Gazeta экспертлар билан ушбу давлатлар Ўзбекистон учун айнан нимаси билан қизиқ экани, мамлакат ушбу минтақада қандай стратегик манфаатларни кўзлаётгани, шунингдек, Ўзбекистон дипломатиясининг Яқин Шарқ йўналиши қандай тўсиқларга дуч келаётгани ҳақида суҳбатлашди.
Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти бош илмий ходими Сарвар Камолов Яқин Шарққа ортиб бораётган эътибор жаҳон иқтисодиётидаги ўзгаришлар билан изоҳланишини таъкидлади. Халқаро савдо географияси ўзгармоқда, янги транспорт-логистика йўналишлари шаклланмоқда, инвестициялар, технологиялар ва бозорлар учун рақобат кучаймоқда.

Экспертлар иқтисодий ҳамкорликнинг устувор йўналишлари сифатида энергетика, нефть-кимё, ўта муҳим минералларни қазиб олиш ва қайта ишлаш, фармацевтика ва тўқимачилик саноати, қишлоқ хўжалиги, транспорт инфратузилмаси ҳамда рақамли иқтисодиётни қайд этмоқда.
«Бунда бизнинг вазифамиз нафақат товар айирбошлашни кўпайтириш, балки қўшма корхоналар ташкил этиш, ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш, технологиялар трансфери ва қўшилган қийматнинг янги занжирларини шакллантиришдан иборат», — дейди Камолов.
Стратегик ривожланиш агентлигининг илғор хорижий тажрибани ўрганиш сектори мудири Баҳодир Алиханов Ўзбекистон суверен инвестиция фондлари капитали ва хусусий инвестицияларни жалб этишдан манфаатдор эканини таъкидлади.
Унинг фикрича, Ўзбекистоннинг ўзи ҳам Яқин Шарқ давлатлари учун қизиқ. У уларнинг хорижий инвестицияларини диверсификация қилиш, озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлаш ҳамда Марказий Осиёнинг ресурс ва саноат салоҳиятидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилади.
Экспертлар транспорт боғлиқлигига алоҳида аҳамият бермоқда. Денгизга тўғридан тўғри чиқиш имконига эга бўлмаган Ўзбекистон учун халқаро портларга чиқиш йўлларини кенгайтириш ташқи савдони барқарор ривожлантиришнинг муҳим шарти ҳисобланади.
Алихановнинг фикрича, Маскат ва Амман билан яқинлашув Тошкентга Яқин Шарқдаги дипломатик иштироки географиясини кенгайтириб, ҳам Форс кўрфази давлатлари, ҳам Шарқий Ўрта денгиз мамлакатлари билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш имконини беради.
Ташқи сиёсий тадқиқотлар маркази эксперти Низомиддин Усманов ҳам бу фикрга қўшилади. У Ўмон ва Иордания билан стратегик шериклик ўрнатилиши нафақат икки томонлама ҳамкорликни чуқурлаштириш учун асос яратиши, балки Ўзбекистоннинг Яқин Шарқдаги позицияларини ҳам мустаҳкамлашини ҳисоблайди.
Камолов, шунингдек, бу Марказий Осиё ва араб давлатлари ўртасидаги алоқаларни кенгайтириш учун қўшимча имкониятлар яратишини таъкидлади.
Экспертлар Ўмоннинг асосий устунлиги сифатида унинг географик жойлашуви ва ривожланган порт инфратузилмасини кўрсатмоқда.
«Султонлик тор ва заиф Ҳурмуз бўғозини айланиб ўтган ҳолда халқаро денгиз савдо йўлларига чиқишни таъминловчи чуқур сувли портлар тармоғи — Суҳор, Дуқм ва Салолага эга», — деди Алиханов.
Ўмон портларидан фойдаланиш Ўзбекистон учун Арабистон яримороли, Жанубий Осиё ва Шарқий Африка бозорларига чиқишда қўшимча имкониятлар очади. Камолов ушбу контекстда «Ўзбекистон — Туркманистон — Эрон — Ўмон» мультимодал транспорт йўлагини ривожлантириш истиқболларини алоҳида ажратиб кўрсатмоқда.

Шу билан бирга, Алиханов Ўмоннинг инвестициявий салоҳиятига ҳам эътибор қаратмоқда, ташриф якунлари бўйича шакллантирилган 5 млрд долларли қўшма лойиҳалар портфели бундан далолат беради.
Экспертлар султонликнинг дипломатик тажрибасига алоҳида аҳамият бермоқда. Ўмон анъанавий равишда Ғарб ва араб давлатлари, шунингдек, Эрон билан конструктив муносабатларни сақлаб қолган ҳолда Яқин Шарқдаги турли куч марказлари ўртасида воситачи сифатида майдонга чиқади. Усмановнинг фикрича, бу сиёсий мулоқот учун қўшимча имкониятлар яратади.
Углеводородларнинг йирик захираларига эга бўлмаган Иордания ўнйилликлар давомида ўз қайта ишлаш саноатини ривожлантириб келди. Экспертлар унинг фармацевтика, кимё ишлаб чиқариши, тўқимачилик саноати, соғлиқни сақлаш, қишлоқ хўжалиги, таълим ва сув ресурсларини бошқариш соҳаларидаги салоҳиятини эътироф этмоқда.
Сарвар Камолов Иордания компанияларининг халқаро стандартларга мувофиқ дори воситаларини ишлаб чиқариш борасидаги тажрибасига эътибор қаратди, бу эса Ўзбекистонда фармацевтика ишлаб чиқаришини маҳаллийлаштириш учун замин яратади.

Баҳодир Алиханов қиролликнинг бошқа бир устунлиги — эркин савдо тўғрисидаги битимларнинг, жумладан, АҚШ ва ЕИ билан тузилган битимларнинг ривожланган тармоғини алоҳида қайд этади. Бу Иорданиядан «ўзбек хомашёси ва яримтайёр маҳсулотларини тайёр маҳсулотга айлантириш ҳамда кейинчалик имтиёзли шартларда учинчи давлатлар бозорларига чиқариш мумкин бўлган ишлаб чиқариш-экспорт майдончаси сифатида» фойдаланиш учун шароит яратади.
Бу борада Қизил денгиздаги Ақаба махсус иқтисодий зонаси ҳам, жумладан, қўшма ишлаб чиқаришлар ва савдо-логистика марказларини ташкил этиш нуқтаи назаридан қизиқиш уйғотади.
Низомиддин Усмановнинг фикрича, Иордания Ўзбекистон учун араб дунёси мамлакатлари билан ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда БМТ ва Ислом ҳамкорлик ташкилотида позицияларни мувофиқлаштиришда муҳим дипломатик канал бўлиб ҳам хизмат қилади.
«Гап қўшимча тузилмалар яратишдан кўра кўпроқ мавжуд ҳамкорлик механизмлари самарадорлигини ошириш ҳақида бормоқда», — дейди Камолов.
Хусусан, ҳукуматлараро комиссиялар, қўшма ишбилармонлик ва инвестиция кенгашлари, инвестиция платформалари ва тармоқ ишчи гуруҳлари фаолияти аниқ лойиҳаларни илгари суришга ҳамда давлат органлари ва ишбилармон доиралар ўртасида изчил ҳамкорликни таъминлашга йўналтирилиши керак.
Иқтисодий соҳада Усманов исломий молиялаштириш, қўшма инвестиция фондлари ва тадбиркорлик рискларини суғурталаш механизмларини ривожлантириш зарурлигини таъкидлади. Камолов, шунингдек, божхона ва сертификатлаш тартиб-таомилларини такомиллаштириш, маҳаллий маҳсулотларни савдо ваколатхоналари ва дистрибьюторлик тармоқлари орқали илгари суриш муҳим деб билади.
Дипломатик соҳада Камолов савдо, инвестициялар, энергетика, транспорт боғлиқлиги ва озиқ-овқат хавфсизлиги масалалари бўйича умумий кун тартибини шакллантириш имконини берувчи «Марказий Осиё — Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши» формати салоҳиятига эътибор қаратди.

Экспертлар, шунингдек, ташқи сиёсат идоралари, парламентлар, савдо-саноат палаталари, университетлар ва таҳлил марказлари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш зарурлигини қайд этмоқда.
«Экспертлик салоҳиятини мустаҳкамлаш, араб тилини ўрганишни ривожлантириш ҳамда минтақавий иқтисодиёт, сиёсат ва ишбилармонлик муҳитини чуқур биладиган мутахассисларни тайёрлаш зарур», — дея таъкидлади Камолов.
Шу билан бирга, Усмановнинг фикрича, минтақавий беқарорлик Ўзбекистоннинг Яқин Шарқдаги иқтисодий манфаатларини рўёбга чиқаришда қатор хавф-хатарларни юзага келтиради. Эрон атрофидаги вазиятнинг кескинлашуви транспорт-логистика йўналишларига салбий таъсир кўрсатиши, ташиш нархлари, суғурта ва транзит харажатларининг ошишига олиб келиши мумкин.
Бошқа хавф-хатарлар энергия ресурслари нархининг ошиши, етказиб бериш занжирларининг узилиши, инвестиция лойиҳаларини амалга оширишнинг секинлашуви ва ишбилармонлик фаоллигининг пасайиши билан боғлиқ.
«Айниқса, узоқ муддатли сармояларни назарда тутувчи транспорт, энергетика ва инфратузилма лойиҳалари заиф бўлиб қолиши мумкин», — деди Низомиддин Усманов.
Унинг баҳолашича, Фаластин-Исроил можаросининг давом этиши гуманитар вазиятни оғирлаштирмоқда ва минтақавий мулоқот учун қўшимча тўсиқлар яратмоқда. Бундай шароитда транспорт йўналишларини диверсификация қилиш, ташқи савдо барқарорлигини ошириш ва минтақанинг барча давлатлари билан мулоқотни сақлаб қолиш алоҳида аҳамият касб этади.
«Ўзбекистон тинч, барқарор ва иқтисодий жиҳатдан ўзаро боғланган Яқин Шарқдан манфаатдор, чунки ушбу минтақа хавфсизлиги Марказий Осиёнинг барқарор ривожланиши билан бевосита боғлиқ», — дея хулоса қилди Усманов.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.