Президент Шавкат Мирзиёевнинг маросим иштирокчиларига — улар орасида «БМТ Туризм» бош котиби Шайха Ал Новаис ва 45 дан ортиқ мамлакат вакиллари бор — йўллаган табригини Президент администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева ўқиб эшиттирди.
«Биз меҳмонларни яхши кўрамиз. Ҳар бир сайёҳ юртимизга ишонч, хонадонларимизга файз-барака дегани», — деб ёзди у ўзининг Telegram каналида.

Соҳанинг ўсиш суръати жаҳон иқтисодиётининг умумий ўсишидан юқори. 2025 йилда туризмнинг глобал ЯИМдаги улуши 11,6 трлн долларни ёки 9,8 фоизни ташкил этди. «Айни вақтда бу кўрсаткичлар замирида миллионлаб инсонлар, кичик ва ўрта бизнес вакилларининг меҳнати мужассам экани, оилалар фаровонлиги ва ёш авлоднинг орзу-интилишлари кўп жиҳатдан мазкур тармоқ ривожи билан боғлиқлигини ҳам таъкидлаш лозим», — дея таъкидлади президент.
Ўзбекистонда ҳам туризм иқтисодиёт учун стратегик аҳамиятга эга тармоққа айланди. 2026 йилнинг дастлабки 10 ойида Ўзбекистонга 11,6 миллион сайёҳ ташриф буюрди — бу 2025 йилнинг бутун давридаги кўрсаткич билан тенг. Туристик хизматлар экспорти 1,5 баробарга ўсиб, 6 млрд долларга етди. Соҳа ва унга туташ тармоқларда 1 миллионга яқин киши банд.
«Биз 2030 йилгача хорижлик туристлар сонини 20 миллион нафарга, туристик хизматлар экспортини 10 миллиард долларга, соҳада банд аҳолини 2 миллион нафарга, туризмнинг ялпи ички маҳсулотдаги улушини эса 7 фоизга етказишни мақсад қилганмиз», — дейилади табрикда.
«Ички туризмни ривожлантириш орқали соҳанинг инқирозларга бардошли бўлишини кучайтириш зарур деб ҳисоблаймиз», — деб қайд этди у.
Давлат раҳбари минтақавий ҳамкорликни чуқурлаштиришни муҳим масала деб атади: «Марказий Осиё тажрибаси қўшни мамлакатлар билан биргаликда ягона туристик макон сифатида ҳаракат қилиш орқали катта натижаларга эришиш мумкинлигини тасдиқламоқда».
«Глобаллашув — туризмнинг асосий кучи. Шу билан бирга, бу омил асрий анъаналар ва миллий қадриятларга кучли таъсир кўрсатаётгани ҳам ҳеч кимга сир эмас. Мамлакатларнинг миллийлиги ва этномаданиятини замонавий технологиялар билан уйғун ҳолда сақлашда туризм соҳасини энг самарали восита деб ҳисоблаймиз», — дейилади табрикда.
«Тараққиёт замонавийлик билан, келажак эса миллий қадриятларимиз билан барпо этилади», — дея урғулади Шавкат Мирзиёев.
Туризмни узоқ муддатли ривожлантириш учун у кейинги беш йилга мўлжалланган глобал ҳаракатлар режасини ишлаб чиқишни таклиф этди.
«Бундай дастур „БМТ Туризм“ ташкилоти етакчилигида давлатлар, халқаро ташкилотлар ва хусусий секторнинг имкониятларини бирлаштириб, аниқ натижаларга эришишга хизмат қилиши зарур», — дея таъкидлади давлат раҳбари.

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.