга қўйилганда депутатлар томонидан маъқулланди (бир нафар депутат қарши овоз берди).

Шундан сўнг масъул қўмита таклифига биноан ҳужжат иккинчи ва учинчи ўқишда ҳам кўриб чиқилиб, кўпчилик овоз билан қабул қилинди ва Сенатга юборилди.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.